АЛИМЕНТ УНДИРИШ ҲАҚИДАГИ ИШЛАРНИ СУДДА КЎРИШНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

 

 Ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддаси.

 

Оила муқаддас маскан, у ҳар бир жамиятнинг бошланғич бўғини ҳисобланади. Оила мустаҳкам, тинч бўлса, жамият ҳам осойишта ва фаровон бўлади.  Бахтли оилалар туфайли бахтли жамият вужудга келади. Аммо ҳамиша ҳам икки инсоннинг бирдамлиги бахтли давом этавермайди. Оқибатда эса бундай жуфтликлар турли хил сабаблар  билан ажралиб кетишади, фарзандлар эса бу қарорнинг қаршисида ожиз қоладилар.

 

Хўш, ота-онаси ажралиб кетган фарзандларнинг таъминоти нима бўлади? Албатта, бундай ҳолатларда ҳар бир давлатнинг болалар тўғрисидаги алоҳида қонунлари бор. Ўзбекистон Республикасининг Оила Кодексига мувофиқ, вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.

 

Вояга етмаган болаларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга даъво ёхуд ариза билан мурожаат қилмаган ҳолларда, васийлик ва ҳомийлик органлари, шунингдек ўн тўрт ёшга тўлган бола вояга етмаган боланинг таъминоти учун ота ёки онадан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақлидир.

 

Шунингдек, Оила Кодексининг 99-моддасига биноан, агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун — тўртдан бир қисми; икки бола учун — учдан бир қисми; уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.

 

Алимент ҳақида гапирганимизда, кўпчилик ота-она томонидан фарзанд таъминоти учун тўланадиган пулни тушунишади. Аммо алимент кенг қамровли тушунча.  Ота-оналар ҳам меҳнатга лаёқатли фарзандларидан алимент ундириш ҳуқуқига эга. Оила кодексининг 110-моддасида “Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар ўз ота-онасига ихтиёрий равишда моддий ёрдам беришдан бўйин товласалар, таъминот миқдори болаларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олган ҳолда суднинг ҳал қилув қарорига асосан белгиланади. Ота-она, алимент ундириш ҳақидаги талабни ўз болаларининг бирига ёки бир нечтасига нисбатан қўйганлигидан қатъи назар, алимент миқдорини белгилашда суд вояга етган, меҳнатга лаёқатли болаларнинг барчасини ҳисобга олиши лозим”, деб белгиланган.

 

Бугунги кунда  фуқаролик ишлари бўйича судларга киритилаётган даъволар орасида алимент муаммоси билан боғлиқ аризалар ҳам талайгина. Ўзига тўқ, яхши даромадга эга бўлса-да, фарзандига алимент кам тўлаш ёки умуман тўламаслик учун ойлик маошини камайтириб кўрсатишга уринаётган оталар  афсуски орамизда учраб туради. Ёки алимент тўламаслик учун қочиб юрганлар ҳам топилади.

 

Алимент ундириш тўғрисидаги мурожаатларни тўғри ва ўз вақтида ҳал қилиш нафақат болалар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, балки она-оналар масъулиятини оширишга ҳам кўмаклашади. Хўш, аслида алимент миқдори судлар томонидан қай тартибда белгиланади.

 

Ота-онадан болаларга ундириладиган алимент миқдори алимент тўловчининг ойлик иш ҳақига ва бошқа даромадига нисбатан улушлар ҳисобида ёки пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши мумкин. Алимент тўлаши шарт бўлган ота-онанинг иш ҳақи ёки бошқа даромади доимо бир хилда бўлмай, ўзгариб турса ёхуд даромадининг бир қисмини натура тарзида оладиган бўлса, шунингдек даромаддан улуш тарзида алимент ундириш имконияти бўлмаса ёинки ота-она расман белгиланган иш ҳақи ёки даромадга эга бўлмаса, вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун тўланиши лозим бўлган алимент миқдори ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши мумкин.

 

Ота-она фавқулодда ҳолатлар (боланинг оғир шикастланиши, касал бўлиши ва бошқалар) туфайли келиб чиққан, боланинг таъминоти учун зарур бўлган қўшимча харажатларда иштирок этиши шарт. Қўшимча харажатларда иштирок этишдан бош тортган ота (она)дан суд уларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олиб, қўшимча харажатларни қисман пул билан тўланадиган қатъий суммада ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин.

 

Алимент ундириш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори ёки суд буйруғи қонунчиликда белгиланган тартибда ижро этилади. Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексининг 266-моддасига асосан, алиментлар ундириш тўғрисидаги ҳал қилув қарорлари дарҳол ижрога қаратилади.

 

Вояга етмаган ёки вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан бўйин товлаган шахслар ушбу Кодекснинг 79-моддасига асосан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Шунингдек,  ота-онасига моддий ёрдам бериш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарорларини бажармаслик ҳам жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

 

Тарафлар ўртасидаги келишувга мувофиқ алимент қарзини тўлашдан озод қилиш ёки уни камайтиришга тарафларнинг ўзаро розилиги бўлгандагина йўл қўйилади, вояга етмаган болаларга алимент тўланадиган ҳоллар бундан мустасно.

 

Агар суд алимент тўлаши шарт бўлган шахс касаллиги ёки бошқа узрли сабабларга кўра алимент тўламаганлигини аниқласа ҳамда унинг моддий ва оилавий аҳволи йиғилган алимент қарзни тўлашга имкон бермайди деб топса, алимент тўловчининг даъвосига биноан уни алимент қарзларини тўлашдан тўла ёки қисман озод этишга ҳақлидир.

 

Сайёра АЙТНИЯЗОВА,

Фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро суди судьяси