САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИДАГИ ЯНГИЛИКЛАР  

Айни кунларда мамлакатимизда муҳим сиёсий тадбир – 2024 йил 27 октябрь куни ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.

 

Янги таҳриридаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи, миллий сайлов тизимининг асосларига алоҳида эътибор қаратилди.

 

2024 йилда Қонунчилик палатасига сайловлар илк марта мажоритар-пропорционал (аралаш) тизим асосида ўтказилади.

 

2023 йил 18 декабрь куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди.

 

Мазкур Қонун билан илк маротаба Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини аралаш сайлов тизими (мажоритар ва пропорционал) асосида ўтказиш бўйича янги тизим яратилди. Янги сайлов тизимига мувофиқ, эндиликда… Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатлик ўрнининг 50 фоизи мажоритар, яъни ҳозиргидек муайян округлар бўйича энг кўп овоз олган номзодлар сайланиши, қолган 50 фоизи эса пропорционал, яъни аниқ бир шахсга эмас, балки партияга овоз бериш орқали, партиялар томонидан кўрсатилган рўйхат асосида номзодлар сайланиши назарда тутилди.

 

Қонунчилик палатасининг 75 нафар депутати мажоритар сайлов тизими асосида бир мандатли сайлов округларидан, қолган 75 нафари пропорционал сайлов тизими (партиялар рўйхати) асосида сиёсий партияларга берилган овозлар бўйича ягона сайлов округидан сайланади.

Пропорционал сайлов тизимида давлат ягона сайлов округига айлантирилади ҳамда сайлов бюллетенларида номзодлар ўрнига сайловда иштирок этаётган сиёсий партиялар рўйхати кўрсатилади ва сайловчилар ўзларига маъқул келган партияларга овоз беради.

 

Пропорционал сайлов тизими вакиллик органига ўз номзодларини кўрсатган партиялар ўртасида мандатларни тақсимлаш улар олган овозлар сонига мувофиқ амалга оширилишини билдиради.

 

Пропорционал сайлов тизимининг ижобий томонлари у фикрлар хилма-хиллиги ва кўппартиявийликнинг ривожланишини, шунингдек, давлат билан фуқаролар ўртасидаги узвий алоқадорликни таъминлаб беради; камчиликни ташкил этувчи сайловчиларнинг овозлари ҳам инобатга олинади ва унда кам овоз олган сиёсий партиялар ҳам, парламентдан жой эгаллайди; унинг ёрдамида жамият сиёсий ҳаётидаги сиёсий кучларни жойлашишининг ҳақиқий ва аниқ манзараларини кўриш мумкин; пропорционал вакиллик тизими ҳар бир сиёсий партияга овозлар сонига мутаносиб равишда бир қанча ўринларни олиш имконини беради.

 

Аралаш сайлов тизими моҳиятан иккита тизимнинг бирикмаси бўлиб, улар пропорционал ва мажоритардир. Бунда мандатларнинг бир қисми пропорционал тизим бўйича (партиявий рўйхатлар бўйича), иккинчи қисми эса мажоритар тизим (номзодга овоз бериш) бўйича тақсимланади.

 

 

Жанат  АЙМАҒАНБЕТОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судьяси