Судларда инвестициявий низолар янги тартибда ҳал этилади
Инвестицияга оид низоларни ҳал қилиш бӯйича суд тизимини такомиллаштириш ҳамда инвесторлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида Президентимизнинг 2020 йил 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир кӯшимча чора-тадбирлар тӯғрисида»ги ПФ-6034-сонли Фармонида фуқароларнинг одил судловга бўлган ҳуқуқини амалда таъминлаш билан боғлиқ долзарб муаммоларга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, судларда инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ўз вақтида ва самарали ҳимоя қилиш белгиланган.
2021 йил 12 январда «Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун қабул қилиниб, унга кӯра Иқтисодий процессуал кодексига иқтисодиёт соҳасида инвесторлар ҳамда давлат органлари ўртасидаги инвестициявий шартномалардан келиб чиқадиган низолар бўйича ва рақобатга оид ишларни тааллуқлилиги ва тегишлилигига оид нормалар киритилди.
Жумладан, йирик инвестор ва рақобатга оид ишлар бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра, ушбу тоифадаги ишлар Олий суднинг инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркиби томонидан кўрилиши, қолган инвестициявий низолар инвесторларнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар суди томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши белгиланди.
Шу билан бирга, Иқтисодий процессуал кодексига янги 301-модда киритилиб, унга кўра инвестициявий низолар бўйича ишлар жумласига инвестиция шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ низолар; инвестиция шартномаларини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги низолар; инвестиция шартномасининг бажарилиши билан боғлиқ низолар; инвестиция шартномасидан келиб чиқадиган солиқ, божхона, ижтимоий, экологик ва бошқа мажбуриятларнинг инвестор томонидан бажарилиши билан боғлиқ низолар; инвестиция шартномаси бўйича инвесторга берилган мол-мулкни талаб қилиб олиш ёки бундай шартнома бўйича неустойка ундириш ва (ёки) зарарлар ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар киритилган.
Шунингдек, ушбу кодекс яна 302-модда билан тўлдирилиб, мазкур янги модда юридик шахслар, шу жумладан, чет эл юридик шахслари, хўжалик бошқаруви органлари, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда монополияга қарши органлар ўртасида товар ва молия бозорларида рақобат соҳасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган низолар рақобатга оид ишлар жумласига кириши ҳақидаги нормалардан иборат.
Хулоса қилиб айтганда инвесторлар, шу жумладан, чет эл инвесторларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш механизмининг такомиллашиши, инвестициявий низолар тез ва самарали ҳал қилинишига, ягона суд амалиёти таъминланишига кўмаклашади.
Рустам Курбанбаев,
Беруний туманлараро иқтисодий суди раиси