САЙЁР СУД МАЖЛИСИДА ТУЗАЛИШ ЙЎЛИГА ЎТГАН МАҲКУМЛАРГА ЕНГИЛЛИК БЕРИЛДИ

Сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби суд тизимида ҳам улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда ва бу жараён шубҳасиз, ўз самараларини бермоқда. Жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди томонидан ҳам соҳага оид Қонун ва қонуности ҳужжатларида назарда тутилган судлар олдидаги вазифаларни оғишмай амалга оширишга қаратилган тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг 9 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди томонидан Дўстлик маҳалла фуқаролар йиғини биносида ўтказилган сайёр суд йиғилишида ҳам мамлакатимизнинг амалдаги қонунлари барча учун баравар ва уни бузган ҳар қандай шахс, у ким бўлишидан қатъий назар, қонунда белгиланган жазосини олиш муқаррарлиги, шу билан бирга тузалиш йўлига ўтган маҳкумларга енгиллик берилиши алоҳида таъкидланди.

 

Йиғилишда Жиноят ишлари бўйича Амударё туман судининг раиси Асқар Сафаров, Амударё туман прокурорининг ёрдамчиси Аббаз Ниёзимбетов, туман Ички ишлар бўлими Пробация гуруҳи катта инспектори, катта лейтенант Руслан Искандаровлар қатнашдилар.

 

Сайёр судда, Амударё тумани Ички ишлар бўлими Пробация гуруҳида тузалиш йўлига ўтган 5 нафар маҳкумларга нисбатан киритилган тақдимномалар кўриб чиқилди.

 

Унга кўра, Амударё тумани Қум-ёп маҳалласида яшовчи фуқаро, Жиноят ишлари бўйича Қанликўл туман судининг 2019 йил 22 ноябрь кунги ҳукми бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди билан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. 5 июнь 2021 йилда Жиноят ишлари бўйича Юқоричирчиқ туман судининг ажрими билан Жиноят Кодексининг 74-моддасига асосан ўталмаган 4 йил 5 ой 17 кун жазо муддатини 20 фоиз аҳлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган.

 

У Амударё тумани ИИБда 2021 йилнинг 1 августидан ҳисобга олинган ва 2021 йил 1 август кунидан буён Амударё туманида фаолият юритувчи корхоналардан бирига ишга қабул қилиниб, хозирги кунга қадар ишчи бўлиб ишлаб келмоқда. Маҳкум жазони ўташ тартиб ва қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг учдан бир қисмини ўтаган, ўталмаган жазо муддати 2 йил 1 ой 17 кунни ташкил қилади.

 

Шу боис, маҳкумнинг аҳлоқ тузатиш ишлари жазосининг ўталмаган қисми бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш масаласини кўриб чиқиш учун судга тақдимнома киритилган.

 

Шунингдек, Амударё тумани Уйшин маҳалласида яшовчи янв бир юртдошимизга Жиноят ишлари бўйича Мўйноқ туман судининнг ҳукми билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми «б» банди ва 228-моддаси 1-қисми билан 3 йил муддатга ишлаган иш ҳақининг 10 фоизини ушлаб қолиш орқали аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган ва Амударё тумани ИИБда 2022 йил сентябрь ойида ҳисобга олинган.

 

У 2022 йил 30 сентябрь кунидан буён Амударё туманидаги деҳқон хўжалигида ишчи бўлиб ишлаб келмоқда. Маҳкум жазони ўташ тартиб ва қоидаларига тўлиқ амал қилиб, белгиланган жазо муддатининг 1 йил 6 ой қисмини ўтаган, ўталмаган жазо муддати 1 йил 6 ойни ташкил қилади. Шу боис, унинг аҳлоқ тузатиш ишлари жазосининг ўталмаган қисми учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 73-моддаси қўлланилиб, муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш масаласини кўриб чиқиш учун судга тақдимнома киритилган.

 

Бундан ташқари, сайёр суд мажлисида яна 3 нафар шахсларни муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш масаласини кўриб чиқиш учун судга тақдимномалар киритилган.

 

Сайёр суд мажлисида ушбу тақдимномалар атрофлича муҳокама этилди ва жазони ўташ тартиб-қоидаларига амал қилиб, суд томонидан зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажарган ҳамда меҳнатга ҳалол муносабатда бўлганлиги учун 5 нафар маҳкум Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиндилар.

 

Асқар САФАРОВ, Жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди раиси.

Руслан ИСКАНДАРОВ, Амударё тумани ИИБ Пробация гуруҳи катта инспектори.