Жиноятга айланган ҳуқуқбузарлик

Бизнинг халқимиз азалдан аёлларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб келган, ҳурматли Президентимизнинг “Аёлга бўлган ҳурмат-эътибор-бу аввало, оилага, жамият келажагига бўлган ҳурмат-эътибор ифодасидир” деган ғояси асосида юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфааатларини кафолатли ҳимоя қилиш, оилалар барқарорлигини таъминлаш, ижтимоий-сиёсий ҳаётда тўлақонли иштирок этишига эришиш уларни ҳаётдан рози қилишга қаратилган тарихий ислоҳатлар амалга оширилмоқда.

Бу борада, судлар томонидан маҳалла ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфааатларини кафолатли ҳимоя қилиш борасида тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Лекин, айрим ҳолларда эр-хотин ўртасида оилавий сабабларга кўра келишмовчиликлар учрамоқда.

Жумладан; Жиноят ишлари бўйича Элликқалъа туман судида жорий йил сентябрь ойида кўриб чиқилган жиноят иши мисолида кўришимиз мумкин. Иш тавфсилотларига кўра, А.Б исмли фуқаро, 2021 йил 6 май куни маст ҳолатида ўз турмуш ўртоғи В.А билан жанжаллашиб уни ҳақорат қилиб, унга тан жароҳати етказганлик ҳолати юзасидан, суриштирув ишларини олиб бораётган Элликқалъа туман ИИБ ҲПБ ТП профилактика инспекторидан маъмурий иш ҳужжатларини судга юбормасдан ҳал қилиб беришни сўраб, бунинг эвазига пора тариқасида 200 АҚШ доллари таклиф қилиб, таклиф қилинган поранинг 100 АҚШ долларини олдиндан, қолганини иш ҳал бўлганидан кейин беришини айтиб, 2021 йил 18 май куни профилактика инспекторининг хизмат хонасида 100 АҚШ долларини пора тариқасида берган вақтида тезкор ходимлар томонидан ашёвий далил билан ушланган.

Мазкур ҳолатлардан кўриниб турганидек, оилавий келишмовчиликлардан келиб чиққан ҳуқуқбузарликни ўзича ҳал қилмоқчи бўлган А.Б. исмли фуқаро, жиноят содир қилган шахс сифатида қонун олдида тегишли жазосини олди.

Шу каби жиноятларнинг келиб чиқишининг олдини олиш, оилаларнинг тинчлигини сақлаш ҳар биримизнинг вазифамиз бўлиши лозим.

 

Жиноят ишлари бўйича

Элликқалъа туман суди раиси    Оразбай Мауленов