Автомашина ўғрисига жазо тайинланди

Самандар (исмлар ўзгартилган) ўша куни эски танишлари билан учрашиб, улар билан бирга озгина “қиттай-қиттай”дан олиб ўтиришади. Тушда бошланган зиёфат кечга яқин тугайди. Самандар ҳам яхшигина маст бўлиб уйига қайтади. Уйга келиб бироз дам олади. Кечки соат 19:00 лар чамасида унинг телефонига қўнғироқ бўлди, бу ўртоғи Шариф экан.

 

Шариф унга бирор бир жойга бориб ўтиришни таклиф қилади. Иккала дўст учрашиб, Хўжайли тумани “Байтерек” МФЙ ҳудуддида жойлашган “Сауна”га бордилар. У ерда ҳам Самандар дўсти билан ароқ ичиб, яхшигина дам олди. Шу орада Шариф яна бир танишига қўнғироқ қилиб, ўзига чўмилиш учун “шампунь, сочиқ” каби бир-иккита нарса олиб келиб беришини сўрайди. Орадан ўн дақиқа ўтар-ўтмас Шарифнинг таниши у айтган нарсаларни олиб келиб беради. Бу орада Самандарнинг ҳам кайфи ошиб ўзини идрок қилолмай бошлади. Буни кўрган Шариф “Сен уйингга бориб дам олгин” деб уни таксига ўтқазиб, кузатиб қуяди. Аммо Самандар таксидан тушиб қолиб, яна ўша жойга қайтиб келади. Ён атрофга қарайди, олдида турган “Нексия-2” автомашинасига кўзи тушади. Қараса эшиги қия очиқдек, деразалари ҳам тушурилган. Ҳудди ўзининг машинасидек Самандар автомашина эшигини очиб, рульда қолдирилган калит билан машинани “зовать” қилдириб уйи томон йўл олади. Уйига эри машинада қайтиб келганини кўрган хотини хангу-манг, яна маст ҳолда машина ҳайдаб келган… Калитни онаси қўлига тутқазиб ўзи ухлаб қолди.

 

Бу орада Шариф ва унинг таниши ташқарида ўртоғининг машинасини тополмай ҳалак. Аниқ қулфлаб кетгандим деб, машинасини йўқотиб қўйганига ишонмай излаётган Шарифнинг ўртоғи дарҳол ундан Самандар қаерда туришини сўради. Шариф эса у ундай бола эмас деб уни тинчлантириш билан овора. Кейин “102” га телефон қилиб, автомашина йўқолганлиги ва у кимдан гумон қилаётганлиги тўғрисида хабар берди.

 

Тез орада автомашина ўғриси ҳам топилди.

 

Самандарнинг уйига Ички ишлар бўлими ходимлари тезкор гуруҳи етиб келиб, олиб қочиб кетилган автомобильни топишди, “боқибеғам” ухлаётган Самандарни уйғотиб, хибсга олишди. Тергов, суд…

 

Мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Хўжайли туман суди томонидан очиқ суд мажлисида кўриб чиқилиб, ҳукм ўқилди.

 

Суд ҳукми билан Самандар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топилиб, унга шу модда билан Жиноят Кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, 4 (тўрт) йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

 

Спиртли ичимликлар ичиш оқибатида ёш йигит ўз хулқ-атворини идрок этолмасдан, жиноятга қўл урди. Хўши ўзига келганда эса чин кўнгилдан пушаймон бўлди, афсус надомат чекди. Аммо кеч эди… Сўнгги пушаймон ўзингга душман!

 

 

Ибрайим Алланиязов,
жиноят ишлари бўйича Хўжайли туман суди раиси