ЯНГИЛАНГАН КОНСТИТУЦИЯДА МУЛК ҲУҚУҚИ КАФОЛАТЛАРИ
Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли.
Ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 41-модда
Маълумки, жамиятнинг иқтисодий негизини мулк ташкил этади. Шунингдек, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий тузилиши ҳам мулк билан, мулкнинг кимларга тегишли эканлиги билан белгиланади. Мулксиз ижтимоий муносабатларни ривожлантириш, мамлакатда халқ фаровонлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш имконсиз. Сўнгги йиллар давомида юртимизда хусусий мулк устуворлигини таъминлаш ва ҳамда унинг ҳуқуқий муҳофазасини кучайтиришга оид бир қатор қонунлар қабул қилинди.
Хусусан, мулкий ҳуқуқларнинг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда давлат органларининг мулкий муносабатларга ноқонуний аралашувини чеклаш, хусусий мулк дахлсизлиги ва ҳимояси кафолатларини кучайтириш, мулкий, шу жумладан ер участкасига бўлган ҳуқуқларни сўзсиз таъминлаш, хусусий мулк устуворлигини асосий тамойил сифатида белгилаш, давлат идорасининг расмий маълумотига ишониб мол-мулк сотиб олган шахснинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш тизимини жорий этиш шулар жумласидандир.
Юртимизда сўнгги йилларда тадбиркорлар ҳуқуқлари янада кенг ҳимоя қилинаётгани ҳам бежиз эмас. Соҳа эгаларининг ҳуқуқий ҳимояси кучайтирилаётгани, уларга кўплаб имтиёз ва енгилликлар берилаётгани уларни руҳлантирибгина қолмай, иқтисодиётимизнинг ривожи, халқимиз фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тан олиш керак, хусусий мулкни ҳимоя қилиш соҳасидаги амалга оширилган ислоҳотлар ва кўрилаётган чораларга қарамасдан хусусий мулк дахлсизлиги билан боғлиқ муаммо ва низолар мавжуд эди. Хусусан, давлат органи мансабдор шахснинг ноқонуний қарори асосида хусусий мулкни “снос” шаклида олиб қўйиши, мулкдорга етказилган зарарни қопламаслиги, асоссиз важлар билан кўчмас мол-мулкни бузиш кабилар мулкдорларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганди.
Ўзбекистон учун муҳим сиёсий ҳужжат ҳисобланган янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 41-моддасига кўра, энди “Ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланади”, деб белгилаб қўйилган.
Конституциямизга ушбу модданинг киритилгани аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, юртимизда тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш, мулкчилик муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлаш, хусусий мулкнинг дахлсизлигини кучайтиришга катта туртки бўлди. Фуқароларнинг мулки билан боғлиқ муносабатларнинг ҳуқуқий жиҳати, аҳолининг уй-жойга бўлган ҳуқуқлари дахлсизлигини кафолатлаш билан боғлиқ нормалар конституция орқали мустаҳкамлаб қўйилди ва судларда уларнинг ҳимояси ҳамда дахлсизлигини таъминлаш мустаҳкамланди.
Бунда уй-жой мулкдорларига нисбатан 2 турдаги муҳим конституциявий кафолат белгиланди: суд кафолати ва уй-жойдан маҳрум этилганда компенсация олиш кафолати. Суд кафолати уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқи суд қарорисиз маҳрум этилишига йўл қўйилмаслигини англатади. Бунда суд томонидан мулк ҳуқуқини бекор бўлишига сабаб бўлувчи ҳолатлар амалдаги қонун ҳужжатлари асосида объектив тарзда кўриб чиқилади. Албатта, мазкур тартиб мулкдор ҳар қандай ҳолатда асоссиз равишда мулк ҳуқуқидан маҳрум этилмаслигини кафолатлайди.
Иккинчи кафолат, яъни уй-жойдан маҳрум этилганда компенсация олиш кафолати мулкдор иқтисодий манфаатлари ҳимоясига йўналтирилгани билан эътиборга молик. Мазкур норма қонунда белгиланган ҳолларда ва тартибда уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорни шу уй-жой ва етказилган зарар учун тенг қийматда компенсация олишини кафолатлайди.
Жумладан, Конституцияда илк маротаба ер хусусий мулк бўлиши мумкинлиги назарда тутилди. Ушбу норма асосий қонундаги ҳақиқий инқилобий янгиликлардан бири сифатида мулкчилик муносабатларидаги бўшлиқни тўлдирди.
Бундан ташқари, суд орқали хусусий мулк ҳимояси ва дахлсизлигини таъминлаш мақсадида хусусий мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини бевосита ёки билвосита чеклашни назарда тутувчи, мулкий муносабатларда бозор иқтисодиёти тамойилларини тўлиқ жорий этишга тўсқинлик қилувчи тартиблар, талаблар ва чекловлар бекор қилинди.
Хусусан, ер участкаларига бўлган ҳуқуқнинг вужудга келиши учун асос бўлган ҳужжатларни, шу жумладан Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатларини уларнинг ўзи ёки юқори турувчи орган ва мансабдор шахслар томонидан, хусусан прокурор протести асосида бекор қилиш йўли билан ер участкасига бўлган ҳуқуқни тугатиш амалиётига чек қўйилди. Ушбу ҳужжатлар фақат суд томонидан бекор қилиниши ёки ҳақиқий эмас деб топилиши белгиланди.
Мулк дахлсизлиги ҳар кимнинг ўз бойликларига эгалик қилиш, фойдаланиш ва бошқариш ҳуқуқига эга эканидир. Бу ҳуқуқ одамларга ўз мулкидан қандай фойдаланишни эркин танлаш имконини беради ва қонун олдида тенгликни яратади. Конституциямизнинг 66-моддасида таъкидланганидек, “Мулкдор ўзига тегишли бўлган мол-мулкка ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мол-мулкдан фойдаланиш атроф-муҳитга зарар етказмаслиги, бошқа шахсларнинг, жамият ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонуний манфаатларини бузмаслиги керак».
Бугун мулкдор ва тадбиркорлар нимага ишонади? Улар қачонки, ўз мулки ишончли ҳимоя қилинишига ишонсагина инвестиция киритади, бизнесини ривожлантиришга бор вужуди билан ҳаракат қилади. Бу ишончнинг мустаҳкамлиги эса белгиланган қонунларнинг қатъий белгиланган тартибда ишлашига боғлиқ. Бундан ҳам мулкдор, ҳам давлат иқтисодиёти ривожланади.
Умуман олганда, Конституцияда мулкдорларнинг мулк дахлсизлиги тамойилларининг мустаҳкамлангани уларнинг мол-мулкига ўзбошимчалик билан қонунга хилоф равишда тортиб олиш ва улардан фойдаланиш ҳолатларидан ҳимоя қилинишини таъминлайди. Бу мулкдорларнинг ўз мулкига эгалик қилишлари ва улардан фойдаланишлари учун замин яратиб, давлатга бўлган ишончларини мустаҳкамлайди.
Саёра АЙТНИЯЗОВА,
фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро суди судьяси