Суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари

Мамлакатимизда судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, малакали кадрларни танлаш, судьялик касбига тайёрлаш ва тайинлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил
07 декабрдаги «Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан судьялар мустақиллигини таъминлаш ва суд тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича:

судьяларнинг одил судловни амалга ошириш бўйича касбий фаолиятини ҳар қандай кўринишдаги ташқи таъсирлардан самарали муҳофаза қилишни таъминлайдиган ҳуқуқий механизмларни яратиш;

судьяликка кадрларни танлаш, тайёрлаш, лавозимга тайинлаш, шунингдек, судьялар фаолиятини баҳолашда холислик ва шаффофликни таъминлаш, ушбу жараёнларга замонавий ахборот технологияларини изчил жорий қилиш;

судьялар ва суд аппарати ходимлари орасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва барвақт аниқлашга қаратилган тизимни йўлга қўйиш ҳамда суд тизимида аниқланган ҳар қандай коррупциявий ҳаракатни муросасиз ҳолат деб баҳолаш;

судьяларнинг касбий малакаси, маънавияти ва масъулиятини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш орқали юксак профессионал судьялар корпусини шакллантириш каби давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланди.

Мазкур Фармон билан судьяларнинг юридик жавобгарлиги масаласини ҳал этиш пайтида уларнинг одил судлов билан боғлиқ фаолиятига ҳар қандай аралашувнинг олдини олиш мақсадида 2021 йилдан бошлаб судьяларнинг дахлсизлигини бузганлик ва одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашганлик ҳолатлари юзасидан Судьялар Олий Кенгаши раиси томонидан киритилган тақдимнома прокуратура органлари томонидан бир ой муддатда кўриб чиқилиб, жиноят иши қўзғатилганлиги ёки қўзғатиш рад этилганлиги ҳақида Кенгашга Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан хабар берилиши;

судьяларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга гувоҳ ёки гумон қилинувчи сифатида сўроқ қилиш учун чақиришга тегишли малака ҳайъатлари розилиги билан йўл қўйилиши;

суд ҳокимияти мустақиллигини ва судьялар дахлсизлигини таъминлаш, одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар ва тизимда коррупцияга қарши курашиш ҳолати юзасидан Кенгаш раиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентига йил якуни бўйича ахборот тақдим этиб борилиши белгиланди.

Шу ўринда шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, Ўзбекистон Республикасининг «Судлар тўғрисида»ги Қонуни 2021 йилнинг 28 июль куни янги таҳрирда қабул қилинган ва юқоридаги нормалар Қонуннинг 64-моддасида ўз аксини топган.

Бундан ташқари, Фармонга мувофиқ, Судьялар Олий Кенгашининг судларда коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни тизимли равишда бартараф қилиш ва унга қарши курашиш самарадорлигини ошириш борасидаги бир қанча таклифлари маъқулланди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган, фаолиятини доимий асосда амалга оширадиган Кенгаш раисининг ўринбосари лавозимини жорий қилиш;

Судьялар дахлсизлигини таъминлаш бўйича суд инспекцияси негизида Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекциясини тузиш;

Оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш шўъбаси негизида матбуот хизмати ва биринчи бўлим, шунингдек ижро аппарати негизида ахборот-таҳлил, мурожаатлар билан ишлаш, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш тузилмалари ҳамда архив ва девонхона ташкил этиш;

судьяларнинг одил судловни амалга оширишдаги фаолиятини рағбатлантиришни йўлга қўйиш, «Ибратли судья» мукофотини, одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб пенсияга чиққан судьялар учун «Суд фахрийси» кўкрак нишонини жорий этиш;

Кенгаш ҳузурида амалдаги моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш бўйича тавсиявий характерга эга бўлган маслаҳатлар ҳамда судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидаларини муайян вазиятларда қўлланилиши юзасидан сўровларига тушунтиришлар бериш ваколатига эга бўлган жамоатчилик асосида фаолият юритувчи Судьялар клубини ташкил этиш шулар жумласидандир.

Бугунги кунда, мазкур Фармонда белгиланган вазифалар ижроси таъминланиб келмоқда.

Жумладан, Судьялар Олий Кенгашининг 2021 йилнинг 12 кунги қарори билан «Ибратли судья» мукофоти ҳамда «Суд фахрийси» кўкрак нишони таъсис этилди.

 

 

Қорақалпоғистон Республикаси

судининг иқтисодий ишлари

бўйича судьяси                            Гулистан Ешназарова