АСОРАТЛИ БИТИМ ТУШУНЧАСИ ВА УНИ ҲАҚИҚИЙ ЭМАС ДЕБ ТОПИШ МАСАЛАЛАРИ
Битим тузилган пайтда қонунда белгилаб қўйилган талаблар бажарилмаганда ёки битим унинг тарафларининг бирининг хоҳиш-эродасига зид равишда тузилганда ҳақиқий эмас ҳисобланади ва бундай битим унинг иштирокчилари учун ҳеч қандай юридик оқибат тўғдирмайди.
Ҳақиқий эмас битимлар икки тоифага ажратилиб, улардан биринчиси бўйича қонунда белгиланган битим тузишга оид тартиб-қоидалар жиддий равишда бузилган ҳолларда битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмас ҳисобланади. Бундай битимлар суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши шарт эмас. Зеро, улар тузилган пайтидан бошлаб ҳақиқий эмас ҳисобланади ва фақат унинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш масаласини тегишли тартибда ҳал этиш зарур бўлади.
Иккинчи тоифага кирувчи битимлар низоли битим ҳисобланиб, уларнинг ҳақиқий ёки ҳақиқий эмаслиги масаласи суд томонидан аниқланади, битим иштирокчилари эса унинг ҳақиқийлиги юзасидан низолашади. Бундай битимлар фақат суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан кейингина ҳақиқий эмас ҳисобланади ва бунинг оқибатида тарафлар олдинги ҳолатига қайтарилиши зарур бўлади.
Мана шундай битимларнинг бири бу асоратли битимлар бўлиб, амалдаги Фуқаролик кодексининг 123-моддасига кўра, булар фуқаро оғир ҳолатлар юз бериши туфайли ўзи учун ўта ноқулай шартлар билан тузишга мажбур бўлган, иккинчи тараф эса бундан фойдаланиб қолган битимлардир.
Ушбу моддада келтирилган асоратли битимнинг белгиларини аниқлаш осон кўрингани билан, таъкидлаш жоизки, юридик адабиётларда ва суд амалиётида асоратли битимнинг хусусиятларини очиб берувчи белгиларнинг сонини аниқлашда ва уларни бир хил маънода амалда қўллашда ягона ёндошув мавжуд эмас.
Баъзи олимларнинг фикрича оғир ҳолатларнинг юз бериши сабабли шахс ўзи учун жуда фойдасиз шартларда битим тузиши асоратли битимнинг мажбурий белгисидир. Бундай битимлар, масалан, яшаш учун маблағи қолмаган шахснинг болаларини боқиш учун ўзига тегишли мол-мулкни бозор қийматидан бир неча баравар арзон нархда зудлик билан сотиши тарзида намоён бўлади.
Шунингдек, асоратли битимнинг иккинчи мажбурий шарти тариқасида иккинчи тарафнинг виждонсиз феъл-атвори келтириб ўтилади. Бунда иккинчи шахс вазият оғирлигини билган ҳолда битимни атайлаб биринчи тараф учун жуда бефойда, оғир шартлар асосида тузади.
Яна бир гуруҳ олимларнинг фикрича, асоратли битимларнинг қуйидаги белгиларини ажратиш мумкин:
1) шахс бундай битимни ўз хоҳиши (эрки) билан тузади;
2) шахс битимни ўзи учун ўта ноқўлай шартлар билан тузаётганлигини билади (яъни бунда янглишиш ҳам, алдов ҳам йўқ), лекин уни тузишга мажбур бўлади;
3) шахс бу битимни нафақат ноқўлай шартларда (бундай ҳолат алдаш, янглишиш, қўрқитиш таъсирида тузилган битимларда ҳам мавжуд), балки «ўта» ноқўлай шартларда тузилади. Масалан, фуқаро ўзининг янги русумдаги автомашинасини эски автомашинага алмашишга мажбур бўлганда, олтин узугини жуда орзон баҳода сотишга мажбур бўлганда;
4) шахс айнан оғир ҳолатлар юз бериши туфайли асоратли битимни тузади. Бу ҳолатлар шу шахснинг ўзига ҳам (масалан, қиммат баҳо дориларни сотиб олиш, оилавий шароити туфайли сафар харажатлари учун пул топиш, юридик шахслар учун – тез орада қарзларни тўлаш зарурати), шунингдек, унинг яқинларига ҳам (турмуш ўртоғининг вафот этганлиги сабабли дафн уни дафн этишга харажатларига муҳтожлик) боғлиқ бўлиши мумкин.
Учинчи бир гуруҳ олимлар асоратли битимнинг қуйидаги белгиларини ажратади:
1) бундай битим ҳолатлар юз бериши (оқими) туфайли тузилади;
2) шахснинг битимни тузишга мажбур қилган вазиятлар ўта оғир ҳолат ҳисобланади;
3) ўта оғир ҳолат юз бериши билан битимнинг тузилиши бир-бирига боғлиқдир, яъни улар ўрталарида сабабли боғланиш мавжуд;
4) жабрланувчи учун ўта ноқўлай билан шартларда битим тузилади;
5) ўзи учун ўта ноқулай шартлар билан битим тузишга мажбур бўлган жабрланувчининг оғир ҳолатидан бошқа тараф фойдаланади.
Асоратли битимлар тушунчаси ва унинг ҳақиқий эмас деб топилиши учун асос бўлувчи шартлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми томонидан судларга раҳбарий кўрсатмалар берилган ва судлар муайян ишларни ҳал қилганда унга амал қилиши мажбурийдир. Жумладан, “Суд амалиётида битимларни тартибга солувчи қонунчилик нормаларини татбиқ қилишда вужудга келадиган айрим масалалар тўғрисида”ги 2006 йил 27 декабрдаги Олий суд Пленумининг 17-сонли қарори 10-бандида қайд этилишича, оғир ҳолатларнинг юз бериши таъсирида тузилган битим деганда, бир тарафнинг ўзи учун ўта ноқулай шартлар асосида битим тузаётганлигини англаши (бу ерда янглишиш ҳам, алдаш ҳам бўлмайди), лекин уни тузишга мажбур бўлиши тушунилади. Шунингдек, ушбу Қарорда қуйидаги икки шартнинг мавжуд бўлиши битимни оғир ҳолатлар юз бериши таъсирида тузилганлиги учун ҳақиқий эмас деб топишга асос бўлиши ҳақида судларга раҳбарий кўрсатма берилган:
1) оғир ҳолатлар юз бериши туфайли бир тарафнинг ўзи учун ўта ноқулай шартлар билан битим тузишга мажбур бўлиши;
2) иккинчи тарафнинг бундай ҳолатдан фойдаланиб, битим тузишга қаратилган ҳаракатининг мавжудлиги.
Лекин суд амалиёти таҳлили шуни кўрсатадики, фуқаролар асоратли битим тўғрисида юридик маънода тушунчага эга бўлмаганлиги, уни алдаш, зўрлик, қўрқитиш каби шахснинг хоҳиш-иродасига қарши равишда тузилган бошқа битимлардан фарқлай олмаслиги сабабли даъвонинг асосини нотўғри кўрсатганлиги, оқибатида бундай даъвоси рад қилинганлиги ҳолатлари кўплаб учрайди. Бундан ташқари, битимнинг асоратли эканлигини исботлаш даъвогарнинг зиммасида бўлганлиги сабабли, ушбу вазифа унинг учун катта қийинчиликлар билан боғлиқ. Зеро, аксарият ҳолларда битимнинг иккинчи тарафининг (жавобгарнинг) ҳаракатларини қонун нуқтаи назаридан тўғри талқин қилиш, яъни унинг даъвогарнинг оғир ҳолатлар юз бериши туфайли ўта ноқўлай шартлар билан битим тузишга мажбур бўлганлигидан хабардор эканлигини исботлаш учун мақбул далилларни тақдим этиш осон иш эмас.
Шу билан бирга, одил судловни амалга оширувчи судлар ҳам ушбу масалада далилларга ҳар тарафлама тўлиқ ва холисона баҳо бериши лозим бўлади. Чунки, бундай битим ҳақиқий эмас деб топилганда бир томонда битим тузишга мажбур бўлган шахс турса, иккинчи томонда биринчи шахснинг ҳолатини билиб ёки билмасдан фойдаланиб қолган шахс туради.
Фикримизни, қуйидаги суд амалиётидаги мисол билан давом эттирамиз. Даъвогар Т.Шойдоева (тарафларнинг исми ва фамилияси ўзгартилган) жавобгар А.Шойдоев билан қонуний никоҳдан ўтиб оила қурган, уч нафар фарзандли бўлган.
2021 йил 20 октябрда А.Шойдоев никоҳ даврида орттирилган мулки ҳисобланган автомашинани нотариал тасдиқланган ҳадя шартномасига асосан онаси К.Агаевага ҳадя қилган ва бунга турмуш ўртоғи Т.Шойдоеванинг розилик аризаси олинган. Шунингдек, эртаси куни 2021 йил 21 октябрда даъвогар Т.Шойдоева ўзининг номидаги ҳовли уйни нотариал тасдиқланган ҳадя шартномасига асосан қайнонаси К.Агаевага ҳадя қилган.
Даъвогар Т.Шойдоева судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, эридан қўрқиши ва унинг айтганларини қилиши сабабли уйни ва автомашинани қайнонасининг номига ҳадя қилишга мажбур бўлганлигини, эри ўзини уйига қайтариб олиб келганида мақсади фақат уй-жой ва автомашинани расмийлаштириш бўлганлигини, ундан алданганлигини билдириб, уй-жой ва автомашинанинг ҳадя шартномаларини асоратли битим деб топиб, уларни ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Биринчи инстанция суди ишни кўриб чиқиб, даъвогар мазкур битимларни тузган пайтда қўрқитиш ёки алдаш таъсирида бўлганмаган деб ҳисоблаган ва ҳадя шартномаларини асоратли битим деб топишга ҳеч қандай асос йўқлиги ҳақидаги хулосага келган.
Лекин апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ушбу хулосаси билан келишмаган ва мазкур ҳолатга бошқача ҳуқуқий баҳо бериб, даъвогарнинг даъво талабларини қаноатлантириш ва ҳадя шартномаларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида янги ҳал қилув қарорини қабул қилган.
Бунда апелляция инстанцияси даъвогар Т.Шойдоева билан жавобгар К.Агаева ўрталарида уй-жой ҳадя шартномаси тузилган пайтда ҳамда Т.Шойдоева эр-хотиннинг умумий мулки бўлган автомашинани К.Агаевага ҳадя этилишига розилик аризасини берган пайтда оғир ҳолатлар юз бериши туфайли (турмуш ўртоғи хиёнатда айблашида натижасида келиб чиққан оилавий мажоралар, эрининг шартларини бажармаса уч нафар вояга етмаган фарзандлари билан бирга никоҳдан ажралиш хавфи) ўзи учун ўта ноқулай шартлар билан битим тузишга мажбур бўлган, жавобгар тараф эса бундан фойдаланиб, бундай битимларни тузишга ҳаракат қилган, деб топган.
Олий суд кассация инстанцияси ҳам ушбу хулосалар билан келишган ҳолда тарафлар ўрталарида асоратли битим тузилган деб ҳисоблаб, апелляция инстанцияси судининг ажримини ўзгаришсиз қолдирган.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, асоратли битимларнинг белгиларини аниқлаш ва уларни қонун нормаларида аниқ ифода этиш, бундай битимлар билан боғлиқ низоларни тўғри ҳал этишда муҳим аҳамиятга эгадир.
Камал ТАРИХОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси суди раиси,