ҚАРЗ ШАРТНОМАСИ: ҲУҚУҚИЙ САВОДХОНЛИК НИЗОЛАРДАН АСРАЙДИ

 

Бугунги кунда судларда қарз ундириш билан боғлиқ ишлар тобора кўпайиб бораётгани кузатилмоқда. Аксарият ҳолларда фуқаролар қарз бериш ёки олиш жараёнида ҳуқуқий талабларга эмас, балки оддий тилхатга таянади. Аммо шундан келиб чиқиб, кейинчалик турли низолар юзага келади. Ҳаммамизга маълумки, қонунни билмаслик жавобгарликдан озод қилмайди. Шунинг учун ҳар бир фуқаро ҳуқуқий муносабатга киришишдан олдин, ўзининг амалга оширмоқчи бўлаётган ҳаракатлари ҳақида етарли ҳуқуқий тушунчага эга бўлиши зарур.

 

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида қарз шартномасининг турлари, шартлари, қарз олувчининг қарзни қайтариш мажбуриятлари, қарз шартномаси шартлари бузилганда келиб чиқадиган оқибатлар ҳамда бундай шартномалар юзасидан низолашиш тартиблари аниқ белгилаб қўйилган. Кодексга кўра, қарз шартномаси деганда бир тараф – қарз берувчи иккинчи тарафга – қарз олувчига пул ёки мол-мулк топширади ва қарз олувчи белгиланган муддатда шу миқдордаги пул ёки мол-мулкни қайтариш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Шартнома қарздор амалий равишда маблағ ёки мол-мулкни олган пайтдан кучга киради. Агар қарз суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан кўп бўлса, фуқаролар ўртасидаги шартнома албатта ёзма шаклда тузилиши шарт. Тарафлардан бири юридик шахс бўлса, суммага қарамасдан шартнома ёзма равишда расмийлаштирилиши лозим. Кўпинча халқ орасида тилхат ёзиш билан чекланилади ва судга даъво аризалари шу тилхат асосида киритилади. Аслида эса тилхат ҳам ёзма шартнома сифатида ҳуқуқий кучга эга.

 

 

Бироқ ёзма шаклга риоя қилинмаса, бу шартномани ҳақиқий эмас, деб топиш учун асос бўлмайди. Лекин низо келиб чиқса, тарафлар гувоҳлар кўрсатмаси билан эмас, балки ёзма далиллар ёрдамида шартнома мавжудлигини ёки унинг бажарилганлигини исботлаши мумкин. Масалан, агар қарзни бўлиб-бўлиб қайтариш назарда тутилган бўлса ва қарздор белгиланган тўлов муддатини бузса, қарз берувчи қолган қарзнинг барчасини фоизи билан бирга муддатидан олдин қайтаришни талаб қилишга ҳақли. Шунингдек, қарздор аслида пул ёки мол-мулкни олмаганини ёки шартномада кўрсатилганидан кам миқдорда олганини исботласа, даъво қила олади.

 

 

Амалиётда энг кўп учрайдиган ҳолат – қарздор қарзини қайтарса-да, олдин ёзган тилхатини қарз берувчидан қайтариб олмагани. Бу эса кейинчалик катта муаммоларга сабаб бўлиши мумкин, чунки гувоҳларнинг кўрсатмаси билан қарз қайтарилганини исботлаб бўлмайди. Шунинг учун қарздор қарзни қайтарганда қарз берувчидан албатта тилхат ёки қайтарилган ҳужжатни талаб қилиши шарт. Қонунга кўра, қарз берувчи қарздорнинг талабига биноан қарз қайтарилганини тасдиқловчи тилхат бериши керак ёки аввал ёзилган тилхатни қайтариши зарур. Агар қайтаришнинг имкони бўлмаса, бу ҳолат қарз берувчи томонидан берилган янги тилхатда албатта кўрсатилиши шарт.

 

Суд амалиётидан олинган мисолда ҳам даъвогар Р.К. жавобгар К.Ғ.дан 10.000.000 сўм қарз ундириш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилган. Суд мажлисида жавобгар К.Ғ. даъвогар Р.К.дан олган қарзини тўлиқ қайтариб берганлигини, буни гувоҳ С.К. тасдиқлашини билдирган. Бироқ жавобгар К.Ғ. қарз берувчи Р.К.дан ўзининг қарз олган вақтида ёзиб берган тилхатини қайтариб олмаган ёки қарз берувчи Р.К.дан қарзини қайтариб олганлиги ҳақида тилхат ёздириб олмаган. Суд мажлисида қарздор қарзини қайтарганини айтса-да, тилхатни қайтариб олмагани учун гувоҳ кўрсатмаси етарли деб топилмаган. Натижада қарздорнинг ҳуқуқий имкониятлари чекланган.

 

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳар бир фуқаро қарз олиш ёки беришда қонун талабларига амал қилиши шарт. Ёзма шартнома тузиш, тилхат ёзиш ва қарз қайтарилганда тегишли ҳужжатни қайтариб олиш – бу нафақат ҳуқуқий талаб, балки низоларнинг олдини олишнинг энг самарали йўлидир.

 

 

Зулфия БАБАДЖАНОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси