ОЛИЙ СУД ПЛЕНУМИ ҚАРОРЛАРИ – АМАЛИЁТДА

Амударё туман суди биносида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг яқинда қабул қилинган муҳим қарорлари мазмун-моҳиятини ўрганишга бағишланган ўқув-семинари бўлиб ўтди. Тадбирда судялар, давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари иштирок этиб, суд амалиётига татбиқ этилаётган янгиликлар юзасидан фикр алмашдилар.

 

Семинарнинг асосий мақсади – Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2025 йил 24 ноябрдаги “Судлар томонидан шахсий номулкий ҳуқуқлар ва бошқа номоддий неъматларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни қўллаш амалиёти ҳақида”ги 21-сонли, “Жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги қарорга ўзгартириш киритиш ҳақида”ги 22-сонли ҳамда айрим Пленум қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги 23-сонли қарорларининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка ва ижрочиларга етказишдан иборат бўлди.

 

Тадбирда сўзга чиққан Жиноят ишлари бўйича Амударё туман судининг раиси Жасурбек Балтабаев таъкидлаганидек, Олий суд Пленумининг 22-сонли қарори билан жазо тайинлашда мутаносиблик принципига асосланиш ва ҳуқуқий таъсир чоралари қонунда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги белгиланган. Шунингдек, эндиликда шахсни ўта хавфли ресидивист деб топишда нафақат Ўзбекистон, балки бошқа давлат судларининг ҳукмлари ҳам ҳисобга олиниши мумкин. Қолаверса, Қарор билан жазо тайинлашнинг ўзига хос тартиблари киритилмоқда. Эндиликда судларга жиноят содир этган вояга етмаганларга нисбатан жазо ўрнига кўпроқ мажбурлов чораларини қўллаш тавсия этилади.

 

Фуқаролик ишлари бўйича Амударё туман суди раиси Адилбек Сейтназаров интернет тармоғида шаън ва қадр-қимматни камситувчи маълумотлар тарқатилганда қўлланиладиган чоралар ҳақида тушунтириш берди. Агар ижтимоий тармоқларда шахс ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар тарқатилса, жабрланувчи нафақат раддия беришни, балки ушбу маълумотларни ўчириб ташлаш, қидирув тизимларидан олиб ташлаш ҳамда маънавий зарарни ундиришни талаб қилиши мумкин. Эътиборли жиҳати шундаки, тарқатилган маълумотнинг ҳақиқатга тўғри келишини исботлаш мажбурияти эндиликда маълумотни тарқатган жавобгар зиммасига юклатилади.

 

Семинар давомида фуқаролик ишлари бўйича Амударё туман судининг судяси Муҳаббат Кайпова Пленумнинг 22- ва 23-сонли қарорлари билан амалдаги қонунчиликка киритилган ўзгартиришларга эътибор қаратди. У ўз нутқида кредит муносабатлари ва жазо тайинлаш амалиётидаги янгиликларни шарҳлаб берди.

 

Қайд қилинганидек, Пленумнинг 23-сонли қарори билан кредит шартномалари бўйича низоларни ҳал қилишда адолатли ёндашув белгиланди. Хусусан, агар қарз олувчи кредитни қайтариш муддатини бузса, банк дарҳол кредитнинг қолган барча қисмини ундиришни талаб қила олмайди. Дастлаб муддати ўтган қисмни ундириш чоралари кўрилиши керак. Фақат шундан кейингина, натижа бўлмаса, кредитнинг тўлиқ суммасини муддатидан олдин ундириш масаласи қўйилиши мумкин. Бу фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим кафолатдир.

 

Шунингдек, судя Муҳаббат Кайпова жиноят ишлари бўйича жазо тайинлашдаги ўзгаришларга ҳам тўхталди. 22-сонли Пленум қарорига кўра, Конституциямизнинг 20-моддасига асосан, шахсга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши шарт. Судларга вояга етмаганларга нисбатан жазо ўрнига мажбурлов чораларини кенгроқ қўллаш тавсия этилмоқда. Яна бир муҳим жиҳат: жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материалларни интернетда тарқатган шахсларга озодликни чеклаш жазоси тайинланганда, уларга Интернетдан фойдаланишни тақиқлаш каби қўшимча чекловлар белгиланиши мумкинлиги тушунтирилди.

 

Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга судялардан батафсил жавоб олдилар. Ушбу Пленум қарорларининг амалиётга тўғри татбиқ этилиши фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилиши таъкидланди.