“РАҚАМЛИ СУД” КОНЦЕПЦИЯСИ: ОДИЛ СУДЛОВНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида судлар фаолиятида рақамлаштириш жараёнларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса фуқароларнинг судга мурожаат қилиш имкониятларини кенгайтириш, одил судловнинг шаффофлиги ва самарадорлигини таъминлаш, суд тизимининг очиқлиги ва ҳисобдорлигини оширишга хизмат қилади.
Президентимизнинг 2025 йил 21 августдаги PF-140-сонли Фармони суд тизимида рақамли технологияларни жорий этишнинг янги босқичини бошлаб берди. Мазкур ҳужжат нафақат суд ишларини юритишда қоғоз шаклидан тўлиқ воз кечишни, балки сунъий интеллект технологиялари орқали “Рақамли суд” концепциясини амалга оширишни ҳам назарда тутади.
Фармонда белгиланган вазифалар миллий қонунчиликдаги принциплар билан уйғун. Хусусан, Конституциянинг 44-моддасида ҳар бир шахснинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқи кафолатланган. Шу нуқтаи назардан, рақамли технологиялар бу ҳуқуқни амалга оширишда қулайлик ва кенг имконият яратади.
Шунингдек, Халқаро ҳуқуқнинг муҳим ҳужжати — Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси (10-модда) ҳам адолатли судловга бўлган ҳуқуқни эътироф этади. Демак, “Рақамли суд” концепцияси орқали Ўзбекистон халқаро стандартларга уйғун йўналишда ҳаракат қилаётгани яққол намоён бўлади.
“Рақамли суд” концепцияси амалга оширилганда қатор ҳуқуқий ва амалий афзалликларга эришилади:
Сунъий интеллект орқали прогнозлаш – суд жараёнининг тахминий натижаси ва суд харажатлари олдиндан ҳисобланади. Бу фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун ҳуқуқий таваккалчиликни баҳолаш имконини беради.
Электрон мурожаат ва масофавий иштирок – суд жараёнларида иштирокчилар суд биноларига ташрифсиз, онлайн тарзда қатнашади. Бу нафақат вақт ва харажатларни тежайди, балки суд жараёнларининг очиқлигини ҳам таъминлайди.
Ҳужжат айланмаси шаффофлиги – тарафлар иш материаллари билан электрон шаклда танишиши мумкин. Бу судда айрим ҳолларда учрайдиган ортиқча тўсиқларни бартараф этади.
Автоматик жараёнлар – ижро варақаларининг автоматик юборилиши, баённомаларнинг сунъий интеллект томонидан реал вақтда тайёрланиши орқали инсон омиллари ва суиистеъмоллар эҳтимоли камаяди.
Суд тизимида рақамлаштиришнинг илмий аҳамияти шундаки, у “кибер ҳуқуқ” соҳасида янги тадқиқотларни талаб этади. Суд жараёнларида сунъий интеллектдан фойдаланиш — классик процессуал ҳуқуқ нормаларини қайта кўриб чиқишни тақозо этади. Масалан, сунъий интеллект орқали тайёрланган баённома ёки ҳужжатнинг юридик кучга эгалиги, электрон далилларни баҳолаш тартиби каби масалалар алоҳида илмий тадқиқотларни талаб қилади.
Амалий жиҳатдан эса, “Рақамли суд” концепцияси судларнинг самарадорлигини ошириб, иқтисодий ва фуқаролик айланмасида ҳуқуқий барқарорликни таъминлайди. Суд жараёнларининг тезкор ва шаффоф ўтиши тадбиркорлик муҳитини яхшилашга хизмат қилади.
“Рақамли суд” концепциясининг жорий этилиши — суд тизимида янги даврни бошлаб беради. Энди суд ишлари замонавий технологиялар ёрдамида тезроқ, шаффоф ва оддий тарзда амалга оширилади. Фуқаролар ҳам, тадбиркорлар ҳам судга мурожаат қилишда ортиқча оворагарчиликка дуч келмайди, улар учун қулай ва ишончли шароит яратилади.
Яъни рақамли технологиялар судни халққа яқин, очиқ ва ҳақиқий адолат қўрғонига айлантиради.
Полат ДОШМУРАТОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси