ТЎРТКЎЛ ЖАМОАТ САЛОМАТЛИГИ ТЕХНИКУМИ ЖАМОАСИНИНГ ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРНИНГ БИРИДА ЭЪЛОН ҚИЛИНГАН МУРОЖААТИ ЮЗАСИДАН

 

Тўрткўл Абу Али Ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми жамоаси мазкур ҳал қилув қароридан норозилиги, иш бир томонлама кўриб чиқилгани, судьялардан норозилигини билдирган.

 

Фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро судининг 2024 йил 5 апрелдаги ҳал қилув қарорига мувофиқ Ўқув ишлаб чиқариш амалиёти бўйича директор ўринбосари Ж.Абдуллаевнинг даъво аризаси қаноатлантирилган. Бунда суд тарафларнинг тушунтиришларини тинглаб, иш ҳужжатларини ҳар томонлама ўрганиб чиқиб, ишдаги далилларга таянган ҳолда шундай тўхтамга келган.

 

Техникум жамоасининг мазкур мурожаати суд қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўла олмайди. Тарафларга ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида шу суд орқали Қорақалпоғистон Республикаси суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция тартибида ёки қонуний кучга кирган ва апелляция тартибида кўрилмаган ҳал қилув қарори устидан у қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ой ичида кассация тартибида шикояти берилиши мумкинлиги тушунтирилганлиги маълум қилинади.