Судларда инвестициявий низолар янги тартибда ҳал этилади

Инвестицияга оид низоларни ҳал қилиш бӯйича суд тизимини такомиллаштириш ҳамда инвесторлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида Президентимизнинг 2020 йил 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир кӯшимча чора-тадбирлар тӯғрисида»ги ПФ-6034-сонли Фармонида фуқароларнинг одил судловга бўлган ҳуқуқини амалда таъминлаш билан боғлиқ долзарб муаммоларга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, судларда инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ўз вақтида ва самарали ҳимоя қилиш белгиланган.

2021 йил 12 январда «Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун қабул қилиниб, унга кӯра Иқтисодий процессуал кодексига иқтисодиёт соҳасида инвесторлар ҳамда давлат органлари ўртасидаги инвестициявий шартномалардан келиб чиқадиган низолар бўйича ва рақобатга оид ишларни тааллуқлилиги ва тегишлилигига оид нормалар киритилди.

Жумладан, йирик инвестор ва рақобатга оид ишлар бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра, ушбу тоифадаги ишлар Олий суднинг инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркиби томонидан кўрилиши, қолган инвестициявий низолар инвесторларнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар суди томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши белгиланди.

Шу билан бирга, Иқтисодий процессуал кодексига янги 301-модда киритилиб, унга кўра инвестициявий низолар бўйича ишлар жумласига инвестиция шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ низолар; инвестиция шартномаларини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги низолар; инвестиция шартномасининг бажарилиши билан боғлиқ низолар; инвестиция шартномасидан келиб чиқадиган солиқ, божхона, ижтимоий, экологик ва бошқа мажбуриятларнинг инвестор томонидан бажарилиши билан боғлиқ низолар; инвестиция шартномаси бўйича инвесторга берилган мол-мулкни талаб қилиб олиш ёки бундай шартнома бўйича неустойка ундириш ва (ёки) зарарлар ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар киритилган.

Шунингдек, ушбу кодекс яна 302-модда билан тўлдирилиб, мазкур янги модда юридик шахслар, шу жумладан, чет эл юридик шахслари, хўжалик бошқаруви органлари, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда монополияга қарши органлар ўртасида товар ва молия бозорларида рақобат соҳасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган низолар рақобатга оид ишлар жумласига кириши ҳақидаги нормалардан иборат.

Хулоса қилиб айтганда инвесторлар, шу жумладан, чет эл инвесторларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш механизмининг такомиллашиши, инвестициявий низолар тез ва самарали ҳал қилинишига, ягона суд амалиёти таъминланишига кўмаклашади.

 

Рустам Курбанбаев,

Беруний туманлараро иқтисодий суди раиси 

Иқтисодий судларда иш юритишни тўхтатиб туришнинг ўзига хос хусусиятлари

Иқтисодий судларда ишларни кўриш қонунчиликда белгиланган процессуал муддатлар доирасида амалга оширилиши лозим.

Ишларни кўриш жараёнида шундай ҳолатлар кузатиладики, ишнинг привард натижаси муайян ҳаракатнинг бажарилиши ва унинг якунига боғлиқ бўлиб қолади.

Лекин, ушбу ҳаракат якунига еткунга қадар ишни кўришнинг қонунчиликда белгиланган процессуал муддати тугаши мумкин.

Шу боис, иқтисодий процессуал қонунчилигида бундай ҳолатларнинг ечими сифатида “иш юритишни тўхтатиб туриш” институти жорий этилган.

Иш юритишни тўхтатиб туриш ишнинг ҳал этилишига тўсқинлик қилувчи ҳолатлар пайдо бўлганлиги муносабати билан уларни бартараф этгунча процессуал ҳаракатларни номаълум муддатга тўхтатиб туришни англатади.

Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади)да суд иш юритишни тўхтатиб туришга мажбур бўладиган (101-модда) ва иш юритишни тўхтатиш ҳуқуқи (102-модда) қайси ҳолатларда мумкинлиги санаб ўтилган. ИПКнинг 101 ва 102-моддаларида кўрсатилган иш юритишни тўхтатиб туриш асосларининг рўйхати тугал ҳисобланади ва кенгайтирилган тарзда талқин қилинишига йўл қўйилмайди.

Иш юритишни тўхтатиб туриш муддатлари ишни кўришга тўсқинлик қилувчи ҳодисаларнинг қанча давом этишига боғлиқ бўлади. Хусусан, ИПКнинг 103-моддасига биноан:

1) ишни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, фуқаролик ишлари бўйича суд, жиноят ишлари бўйича суд, маъмурий суд ёки иқтисодий суд томонидан кўрилаётган бошқа иш ёки масала юзасидан, шунингдек тергов ҳаракатлари олиб борилаётган иш юзасидан қарор қабул қилингунига қадар кўриш мумкин бўлмаганда – тегишли суднинг суд ҳужжати қонуний кучга киргунига ёки тергов ҳаракатлари тугаллангунига қадар тўхтатилади.

Бунда тергов ҳаракатлари тугаллангунига қадар деганда, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 372-моддасида қайд этилган дастлабки терговни тамомлаш, яъни дастлабки тергов жиноят ишини тугатиш тўғрисида қарор чиқариш, айблов хулосаси тузиш, ишни тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш ёки тарафларнинг ярашуви учун судга юбориш тўғрисида қарор чиқариш ёхуд амнистия актига асосан жиноят ишини тугатиш ҳақида судга илтимоснома киритиш тўғрисида тақдимнома тузиш билан тамомлаш тушунилади.

Иш юритишни тўхтатиш учун асос бўлган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари тамомланиб, жиноят ишлари бўйича судга юборилган тақдирда, ушбу жиноят иши бўйича қабул қилган суд ҳужжати қонуний кучга кирганидан кейин иқтисодий иш юритиш тикланиши лозим.

Иқтисодий иш бўйича иш юритишни тўхтатиб туриш учун асос бўлган жиноят иши бўйича иш юритиш тўхтатиб турилган тақдирда, иқтисодий иш бўйича иш юритиш тикланиши лозим;

2) жавобгар фуқаро Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳаракатдаги қисмида бўлганда ёки Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳаракатдаги қисмидаги даъвогар-фуқаро тегишли илтимоснома билан мурожаат қилганда, тараф суд томонидан тан олиниши ва ижрога қаратилиши тўғрисида кўрилаётган чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки унинг ижросини тўхтатиб туриш ҳақида ваколатли органга илтимоснома берганда, ишда иштирок этувчи шахс бўлган фуқаро давлат мажбуриятини бажариш учун жалб қилинганда ёхуд чет давлатлар судларига низони мазмунан ҳал этиш учун алоҳида процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ҳақидаги суд топшириқлари белгиланган тартибда юборилганда – иш юритишни тўхтатиб туриш учун асос бўлган ҳолатлар бартараф қилингунига қадар;

3) ишда иштирок этувчи шахс бўлган фуқаро вафот этганда, агар низоли ҳуқуқий муносабатлар ҳуқуқий ворисликка йўл қўйса, ишда иштирок этувчи шахс бўлган фуқаро муомала лаёқатини йўқотганда ёки ишда иштирок этувчи шахс бўлган юридик шахс қайта ташкил этилганда – ишда иштирок этувчи шахснинг ҳуқуқий вориси аниқлангунига, муомалага лаёқатсиз шахсга вакил тайинлангунига, янги ташкил этилган юридик шахс давлат рўйхатидан ўтгунига қадар;

4) медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисида келишув тузилганда – медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тугагунига қадар, бироқ олтмиш кундан ортиқ бўлмаган муддатда;

5) суд томонидан экспертиза тайинланганда – суд томонидан экспертиза хулосаси олингунига қадар тўхтатиб турилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг
2014 йил 20 июндаги “Иқтисодий судлар томонидан экспертизага оид қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги
261-сонли қарори 9-бандининг иккинчи хатбошисида тушунтириш берилишича, ИПКда экспертиза тайинлаш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят берилиши (протест келтирилиши) назарда тутилмаганлиги муносабати билан судлар шуни инобатга олиши лозимки, экспертиза тайинлаш тўғрисидаги ажримда иш юритишни тўхтатиб туриш ҳам кўрсатилган бўлиб, ушбу ажрим устидан шикоят берилган (протест келтирилган) бўлса, шикоят (протест)нинг фақат иш юритишни тўхтатиб туришга оид қисми кўриб чиқилади. Агар шикоят (протест) суд ажримининг экспертизани тайинлашга оид қисми устидан берилган бўлса, уни қабул қилиш ИПК 268-моддаси биринчи қисмининг 2-банди ёки 291-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига асосан рад этилади. Агар ариза (протест) иш юритишга қабул қилинган бўлса, у бўйича иш юритиш ИПК 273-моддаси биринчи қисмининг 1-банди ёки 296-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан, шикоят (протест) кўриб чиқилаётган суд инстанциясида тугатилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг
2015 йил 19 июндаги “Иқтисодий судлар томонидан процессуал муддатларга оид қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 283-сонли қарорининг 7-бандида тушунтириш берилишича, иш юритиш тўхтатиб турилган кундан бошлаб иш бўйича барча процессуал муддатларнинг ўтиши ҳам тўхтайди ва иш юритиш тикланган кундан бошлаб уларнинг ўтиши давом этади.

Процессуал муддатларни қайта тиклаш куни бўлиб, иш юритишни тўхтатиб туришга асос бўлган ҳолатлар бартараф қилиниб, суднинг иш юритишни тиклаш тўғрисида ажрим чиқарган куни ҳисобланади. Процессуал муддат қайта тиклангандан кейин процессуал ҳаракат иш бўйича иш юритиш тўхтатиб туриш пайтига қадар қолган процессуал муддат давомида амалга оширилиши лозим.

Шунингдек, иш юритиш тиклангунига қадар суд бирор-бир процессуал ҳаракатни амалга оширишга ҳақли эмас, бундан даъвони ва далилларни таъминлашга қаратилган ҳаракатлар мустасно.

Иш юритиш тўхтатиб турилган даврда даъвони ёки далилларни таъминлаш ҳақида ариза келиб тушганда, ушбу масала ИПКнинг
96-моддасида назарда тутилган тартибда ҳал этилиши ва натижаси бўйича ажрим чиқарилиши лозим.

Иш юритишни тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар бартараф қилинганидан кейин иш юритиш тикланади.

Иш юритишни тўхтатиб туриш, уни тиклаш тўғрисида ёки уни тиклашни рад этиш ҳақида суд ажрим чиқаради.

Ажримнинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга юборилади.

Иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги, иш юритишни тиклашни рад этиш ҳақидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Бундан ташқари, суд амалиётидан келиб чиқиб, иш юритишни тўхтатиб туриш билан боғлиқ қонунчилик нормаларини янада такомиллаштириш юзасидан айрим таклифларни билдириб ўтмоқчимиз:

Биринчидан, ИПК 91-моддасининг биринчи қисмида ишни кўраётган суд бошқа туман ёки шаҳар ҳудудидаги далилларни олиш зарур бўлган тақдирда, тегишли судга муайян процессуал ҳаракатларни бажаришни топширишга ҳақли эканлиги назарда тутилган.

Лекин, бошқа иқтисодий судга суд топшириғи юборилган тақдирда, ИПКнинг 171-моддасида белгиланган суд муҳокамасини кейинга қолдириш учун белгиланган 10 кунлик муддат ичида суд топшириғини бажариш имкони амалда мавжуд эмас.

Шунинг учун ҳам ИПК 91-моддасининг учинчи қисмида суд топшириғи тўғрисидаги ажримни бажариш учун топшириқ берилган судга бундай ажрим олинган пайтдан эътиборан ўн беш кунгача бўлган муддат берилган.

Демак, ўз-ўзидан бундай ҳолатда суд топшириғи тўғрисида ажрим чиқарган суд суд муҳокамасини яна 10 кунгача муддатга қолдиришга мажбур бўлади. Суд муҳокамасини кейинга қолдиришлар сони
3 мартадан ошмаслиги кераклигини инобатга олсак, биргина суд топшириғини бажаришнинг ўзига 2-3 суд мажлисини ўтказишга тўғри келади.

Шу боис, ИПК 102-моддасини қуйидаги мазмундаги 5-банд билан, яъни “бошқа туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судига шу ҳудуддаги далилларни олиш зарурати билан муайян процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ҳақидаги суд топшириқлари белгиланган тартибда юборилганда” деб ҳамда 103-моддасини қуйидаги мазмундаги 5-банд билан, яъни “ушбу Кодекс 102-моддасининг 5-бандида назарда тутилган ҳолларда – суд топшириғини ижро этиш бўйича ҳаракатлар тугагунига қадар тўхтатиб турилади” деб тўлдириш таклиф этилади.

Маълумот ўрнида қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси 117-моддасининг
6-бандида суд томонидан суд топшириғи юборилганда суд иш юритишни тўхтатиб туришга ҳақли эканлиги белгилаб қўйилган.

Иккинчидан, ИПК 101-моддасининг 6-бандида тарафлар ўртасида медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисида келишувнинг тузилиши суднинг иш юритишни тўхтатиб туриш мажбуриятларидан бири сифатида белгиланган.

Лекин, суд амалиётида аксарият ҳолларда тарафлар судга бундай келишувни медиатив келишув билан биргаликда ёки медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисида келишув тузилгандан кейин
10 кунгача муддатда медиатив келишувнинг ўзини тақдим этиш ҳолатлари кузатилмоқда. Яъни, бундай ҳолатда суд иш юритишни тўхтатмасдан туриб, ИПКнинг 171-моддаси биринчи қисмининг иккинчи хатбошисига асосан суд муҳокамасини кейинга қолдириш орқали ҳам ҳал қилиш имкониятига эга.

Ишларнинг бундай тартибда ҳал этилиши ишда иштирок этувчи шахслар ва судлар вақтларининг ортиқча сарфланмаслигига катта омил бўлиб хизмат қилади деган фикрдамиз.

Шу боис, тарафлар ўртасида медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисида келишувнинг тузилиши судларнинг иш юритишни тўхтатиш мажбурияти сифатида эмас, балки ИПКнинг 102-моддасидаги ҳуқуқларининг бири сифатида қайд этилиши мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ўз вақтида таъминлаш учун мунтазам равишда иш юритишни тўхтатиб туришга сабабчи бўлган ҳолатларни таҳлил қилиб, уларни тезда бартараф этиш орқали иш юритишни тиклаш чораларини кўриб боришларимиз лозим.

 

Қуанышбай Хожамуратов,

Беруний туманлараро иқтисодий судининг судьяси

“Трамадол Ланнахер 50 мг” гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда сақлаб келган шахсга 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди

Инсоният таррақиётнинг янги чўққилари забт этилаётган бир даврда, халқлар, миллатлар келажагига таҳдид туғдирувчи гиёҳвандлик балоси глобал муаммога айланган. Ушбу иллатга қарши курашишда давлатимизда бир қанча ишлар амалга оширилмоқда.

Шунга қарамасдан айрим ҳолатларда ушбу иллатнинг чангалиги тушиб қолаётганлар учрамоқда. Шу ўринда бир мисол тариқасида жорий йилнинг 07 февраль куни Элликқалъа туман судида кўриб чиқилган жиноят иши ҳолатларига тухталиб ўтсак. Тўрткўл туманида яшовчи К.Н. исмли шахс гуёки ўзининг муқаддам йўл транспорт ҳодисасига учрагани ва ундан қолган асоратларнинг оғриқларини қолдиришда мунтазам истеъмол қилиб, 2018 йил 27 октябрь куни қабул қилинган 878-сонли қарорининг 2-рўйхатига кўра, Республика ҳудудида муомаласи чекланган гиёҳвандлик воситалари рўйхатига киритилган «Трамадол» моддаси бўлган, 22 конвалютада 212 дона таблеткадаги соф вазни 10,6 грамм бўлган кўп миқдордаги “Трамадол Ланнахер 50 мг” гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда сақлаб келган.
2021 йил 24 сентябрь куни соат 15:30-18:00 ларда К.Н нинг яшаш уйида ўтказилган тинтув давомида унинг уйининг ошхонасидан 22 дона ковалютадаги 212 дона таблетка яъни, “Трамадол Ланнахер 50мг” гиёҳвандлик воситалари борлиги аниқланиб, ашёвий далил тариқасида олинган.

Мазкур жиноят иши мазмунан кўриб чиқилиб, К.Н. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбли деб топилиб, унга нисбатан 3 (уч) йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Гиёҳвандлик оғир жиноятларнинг содир этилишига, оилалар ва миллат генофондининг бузилишига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун юртимизда наркотик моддаларни истеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш масаласига жиддий эътибор қаратилган.

Шу жумладан судлар томонидан ушбу иллатнинг ачинарли оқибатларининг олдини олиш бўйича фуқаролар, айниқса ёшлар орасида тушунтириш ишлари олиб борилиб, мазкур тоифадаги жиноят ишларини оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда мунтазам равишда ёритилиб борилмоқда.

Бундан кўзланган мақсад, жиноятларнинг содир этилишининг барвақт олдини олиш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборатдир.

 

Оразбай Мауленов,

Жиноят ишлари бўйича Элликқалъа туман суди раиси

Инсон манфаатлари йўлида

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг иккинчи бўлимида инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари ҳақида сўз боради. Конституциянинг 20-моддасида фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт.

Шу муносабатда, жиноят ишлари бўйича Элликқалъа туман суди ва Элликқалъа туман ички ишлар бўлими билан ҳамкорликда жорий йилнинг 11 январь куни, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг 2021 йил 9 ноябрдаги “Судлар томонидан 2021 йилнинг биринчи ярмида енгил тан жароҳати етказиш ва майда безорилик яъни, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 52-моддаси ва 183-моддаси билан боғлиқ кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича суд амалиётини умумлаштириш натижалари ҳақида”ги РС-59-21-сонли қарорининг 6-бандида, мазкур тоифалардаги маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни расмийлаштиришда қонунчилик талабларига риоя қилинишини таъминлаш мақсадида семинар машғулоти ўтказилди.

Бугунги кунда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича бир қанча ишлар олиб борилаётганига қарамасдан, айрим ҳолларда фуқаролар ўртасида бир-бирларига жароҳат етказиш ва жамоат жойларида спиртли ичимликлар истеъмол қилган маст ҳолатида фуқароларнинг осойишталигини бузувчи хатти-ҳаракатлар содир қилиниши кўзатилмоқда. Ушбу ҳуқуқбузарликларни содир қилган шахсларга қонун талаблари тушунтирилиши, ва уларнинг ҳуқуқий онгини оширишга қаратилган ҳуқуқий тарғибот ишларини кучайтиришимиз лозим.

Мазкур семинар машғулотида ҳам туман суди раиси Оразбай Мауленов юқоридаги тоифалардаги ишларни расмийлаштиришда қонун талабларига риоя қилиш ва фуқароларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича, барча чора тадбирлар кўрилиши лозимлиги ҳақида тушунтиришлар берди.

Ушбу семинар машғулотларини ўтказишдан мақсад, фуқароларнинг қонуний манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилиш, фуқароларнинг судга бўлган ишончини ошириш, шунингдек, Давлатимизда суд соҳасида олиб борилаётган ислоҳатларни жамоатчиликка етказиш ҳисобланади.

Конституциямизнинг 48-моддасида фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар. Конституциямизнинг мазкур талабларига риоя қилишимиз ҳар биримизнинг бурчимиз ҳисобланади.

 

Оразбай Мауленов,

Жиноят ишлари бўйича Элликқалъа туман суди раиси

 

 

Маъмурий судьялар юрисконсультлар билан учрашди

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди ва Нукус туманлараро маъмурий суди судьялари томонидан Адлия вазирлиги билан биргаликда  маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа мутасадди ташкилотларнинг юридик хизматлари билан оммавий-ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ низолар юзасидан амалиётда учраётган баъзи камчиликларни бартараф этиш юзасидан семинар-тренинг ўтказилди.

Семинар давомида “Юридик хизматларнинг вазифалари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги: амалиёт ва муаммолар”, “Маъмурий суд амалиётида давлат бошқарув органлари, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органлар ва уларнинг мансабдор шахслари, юрисконсультлари томонидан қонунчиликни қўллашда йўл қўйилган хато-камчиликлар ва уларни бартараф этиш чора-тадбирлари”, “Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби билан боғлиқ оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан юрисконсультлар томонидан йўл қўйилаётган камчиликлар” ва “Маъмурий суд томонидан вилоят, туман (шаҳар) ҳокимларининг қарорларини ҳақиқий эмас деб топилиши сабаблари: мазкур қарорларни қабул қилингунига қадар юрисконсульт томонидан бажарилиши лозим бўлган вазифаларари” мавзусида маърузалар тингланиб, мажлис якунида семинар иштирокчилари ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.

 

 

Амир Нурлипесов,

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди раиси                           

6 нафар шахс муддатидан олдин  шартли жазодан озод қилинди

Жиноят ишлари бўйича Элликқалъа туман суди томонидан 2021 йил 17 декабрь куни Элликқалъа туман ички ишлар органлари пробация гуруҳи биносида очиқ сайёр бўлиб ўтди. Унда бир гуруҳ шахслар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасига асос жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинди.

Хусусан; жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти Урганч туман суди томонидан 2020 йил 14 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан, 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган Ю.Р, 2020 йил 24 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Тўрткўл туман суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган Т.М, 2020 йил 18 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Элликқалъа туман суди томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми билан 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган Р.Х, 2017 йил 25 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Тўрткўл туман суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди билан айбдор деб топилиб 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган ва 2019 йил 22 август куни жиноят ишлари бўйича Қўнғирот туман судининг ажрими билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 74-моддаси 3-қисми “б” бандига асосан ўталмай қолган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг 3 йил 11 ой 25 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган К.Р, жиноят ишлари бўйича Беруний туман суди томонидан 2021 йил 21 январь куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми билан 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган К.К. ҳамда 2020 йил 09 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Элликқалъа туман суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган С.Жларга суд мажлисида суд томонидан тайинланган жазо муддатларининг муайян муддатини ўтаганлиги ва муносиб хулқ-атворда бўлганлиги, содир этилган қилмишининг оқибатларини тушуниб етганликлари инобатга олиниб, инсонпарварлик принципига амал қилинди.

Маҳкумларга ҳукм чиқарилганидан кейин жазони тўла ўтамай туриб, янги жиноят содир этса, суд янги ҳукм бўйича тайинланган жазо муддатига илгариги ҳукм юзасидан ўталмай қолган жазо муддатини тўла ёки қисман қўшилиши ҳақида тушунтирилди.

 

Оразбай Мауленов

Жиноят ишлари бўйича Элликқалъа туман суди раиси

 Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка биргаликда курашамиз

Ҳозирги кунда бутун дунёда рўй бераётган глобаллашув даврида хотин-қизларнинг ҳуқуқий эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш жуда ҳам долзарб масалага айланиб бормоқда. Жамиятда хотин-қизларнинг иқтисодий-сиёсий ҳамда ижтимоий-ҳуқуқий фаолиятини юксалтириш жараёнлари кечиктириб бўлмас давр талаби ҳисобланмоқда.

Сўнгги йилларда гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш бўйича ишлар бир неча йўналишларда олиб борилмоқда.

Шу маънода Беруний туманлараро иқтисодий судининг судьялари Қ.Хожамуратов ва Б.Бекмуратовлар томонидан ҳам мазкур соҳадаги қонунчилик чораларига тўхталиниб, қуйидагилар таъкидланди.

Хусусан, Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш мақсадида 2019 йил сентябрь ойида “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунлар қабул қилинди.

“Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунга биноан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи хотин-қизларнинг ҳуқуқлари белгилаб берилди, айниқса ички ишлар органларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланиб қўйилди.

Шунингдек, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти, ички ишлар, меҳнат, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини давлат томонидан бошқариш органлари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, ННТлар ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ваколатлари алоҳида ажратиб берилди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасига ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш механизми ҳамда чора-тадбирлари, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш тўғрисида ахборот олишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида туну кун ишлайдиган, бепул телефон линияси тармоғи (ишонч телефони) ишлаб туришини таъминлаш вазифаси юклатилган. Телефон линияси тармоғи махфийликка риоя этган ҳолда фаолият кўрсатади. Ишонч телефони орқали олинган ахборотни ошкор этишга йўл қўйилмайди, бундан қонунчиликда белгиланган ҳоллар мустасно.

Тазйиқ ва зўравонликдан жарбланувчилар учун Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг 1146 рақамли ҳамда Оғир аҳволга тушиб қолган аёллар учун Республика реабилитация ва мослаштириш марказининг 1169 рақамли ишонч телефонлари йўлга қўйилган.

Бундан ташқари, Қонунда ҳимоя ордерини бериш ва унинг муддатини узайтириш тартиби ҳам белгиланган бўлиб, ҳимоя ордери тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига берилади. Тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахсга ҳимоя ордерининг нусхаси берилади.

Гендер тенглик бўйича институционал чораларга келсак, айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати таркибида аёллар ҳуқуқларини таъминлаш ва камситишнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш бўйича миллий қонунчиликда халқаро стандартларни уйғунлаштириш билан шуғулланувчи янги Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил қилинган. Бундан ташқари, меҳнатга оид ҳуқуқларнинг кафолатлари ва қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, уйдаги зўравонлик қурбонларига ёрдам бериш мақсадида Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази ва Хотин-қизлар тадбиркорлиги маркази, Ҳукумат ҳузурида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази каби янги тузилмалар ташкил топди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, ишлаб чиқилаётган чора-тадбирлар мамлакатнинг барча ҳудудлари ва хотин-қизларнинг барча тоифаларини қамраб олиши керак. Бу ерда айниқса чекка ҳудудлардаги, қишлоқлардаги хотин-қизларга, этник озчилик гуруҳлари, ногиронлар ва нотинч оилалардаги хотин-қизларга асосий эътибор қаратилиши даркор.

 

Байрамбай Бекмуратов,

Беруний туманлараро иқтисодий судининг судьяси

Коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар

Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида «Коррупцияга қарши ҳаракатлар ва кураш» мавзусида ҳуқуқий-маънавий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси суди судьялари С.Ниязов ва У.Сабировлар томонидан Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 24 ноябрда қабул қилинган, Сенат томонидан 2016 йил 13 декабрда маъқулланган ва 2017 йил 3 январь куни қабул қилинган «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги қонуннинг мазмун ва моҳияти ҳаётий тамойиллар асосида тушунтириб берилди.

Унда коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилиши юзасидан мониторингни амалга ошириш, ушбу соҳадаги мавжуд ташкилий-амалий ва ҳуқуқий механизмларнинг самарадорлигини баҳолаш, коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва ушбу соҳадаги ишларни яхшилаш, ҳудудий идоралараро комиссиялар фаолиятини мувофиқлаштириш каби масалалар қайд қилинган.

Қорақалпоғистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида ҳам коррупцияга қарши курашиш, бу борада соҳада ҳуқуқий билимларни кучайттириш масаласига алоҳида эътибор қаратилганлиги таъкидланди. Соҳа ходимларининг бу иллатга қарши шахсий жавобгарлиги оширилди. Тизимда бугунги кунда қонун ва бошқа меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, коррупциоген хавф-хатарлар, манфаатлар тўқнашувини ўз вақтида аниқлаш ва чек қўйиш, қонун бузилиши ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича амалий ишлар олиб бормоқда.

Коррупцияга қарши кураш жазони кучайтириш билан эмас, балки ҳаётни яхшилаш, тўлиқ фаровонликка эришиш учун оқилона тизим зарур.

Тадбир кўтаринки руҳда, қизғин савол-жавоблар тарзида ўтди.

Спартак Ниязов,
Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси

Кегейлида “Ягона дарча тизими”ни судлар фаолиятига тадбиқ этиш лойиҳасининг аҳамияти тушунтирилди

Маълумки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурида суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг асосий йўналишларига тўхталиб, эндиликда судлар фаолиятига “ягона дарча” тартиби жорий этилиши билан боғлиқ ташаббусни илгари сурган эди. Жумладан, бундан буён иш фуқаролик, иқтисодий ёки маъмурий судга тааллуқли бўлишидан қатъи назар, ариза “ягона дарча” асосида қабул қилиниши, бу эса фуқаро ва тадбиркорларнинг эшикма-эшик сарсон бўлишига чек қўйиши таъкидлаган эди.

Ўз навбатида Олий суд томонидан айни масалага доир лойиҳа ишлаб чиқилиб, судьялар, адвокатлар ҳамда кенг жамоатчиликка ҳавола этиш, лойиҳа юзасидан фикр-мулоҳазаларни умумлаштириш жараёнлари олиб борилмоқда.

Кегейли туманида ўтказилган тадбирга туман ҳокими Д.Утемуратов, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди раиси А.Нурлипесов, туман прокурори Қ.Бекмуратов ва тумандаги овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, тадбиркорлар ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди. Унда  Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди раиси А.Нурлипесов сўзга чиқиб,  янгича ёндашувнинг қулайлик ва афзалликларига алоҳида тўхталиб ўтди.

Шунингдек, тадбирда судларга тадбиқ этилиши режалаштирилаётган “ягона дарча” тизимининг афзалликлари ва қулайликлари тушунтирилиб, бунинг учун амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.  Шу билан бирга, йиғилишда қатнашган айрим ҳуқуқшунос ва тадбиркорлар лойиҳани амалга оширишда эътиборга қаратилиши лозим бўлган масалалар юзасидан ўз таклифларини ҳам билдириб ўтдилар.

 

 

“Ягона дарча” тамойили судларга жорий этилмоқда

Қорақалпоғистон Республикаси суди раиси ўринбосари К.Тарихов, Жиноят ишлари бўйича Қўнғирот туман суди раиси Д.Разов ҳамда Қўнғирот туманлараро иқтисодий суди раиси А.Аяповлар Қўнғирот туман туман Давлат хизматлари марказларида туман Адлия бўлими ходимлари, Юридик хизмат марказининг раҳбар ва ходимлари, тадбиркорлик субъектлари иштирокида “ягона дарча тизими”ни судлар фаолиятига тадбиқ этиш лойиҳасининг аҳамияти хусусида тушунтириш ишлари олиб борилди.

   

 

Маълумки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурида суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг асосий йўналишларига тўхталиб, эндиликда судлар фаолиятига “ягона дарча” тартиби жорий этилиши билан боғлиқ ташаббусни илгари сурган эди. Жумладан, бундан буён иш фуқаролик, иқтисодий ёки маъмурий судга тааллуқли бўлишидан қатъи назар, ариза “ягона дарча” асосида қабул қилиниши, бу эса фуқаро ва тадбиркорларнинг эшикма-эшик сарсон бўлишига чек қўйиши таъкидлаган эди.

         

Ўз навбатида Олий суд томонидан айни масалага доир лойиҳа ишлаб чиқилиб, судьялар, адвокатлар ҳамда кенг жамоатчиликка ҳавола этиш, лойиҳа юзасидан фикр-мулоҳазаларни умумлаштириш жараёнлари олиб борилмоқда.

       

Жойларда бошланган мулоқотда янгича ёндашувнинг қулайлик ва афзалликлари борасида сўз юритилиб, муҳокама жараёнида тадбир иштирокчилари ўзларининг фикр-мулоҳазаларини баён қилди.

 

Алишер Аяпов,

Иқтисодий ишлар бўйича Қўнғирот туманлараро суди раиси

Skip to content