Даъвогарнинг даъвосидан воз кечиши иш бўйича иш юритишни тугатиш учун асос бўлмайди

Даъвогар Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси АТБ «ҚҚБ» манфаатида туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар «BOT» масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)га ажратилган кредитнинг қўшимча таъминоти сифатида кредит ҳисобига сотиб олинган автомобильларга газ қуйиш ускуналарини гаровга қўйиш мажбуриятини юклашни сўраган.

Туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 05 июнь кунги          4-Х-Х/Х-сонли ажрими билан даъвогар даъвосидан воз кечганлиги сабабли иш бўйича иш юритиш тугатилган ҳамда даъвогардан Республика бюджети ҳисобига 2.230.000 сўм давлат божи ундирилган.

Палата даъвогар манфаатида биринчи инстанция судининг ажримининг давлат божи ундириш қисмига норози бўлиб апелляция шикоятини берган.

Қорақалпоғистон Республикаси судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 18 июль кунги қарори билан туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 05 июнь кунги ажрими бекор қилиниб, даъво аризаси кўрмасдан қолдирилиб, даъвогар АТБ «ҚҚБ»дан Республика бюджетига 2.230.000 сўм давлат божи ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди депозитига 61.250 сўм суд харажати ундирилган.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси АТБ «ҚҚБ» манфаатида жавобгар «BOT» масъулияти чекланган жамиятига ажратилган кредитнинг қўшимча таъминоти сифатида кредит ҳисобига сотиб олинган автомобильларга газ қуйиш ускуналарини гаровга қўйиш мажбуриятини юклашни сўраб туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Даъвогар АТБ «ҚҚБ» 2021 йил 05 июнь кунги Х-сонли арзаси билан биринчи инстанция судига мурожаат қилиб, даъво аризасидан воз кечишини билдирган.

Туманлараро иқтисодий суди томонидан 2021 йил 05 июнь кунги 4-Х-Х/Х-сонли ажрими билан даъвогар даъвосидан воз кечганлиги сабабли иш бўйича иш юритиш тугатиш ҳақида нотўғри хулосага келинган.

Сабаби, ИПКнинг 110-моддаси биринчи қисми 6-бандига мувофиқ, даъвогар даъвосидан воз кечган ва суд уни қабул қилган бўлса иш бўйича иш юритиш тугатилади.

Бу ҳолатда даъвогар манфаатида Палата даъво аризаси билан судга мурожаат қилганлиги сабабли ИПКнинг 107-моддаси биринчи қисми
8-бандига мувофиқ даъво аризаси кўрмасдан қолдирилиши лозим эди.

ИПКнинг 107-моддаси биринчи қисми 8-бандига мувофиқ, даъвогарнинг манфаатларини кўзлаб прокурор, давлат органи ва бошқа шахс томонидан тақдим этилган даъводан даъвогар воз кечган бўлса даъво аризаси кўрмдан қолдирилади.

Биринчи инстанция суди томонидан процессуал ҳуқуқ нормалари бузилган.

ИПКнинг 279-моддасининг биринчи қисми 4-бандига мувофиқ моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос ҳисобланади.

Қайд этилганларга асосан, апелляция судлов ҳайъати биринчи инстанция судининг ажримини бекор қилиб, даъво аризасини кўрмасдан қолдиришни лозим топган.

 

 

Қорақалпоғистон Республикаси

суди иқтисодий ишлар бўйича

судлов ҳайъати судьяси                                                         Ўткиржон Сабиров