ГИЁҲВАНДЛИК — ЖАМИЯТГА ТАҲДИД: ҚОНУН МУҚАРРАР ЖАЗОНИ ТАЪМИНЛАЙДИ
Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласи жамият хавфсизлиги, аҳоли саломатлиги ҳамда ёшлар тарбиясига жиддий таҳдид солувчи ўта оғир жиноятлардан ҳисобланади. Бундай қилмишлар нафақат алоҳида шахс, балки бутун жамият барқарорлигига салбий таъсир кўрсатади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар учун қатъий жавобгарлик белгиланган бўлиб, хусусан, Кодекснинг 270–276-моддаларида тақиқланган экинларни етиштиришдан тортиб, гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш, сақлаш, ташиш, ўтказиш ҳамда уларни истеъмол қилишга жалб этиш каби барча ноқонуний ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган.
Суд амалиётида мазкур тоифадаги ишлар қонунийлик, адолат ва жазонинг муқаррарлиги принциплари асосида кўриб чиқилиб, жамият манфаатларини ҳимоя қилиш устувор вазифа сифатида таъминланмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанцияси томонидан очиқ суд мажлисида судланган И.С.га нисбатан жиноят иши тафтиш тартибида кўриб чиқилди.
Иш материалларига кўра, И.С. 2024 йил 4 май куни тезкор тадбир давомида шартли харидорга гиёҳвандлик воситаси — опийни пул эвазига сотиш вақтида жиноят устида ушланган. Шунингдек, у ўз яшаш манзилида яна гиёҳвандлик воситаларини сақлаганлиги аниқланиб, уларни ихтиёрий равишда тақдим этган.
Суд-кимёвий экспертизалар хулосаларига кўра, ушбу моддалар таркибида морфин, кодеин ва тебаин каби фаол гиёҳванд моддалар мавжудлиги тасдиқланган.
Биринчи инстанция суди томонидан И.С.нинг ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми ҳамда 25,273-моддаси 5-қисми билан тўғри квалификация қилиниб, унга нисбатан узил-кесил 10 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Апелляция инстанцияси томонидан мазкур ҳукм ўзгаришсиз қолдирилган.
Шундан сўнг, судланган И.С. тафтиш тартибида шикоят бериб, ўз айбини қисман инкор этган ҳолда жазони енгиллаштиришни сўраган.
Бироқ судлов ҳайъати иш материалларини ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўрганиб чиқиб, биринчи ва апелляция инстанциялари қарорлари қонуний ва асосли эканлигига ишонч ҳосил қилди.
Жумладан:
- айбдорнинг кўрсатмалари,
- тезкор тадбир баённомалари,
- ашёвий далиллар,
- суд-кимёвий экспертиза хулосалари
каби далиллар йиғиндиси унинг айбини тўлиқ тасдиқлаган.
Суд, шунингдек, жазо тайинлашда айбдорнинг шахси, оилавий аҳволи ва пушаймонлиги каби енгиллаштирувчи ҳолатларни инобатга олган ҳолда, унга нисбатан адолатли жазо тайинланганини қайд этди.
Шу асосда тафтиш инстанцияси томонидан суд қарорларини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун ҳуқуқий асослар мавжуд эмаслиги аниқланди.
Суд томонидан мазкур иш юзасидан қабул қилинган қарор қонун устуворлиги, адолат ва жазонинг муқаррарлиги принципларининг амалий ифодасидир.
Гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлар жамият учун ўта хавфли эканлиги сабабли, бундай қилмишларга нисбатан муросасиз кураш олиб бориш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.
Ҳар бир шахс шуни англаши лозимки, гиёҳвандлик билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатлар оғир ҳуқуқий оқибатларга олиб келади ва қонун олдида жавобгарлик муқаррардир.
Судлар эса бундай жиноятларга нисбатан қатъий ва адолатли қарорлар қабул қилиш орқали жамиятда қонун устуворлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Хамра БЕРДИКЛИЧЕВ,
Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси






