ДАВЛАТ РЎЙХАТИДАН ЎТГАН ҲУЖЖАТ ҲАМ ҲАР ДОИМ ҚОНУНИЙЛИКНИ АНГЛАТМАЙДИ

Суд амалиётида айрим ҳолатларда фуқаролар ёки тадбиркорлар муайян мулкка оид кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилгани ёки давлат рўйхатидан ўтказилганини унинг мутлақ қонунийлиги сифатида қабул қилади. Бироқ ҳуқуқий муносабатларда ҳар қандай давлат рўйхатининг қонунийлиги, аввало, унинг қандай ҳуқуқий асосга таянгани билан белгиланади.

Яқинда Тўрткўл туман судида кўриб чиқилган маъмурий иш айнан шу масаланинг ҳуқуқий моҳиятини яна бир бор очиб берди.

Фуқаро Н.А Кадастр органи томонидан МЖтКнинг 60-моддаси 3-қисми асосида тайинланган маъмурий жарима устидан шикоят билан судга мурожаат қилди. Унинг фикрича, дўконга нисбатан кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган, давлат рўйхатидан ўтказилган ва тегишли идоралар томонидан берилган ҳужжатларга ишониб фаолият юритгани учун унинг ҳаракатларини ўзбошимчалик деб баҳолаш мумкин эмас эди.

Суд муҳокамаси жараёнида мазкур важлар ҳар томонлама текширилди. Кадастр органи вакиллари, давлат ер назорати материаллари, архив маълумотлари ҳамда бошқа ҳужжатлар ўзаро таққосланди.

Текширишлар давомида давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос сифатида кўрсатилган туман ҳокимининг қарори архивда мавжуд экани, бироқ ушбу қарорда фуқаро Н.А нинг номи умуман қайд этилмагани аниқланди. Демак, давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳуқуқий асос сифатида келтирилган ҳужжат мазмуни билан расмийлаштирилган кадастр маълумотлари ўртасида номутаносиблик мавжуд бўлган.

Шу сабабли давлат рўйхатидан ўтказилганликнинг ўзи ҳуқуқнинг мутлақ қонунийлигини англатмаслиги, агар унинг асосидаги ҳуқуқий ҳужжат талабларга жавоб бермаса, ваколатли орган томонидан қабул қилинган қарор қайта кўриб чиқилиши мумкинлиги суд муҳокамасида ўз тасдиғини топди.

Ишни кўриш жараёнида ҳуқуқбузар ўзининг муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилмаганини, уч нафар фарзанди борлигини, вақтинча ишсиз эканини, шунингдек, қасддан қонун бузиш нияти бўлмаганини баён қилди. Ҳимоячи томонидан ҳам «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун нормаларига таянилди.

Бироқ суд ҳар бир келтирилган важни иш материаллари билан солиштириб баҳолади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 31 ва 33-моддаларида назарда тутилган енгиллаштирувчи ҳолатларни қўллаш учун қонун талаб қилган асослар мавжуд эмаслиги, ҳуқуқбузарлик оқибатлари бартараф этилмагани ҳамда Кадастр органи хулосалари объектив далиллар билан тасдиқлангани аниқланди.

Натижада суд Кадастр агентлиги қарори қонун талабларига мувофиқ қабул қилинган, деган хулосага келди ва ҳуқуқбузарнинг шикоятини қаноатлантирмасдан қолдирди.

Ушбу ишдан чиқадиган муҳим ҳуқуқий хулоса шуки, ҳар қандай давлат рўйхати ёки расмий ҳужжатнинг юридик кучи унинг ташқи кўриниши билан эмас, балки унинг ҳуқуқий асослари қонунийлиги билан баҳоланади. Агар давлат рўйхатини амалга оширишга асос бўлган ҳужжат ҳақиқий ҳуқуқий асосга эга бўлмаса ёки унда зиддиятлар мавжуд бўлса, бундай ҳолат суд томонидан ҳуқуқий баҳоланиши табиийдир.

Қонун устуворлиги айнан шунда намоён бўладики, суд ҳар қандай низода шахснинг субъектив қарашларига эмас, балки текширилган далиллар, ҳужжатлар ва қонун талабларига таянади. Бу эса мулкий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, давлат рўйхатининг ишончлилигини муҳофаза қилиш ҳамда ер ресурсларидан қонуний фойдаланишни таъминлашга хизмат қилади.

 

Бауржан САБУРОВ,
Жиноят ишлари бўйича Тўрткўл туман судининг тергов судьяси