ВОЯГА ЕТМАГАНЛАР ҲУҚУҚЛАРИ ҲИМОЯСИ КАФОЛАТИ БУ БОРАДАГИ ҚОНУНЧИЛИК ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИЛДИ
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида 42-моддасида Ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга эканлиги, 44-моддасида Болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланиши мустаҳкамлаб қўйилган. Халқаро меҳнат ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномалари ва бошқа ҳужжатларда кўзда тутилган ҳар бир фуқаронинг меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясининг Конституция даражасида мустаҳкамлаб қўйилиши, Конституциямизнинг муқаддимасида таъкидланганидек, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидаларининг устунлиги тан олинганлигидан далолат беради.
Бундан ташқари мамлакатимизда вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларнинг устуворлигини таъминлаш мақсадида 2008 йил 4 апрелда “Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисида”ги Конвенция (Женева, 1973 йил 26 июнь) ҳамда 2008 йил 8 апрелда “Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисида”ги Конвенция (Женева, 1999 йил 17 июнь) ратификация қилинди.
Таъкидлаш жоизки, қонунчилигимизда меҳнат соҳасида вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бу борада уларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилишини назарда тутувчи бир қатор меъёрлар мустаҳкамлаб қўйилган. Меҳнат кодексининг 412-моддасида Ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларнинг меҳнатини қўллаш тақиқланадиган ишлар Ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларнинг меҳнатини меҳнат шароити зарарли ва (ёки) хавфли бўлган ишларда, ер ости ишларида, шунингдек бажарилиши уларнинг ҳаётига ва соғлиғига, хавфсизлигига ва маънавий жиҳатдан камол топишига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда (тунги кафе ва клубларда, спиртли ичимликларни, тамаки маҳсулотларини, гиёҳвандлик ва психотроп моддаларни, токсик препаратларни ишлаб чиқариш, ташиш ҳамда сотиш ва бошқалар) қўллаш тақиқланади.
Ўн саккиз ёшгача бўлган ходимларнинг улар учун белгиланган йўл қўйиладиган энг кўп нормалардан ортиқ бўлган оғирликдаги юкларни кўтариши ва ташиши тақиқланади.
Ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар меҳнатининг қўлланилиши тақиқланадиган ва бажарилиши вояга етмаганларнинг соғлиғига ва маънавий жиҳатдан камол топишига зиён етказиши мумкин бўлган ишлар рўйхати, шунингдек уларнинг оғир юкларни кўтариши ва ташиши чоғида йўл қўйиладиган энг кўп нормалар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама республика комиссияси билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
Меҳнат кодексининг 415-моддасида Иш вақтининг давомийлиги ўн олтидан ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар учун ҳафтасига ўттиз олти соатдан ошмайдиган, ўн бешдан ўн олти ёшгача бўлган шахслар учун эса ҳафтасига йигирма тўрт соатдан ошмайдиган қилиб белгиланади.
Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимиз ратификация қилган “Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисида”ги Конвенциянинг 3-моддаси талабларига мос келади. Унга кўра, ўз хусусияти ёки амалга ошириладиган шароитига кўра, ўсмир соғлиғи, хавфсизлиги ёки маънавиятига зиён етказиши мумкин бўлган ҳар қандай иш турига ёки ёлланма иш турига қабул қилиш учун энг кичик ёш ўн саккиз ёшдан кам бўлмаслиги кераклиги назарда тутилган.
Меҳнат кодексининг 422-моддасида Ота-онадан бири (ота-она ўрнини босувчи шахс), шунингдек меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилиши устидан давлат назорати ва текширувини амалга оширувчи органлар ҳамда болалар масалалари бўйича комиссиялар, агар ишни давом эттириш ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг ҳаётига ва соғлиғига, хавфсизлигига ҳамда маънавий жиҳатдан камол топишига таҳдид солаётган бўлса ёки уларга бошқача тарзда зиён етказиши мумкин бўлса, бундай шахслар билан меҳнат шартномасини бекор қилишни талаб қилишга ҳақли эканликлари белгилаб қўйилган.
Юқорида зикр қилинган Конвенциянинг 7-моддасида миллий қонун ҳужжатларида агар ўн уч ёшдан ўн беш ёшгача бўлган шахсларга уларнинг соғлиғи ва ривожланиши учун зарарли бўлмаса, уларнинг мактабга қатнашига, уларнинг ваколатли ҳокимият органлари томонидан тасдиқланган касбга йўналтириш ёки касбий тайёргарлик дастурларида иштирок этишларига ёки уларнинг олган билимларидан фойдаланиш лаёқатига зарар етказмайдиган бўлса, енгил ишларда ишлашга ёки ёлланиб ишлашга рухсат этиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.
Шу мақсадда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотлар давом эттирилиб, вояга етмаган шахсларга нисбатан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши ҳамда вояга етмаган шахсни меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи “Вояга етмаган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилди.
Ушбу янги қонуннинг муҳим жиҳатларидан бири Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс “Вояга етмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланишга йўл қўймаслик тўғрисидаги талабларни бузиш” деб номланган янги 491-модда билан тўлдирилди. Унга кўра, вояга етмаган шахс меҳнатидан унинг соғлиғи, хавфсизлиги ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шунингдек Жиноят кодексининг 1481-моддасида Вояга етмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги талабларни бузиш, яъни вояга етмаган шахс меҳнатидан унинг соғлиғига, хавфсизлигига ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланиш, худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари устунлигини тан олган ҳолда ушбу қоидаларга оғишмай риоя қилиб келмоқда. Қолаверса, миллий қонунчилигимизда бола ҳуқуқлари ва манфаатлари, шунингдек, уларнинг ҳимоясига алоҳида ўрин берилган.
Жолдасбай КЕЎНИМЖАЕВ,
фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро судининг раиси