ЭКОЛОГИЯ СОҲАСИ: МУАММО ВА ЕЧИМЛАР
Глобал дунёда кузатилаётганидек, мамлакатимизда ҳам экология билан боғлиқ муаммолар долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу муаммоларни бартараф этиш учун, бир томондан, иқтисодий аҳволни изчил яхшилаш зарур бўлса, иккинчи томондан, халқимиз орасида азалдан мавжуд бўлган экологик маданиятни тиклаш, тарихий тажрибани чуқур ўрганиш ва унинг замонавий шароитдаги қўлланиш имкониятларини излаб топиш талаб этилади.
Инсон фаолияти натижасида биосферадаги ўзгаришлар жуда тез кечмоқда. Инсониятнинг табиатга кучайиб бораётган таъсири ХХ аср ўрталарида экологик муаммоларнинг кескинлашувига сабаб бўлди. Бинобарин, бу муаммоларнинг асосий манбаи инсоннинг табиат билан номувофиқ муносабатидир.
Цивилизация ривожланиши билан инсоннинг табиатга таъсири янада чуқурлашиб, аҳвол ёмонлашмоқда. Бугунги кунда ибтидоий, соф табиат ҳақида гапириш қийин. Ер юзидаги кўплаб ўрмонлар кесиб ташланган, катта ҳудудлар деҳқончиликка мослаштирилган, доривор ва кимёвий ўғитлар билан ишлов берилган, атмосфера ҳавоси ва табиат турли чиқиндилар ҳамда газлар билан ифлосланган.
Бундан ташқари, сўнгги йилларда табиатда тошқинлар, ўрмон ёнғинлари, чанг бўронлари ва бошқа табиий офатлар тез-тез ва катта кўламда содир бўлмоқда. Бу ҳолатлар атроф муҳитнинг табиий мувозанатига жиддий путур етказмоқда.
Дунё миқёсида кузатилаётган табиий ва антропоген ҳодисалар умумбашарий экологик муаммолар сифатида баҳоланади. Улар қаторига атмосферанинг димиқиши, озон қатламининг сийраклашиши, чучук сув ресурсларининг тақчиллиги, флора ва фауна турларининг қисқариши, ерга ишлов беришда заҳарли кимёвий моддалардан фойдаланиш каби масалалар киради.
Ўзбекистон йирик саноат ва аграр мамлакат сифатида келгусида машинасозлик, энергетика, кимё, озиқ-овқат саноати ҳамда транспорт соҳаларини янада ривожлантиришни мақсад қилган. Бироқ бу соҳаларнинг ривожланиши табиий экотизим ҳолатига маълум даражада салбий таъсир кўрсатиши табиий ҳолатдир.
Мутахассислар фикрича, бугунги кунда мамлакатимизда долзарб бўлиб турган асосий экологик муаммолар қуйидагилардан иборат:
-
Саноат мажмуалари таъсири. Ангрен, Олмалиқ, Чирчиқ, Фарғона, Марғилон, Навоий ва бошқа ҳудудларда жойлашган йирик саноат марказлари чиқарган турли газ ва чиқиндилар атмосфера ҳавоси ва атроф муҳитни ифлослантирмоқда.
-
Агросаноат соҳасидаги экологик муаммолар. Ерга ишлов бериш жараёнида минерал ўғитлар ва пестицидлардан ортиқча фойдаланиш тупроқ ва сув ресурсларига салбий таъсир кўрсатмоқда.
-
Сувларнинг ифлосланиши. Саноат чиқиндилари ва заҳарли моддалар сув манбаларига тушиши натижасида ичимлик суви сифати пасаймоқда.
-
Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш. Қўриқхоналар ва миллий боғлар фаолиятини кенгайтириш, биохилма-хилликни сақлаш масалалари ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг табиатни муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича асосий стратегик мақсадлари қуйидагилардан иборат:
-
аҳолининг соғлом турмуш шароитини таъминлаш ва биосферавий мувозанатни сақлаш;
-
ижтимоий-иқтисодий ривожланиш барқарорлигини таъминлаган ҳолда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, қайта тикланадиган ресурслар ишлаб чиқариш ва истеъмол жараёнларининг мувозанатини таъминлаш;
-
табиатнинг қайта тикланиш қобилиятини сақлаш ва ривожлантириш;
-
табиий турлар, уларнинг генофонди ҳамда ландшафт хилма-хиллигини муҳофаза қилиш;
-
Орол денгизи билан боғлиқ экологик фалокат оқибатларини юмшатиш ва мазкур ҳудуддаги ҳаёт шароитини яхшилаш.
Ҳозирги кунда юртимиз дашт ва боғ-роғларида сут эмизувчи ҳайвонлар ҳамда қушлар сони камайиб бормоқда. Қуриган майдонларда кемирувчилар кўпайиб, турли хасталикларни тарқатмоқда. Бу эса экотизимнинг янада издан чиқишига олиб келади.
Биз, инсонлар, табиат билан чамбарчас боғлангандирмиз. Ундан айри ҳолда ҳаётни тасаввур этиб бўлмайди. Шу боис, ҳар биримиз табиатни асраб-авайлаш, табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш, сув ва ҳавони тежаб ишлатиш ҳамда атроф муҳит мусаффолиги ҳақида доимо ғамхўрлик қилишимиз лозим.
Рашид МАТКУРБАНОВ,
Жиноят ишлари бўйича Қораўзак туман суди тергов судьяси