КРЕДИТ МАБЛАҒИНИ НОҚОНУНИЙ ЎЗЛАШТИРГАН ТАДБИРКОР ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИККА ТОРТИЛДИ
Ёш тадбиркор Ш.С ўзи раҳбарлик қилиб келаётган МЧЖ номига уни кенгайтириш мақсадида “Агробанк” АТБнинг туман филиалидан 150 млн. сўм имтиёзли кредит маблағларини олишга эришди. Ушбу кредит маблағларини МЧЖ учун зарур бўлган асбоб-ускуна сотиб олиш мақсадида бошқа тадбиркор раҳбарлик қилаётган МЧЖ ҳисоб-рақамига ўтказди. Аммо асбоб-ускуна олмасдан, ажратилган 150 млн. сўмлик кредит маблағларини 131 млн.сўм нақд пул кўринишида қайтиб олди. Маълум бўлишича, тадбиркор Ш.С банк томонидан ажратилган жуда кўп миқдордаги, яъни 150 млн. сўм имтиёзли кредит маблағларини мақсадли ишлатиш ўрнига ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилиб юборган.
Албатта, бу ҳаракатлари билан тадбиркор Ш.С Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддасида кўрсатилган жиноятларни содир қилганликда айбланди. Шунга асосан бўлиб ўтган суд иши давомида бу ўзининг тасдиғини топди.
Суд якунида тадбиркор Ш.Сга ҳаракатларининг ижтимоий хавфлилик даражасини ва содир этилган жиноятнинг характерини, унинг шахсини, айбига иқрор бўлгани, қилмишидан пушаймонлиги, оилавий шароити, қарамоғида фарзандлари борлиги, иш бўйича моддий зарар қисман қоплангани инобатга олиниб, тегишли жазо тайинланди.
А.Сафаров, Жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди раиси