МУРОЖААТЛАР ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУНЧИЛИКНИ БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК

Мамлакатимизда инсон манфаатлари олий қадрият даражасига кўтарилди. Бугун барча давлат идоралари фаолиятида аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш бўйича сифат жиҳатидан мутлақо янги тизим яратилди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган даъватга қўшимча “Раҳбарлар фақат давлатга эмас, аввало, инсон ва оилага, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилиши керак”.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 40-моддасида “Ҳар ким бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда давлат органларига ҳамда ташкилотларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, мансабдор шахсларга ёки халқ вакилларига аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт” – деб кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 43-44-моддалари, Жиноят кодексининг 144-маддаси ва «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида фуқаро мурожаатларини кўриб чиқишнинг кафолатлари белгилаб берилган.

Фуқароларнинг ҳар бир мурожаати тегишли ташкилотлар томонидан кўриб чиқилиши шарт. Мурожаатлар билан танишиш асоссиз рад этилса жавобгарликка сабаб бўлади.

Қонунчиликка кўра, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, ёзма ёхуд электрон шаклда жавоб юбормаслик, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид қарор қабул қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини, мурожаат муносабати билан қабул қилинган қарорнинг бажарилишини таъминламаганлик ёки мурожаат муносабати билан маълум бўлиб қолган жисмоний шахсларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги ёхуд юридик шахсларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларни уларнинг розилигисиз ошкор этиш, худди шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бошқача тарзда бузиш жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларига, эркинликларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд жамият ва давлат манфаатларига жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса,

базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Жисмоний шахсни, унинг вакилини, уларнинг оила аъзоларини, юридик шахсни, унинг вакилини ва юридик шахс вакилининг оила аъзоларини улар давлат органига, давлат муассасасига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига мурожаат қилганлиги муносабати билан ёхуд билдирилган фикри ва мурожаатидаги танқид учун, худди шунингдек бошқача шаклда танқид қилганлиги учун мансабдор шахс томонидан таъқиб этиш,

базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, фуқарога унинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқишни асоссиз равишда рад этиш жавобгарлик келтириб чиқаради.

Ушбу қилмиш мансабдор шахсларга 340 минг сўмдан 680 минг сўмгача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: фуқароларнинг давлат идораларга бўлган ишончини таъминлаш учун нималар қилиш зарур?

Бунинг учун Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, давлат органларининг кундалик фаолиятида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигига оид конституциявий тамойил сўзсиз таъминланиши керак.

Бинобарин, инсон, унинг қадри, ҳуқуқлари ва эркинликлари – олий қадрият.  Бу тамойил ҳар бир корхона, ташкилот, муассаса ўз фаолиятини инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга йўналтириши зарурлигини англатади.

 

 Гульмира АРЗИЕВА,

Нукус туманлараро иқтисодий судининг судьяси