Нукус гарнизони ҳарбий хизматчилари иштирокида коррупцияга қарши курашиш юзасидан профилактик тадбир ҳамда оммавий сайёр қабул ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, Нукус ҳарбий суди ҳамда Нукус ҳарбий прокуратураси рахбарияти томонидан Нукус гарнизони маънавият ва маърифат маркази биносида Нукус гарнизони ҳарбий хизматчилари иштирокида коррупцияга қарши курашиш юзасидан профилактик тадбир ҳамда оммавий сайёр қабул ўтказилди.

 

 

Тадбирда Нукус ҳарбий судининг раиси С.Т.Кушатов кун тартибидаги масалалар бўйича, яъни Нукус гарнизони ҳарбий хизматчилари иштирокида коррупцияга қарши курашиш юзасидан “Коррупция – жамиятни емирувчи иллатдир” мавзусида ўтказилаётган профилактик тадбирнинг аҳамияти, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раёсатининг 2022 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судиниг одил судловни амалга ошириш борасидаги вазифалари тўғрисида”ги РС-03-22-сонли қарорига илова қилинган ҳаракатлар дастурининг 15-банди ижроси юзасидан ҳудудларда фуқароларнинг мурожаатлари юзасидан сайёр қабуллар ўтказилиши белгиланганлигини таъкидлаб, тадбирнинг мазмун-моҳиятини тушунтирди ва йиғилишда иштирок этаётган масъуллар билан ҳарбийларни яқиндан таништирди.

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди судьяси А.Саттаров йиғилиш иштирокчилари эътиборига “Коррупция – жамиятни емирувчи иллатдир” мавзусида маъруза қилди. Тингланган маъруза бўйича тадбир иштирокчилари ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоблар олишди.

 

 

Шундан сўнг Нукус ҳарбий суди раиси С.Кушатов сўзга чиқиб, ҳарбий хизматчилар ҳамда Қуролли Кучлар ишчи хизматчилари томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар, уларнинг оқибати, келиб чиқиш сабаб ва шароитлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида нафақат Қуролли Кучларда, балки барча соҳаларда коррупцияга қарши кураш кенг кўламда олиб борилаётганлигини ва бирор бир ҳолат аниқланган тақдирда қонуний асосланган ҳолда қатъий чоралар курилаётганлигини таъкидлаб, қонунчилигимизда коррупцияга қандай жазолар қўлланилиши ҳақида ҳарбий хизматчилар тушунтиришлар берди.

 

 

Тадбир давомида иштирок этаётган ҳарбий хизматчилар ўзларини қийнаб келган муаммолари бўйича тегишли соҳа вакилларига мурожаат қилишди. Хусусан, шартнома асосидаги ҳарбий хизматчиси Фартиев Каримжон, мурожатида Нукус шаҳрида хизматини давом эттириш учун яқинда келганлигини, хозирда Нукус шаҳри 23 кичик тумандаги кўп қаватли хонадонларнинг бирида вақтинча яшаётганлигини, оила қарамоғида бўлган 3 ёшар фарзандини мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш масаласида ёрдам беришни сўраган. Бу мурожаат бўйича Қорақалпоғистон Республикаси мактабгача таълим вазирлиги маъсул ходими давлатимиз томонидан ҳарбий хизматчиларга нисбатан фарзандларини мактабгача таълим муассасаларига қўйишга берилган имтиёзлар бўйича тушунтиришлар берилди.

 

Шартнома асосидаги ҳарбий хизматчиси Мамадиёров Маъмуржон ўз мурожатида турмуш ўртоғини ишга жойлаштириш масаласида ёрдам беришни сўраган. Бу мурожаат бўйича Қорақалпоғистон Республикаси мактабгача таълим вазирлиги маъсул ходими томонидан Қорақалопғистон Республикасида мактабгача таълим муассасаларида 135 та бўш иш жойлари борлигини, турмуш ўртоғи тегишли ҳужжатларини ўзи билан билан бирга олиб келган ҳолда, ўз мутахассислиги бўйича мактабгача таълим муассасаларидан бирига ишга жойлашиши мумкинлиги тушунтирилди.

 

Санжар Кушатов,

Нукус ҳарбий суди раиси

 

 

МАҲСУЛОТ ЕТКАЗИБ БЕРИШ ТЎҒРИСИДА

Маҳсулот етказиб бериш шартномаси эркин тадбиркорликда товарлар олди-соттиси бўйича энг кўп тарқалган тижорат амалиётида қўлланадиган шартномалардан иборат. Маҳсулот етказиб бериш шартномасига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган маҳсулот етказиб берувчи -сотувчи шартлашилган муддатда ёки муддатларда ўзи ишлаб чиқарадиган ёхуд сотиб оладиган товарларни сотиб олувчига тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун ёки шахсий, ойлавий мақсадларда, рўзғорда ва шунга ўхшаш бошқа мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш учун топшириш, сотиб олувчи эса товарларни қабул қилиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олади.

Маҳсулот етказиб бериш шартномаси бир йилга, бир йилдан ортиқ муддатга ёки тарафлар келишувида назарда тутилган бошқа муддатларда тузилиши мумкин. Агар маҳсулот етказиб бериш шартномасида унинг амал қилиш муддати белгиланган бўлса, шартнома бир йилга тузилган деб ҳисобланади. Агар узоқ муддатли шартномада етказиб берилиши лозим бўлган товарлар миқдори ёки шартноманинг бошқа шартлари бир йилга ёки ундан ортиқ муддатга белгиланган бўлса, шартномада тарафларнинг бу шартларни шартноманинг амал қилиш муддати тугагунга қадар кейинги даврлар учун келишиб олиш тартиби белгиланиши лозим. Шартномада бундай тартиб бўлмаса, шартнома бир йилга ёки шартнома шартлари келишилган муддатга тузилган ҳисобланади.

Товарларни шартноманинг амал қилиш муддати мобайнида туркум-туркум қилиб етказиб беришни назарда тутувчи маҳсулот етказиб бериш шартномасининг жиддий шарти – маҳсулот етказиб бериш даври, яъни товарларни туркум-туркум қилиб етказиб бериш юзасидан тарафлар шартлашган муддатлардир. Ўзаро муносабатларнинг аниқ шартларига боғлиқ равишда, шартномада маҳсулот етказиб бериш даврларини белгилаш билан бир қаторда товарларни етказиб бериш жадвали ҳамда унга риоя этилмагани учун мустақил жавобгарлик ҳам белгиланиши мумкин.

Тадбиркорлик муносабатини ифодаловчи бошқа шартномаларда бўлгани каби, мажбуриятларни муддатидан олдин бажаришга фақат тарафларнинг розилиги билангина йўл қўйилади. Маҳсулот етказиб бериш шартномасининг ҳусусияти шундай қоидадан иборатки, унга мувофиқ, биринчидан, маҳсулотни муддатидан олдин етказиб бериш учун сотиб олувчининг розилиги бўлиши талаб қилинади, иккинчидан, муддатидан олдин етказиб берилган ва сотиб олувчи томонидан қабул қилинган товарлар кейинги даврда берилиши лозим бўлган товарлар миқдорига киритилади. Маҳсулот етказиб бериш шартномаси бўйича товарларни сотиб олувчиларнинг ўзлари қабул қилиб олувчилардан ёки истеъмол қилувчилардан иборат бўлмасликлари мумкин. Улар товарни сотишни амалга ошириш бўйича воситачилик қилувчи улгуржи савдо ва бошқа ташкилотлардан иборат бўлиши мумкин.

Агар шартнома бўйича сотиб олувчининг ўзи товарни шахсга етказиб бериш тартиби назарда тутилади. Демак, товарларни шартнома бўйича сотиб олувчига ёки ундан олувчи сифатида кўрсатилган шахсга жўнатиш (топшириш) йўли билан амалга оширилиши лозим. Шартномада товарларни олувчиларга жўнатиш тўғрисида маҳсулот етказиб берувчига кўрсатмалар бериш ҳуқуқи назарда тутилган бўлса, маҳсулот етказиб берувчи товарларни жўнатиш разнарядкасида кўрсатилган олувчиларга жўнатиши керак. Жўнатиш разнарядкасининг мазмуни ва уни сотиб олувчи томонидан маҳсулот етказиб берувчига юбориш муддатлари шартномаларда белгиланади. Сотиб олувчининг белгиланган муддатда жўнатиш разнарядкасини тақдим этмаслиги маҳсулот етказиб берувчига шартномани бажаришдан бош тортиш ёхуд товарлар жўнатишни тўхтатиб қўйиш ҳуқуқини беради.

Сотиб олувчига сифати тегишли даражада бўлмаган товар сотилганида, агар унинг камчиликлари шартнома тузиш пайтида малум қилинмаган бўлса, сотиб олувчи ўз хоҳишига кўра худди шу маркадаги сифати тегишли даражада бўлган товарга алмаштиришни, харид нархини тегишинча қайта ҳисоблаган ҳолда бошқа маркадаги сифати тегишли даражада бўлган товарга алмаштиришни, товарнинг камчиликларини, ҳарид нархини мутонасиб равишда камайтиришни, кўрилган зарар ўрнини қоплаган ҳолда нархини мутонасиб равишда камайтиришни, кўрилган зарар ўрнини қоплаган ҳолда шартнома бекор қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Агар етказиб берилган товарлар сифати, ассортименти ва нави бўйича стандартлар техник шартлар, намуналарга, қонун ҳужжатларида ёки хўжалик шартномасида белгиланган бошқа мажбурий шартларга мос келмаса, сотиб олувчи товарларни қабул қилиш ҳамда уларнинг ҳақини тўлашни рад этиб, етказиб берувчидан сифати, ассортименти ва нави лозим даражада бўлмаган товарлар қийматининг 20 фоизи миқдорида жарима ундириб олишга, агар товарлар ҳақи тўлаб қўйилган бўлса, тўланган суммани белгиланган тартибда қайтаришни талаб қилишга ҳақлидир. Сифати, ассортименти ва нави лозим даражада бўлмаган товарлар етказиб берганлик учун жарима етказиб берувчидан акцептсиз тартибда ундириб олинади.

Жаримани ундириш тўғрисида тўлов талабномаси банк муассасасига товарларнинг сифати, ассортименти ва нави лозим даражада эмаслиги тўғрисидаги далолатнома тузилгандан кейин ўн кун ичида тақдим этилади. Жаримани ундириш тўғрисидаги тўлов талабномаси банк муассасасига товарларнинг сифати, ассортименти ва нави лозим даражада эмаслиги тўғрисидаги далолатнома тузилганидан кейин ўн кун ичида тақдим этилади. Жаримани ундириш тўғрисидаги тўлов талабномаси белгиланган ўн кунлик муддатни бузган ҳолда тақдим этилганда, жаримани ундириш белгиланган тартибда амалга оширилади.

Бут бўлмаган товарлар етказиб берилган тақдирда сотиб олувчи товарларни бутлаб беришни талаб қилишга ҳақли. Етказиб берувчи сотиб олувчининг талабини олган пайтдан бошлаб, агар тарафларнинг келишувида ўзга муддат белгиланган бўлмаса, ўн беш кунлик муддат ичида товарларни бутлаб бериши шарт, бундан буён товарлар бутлаб берилгунга қадар уларнинг ҳақини тўлашдан бош тортишга, агар товарларнинг ҳақи тўлаб қўйилган бўлса, белгиланган тартибда тўланган суммалар қайтарилишини талаб қилишга ҳақли, етишмаётган қисмлар қйиматини қўшган ҳолда, етказиб берувчидан бут бўлмаган товарлар қйиматининг 20 фоизи миқдорида жарима ундиришга ҳақли.

Р. КУРБАНБАЕВ,
Беруний туманлараро иқтисодий суди раиси

Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги Қонуннинг ӯзига ҳос ҳусусиятлари

Ӯзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йилнинг 12 апрель куни Ўзбекистон Республикасининг «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги Қонуни имзоланди.

Тўловга қобилиятсизлик аломатлари қуйидагилардан иборат: Вақтинча тўловга қобилиятсизлик — мажбуриятни 3 ойда бажара олмаслик (шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхоналар томонидан эса 6 ой ичида бажаролмаслик);

Доимий тўловга қобилиятсизлик — судга ариза бериш санасидаги ва ариза берилган йилнинг бошидаги ҳисобот даврида қарздорнинг мажбуриятлари унинг активлари қийматидан ошиб кетиши.

Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш суд томонидан кўриб чиқилади.

Қарздор пул мажбуриятларини бажармаганлиги муносабати билан унга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат этиш ҳуқуқига қарздорнинг ўзи ва кредитор эга.

Тўловга қобилиятсизлик аломатлари аниқланган тақдирда давлат солиқ хизмати, давлат статистика органлари ваколатли давлат органига устав фондида (устав капиталида) давлат улуши бўлган корхоналар ҳақидаги маълумотларни тақдим этиши шарт.

Тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомиллари қўлланилаётганда барча кредиторларнинг манфаатларини кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитаси ҳимоя қилади.

Ушбу Қонун билан жисмоний шахсларни ҳам банкрот деб топиш мумкинлиги белгиланди. Илгари қонунчиликда бундай тартиб-таомиллар назарда тутилмаган. Жисмоний шахсга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида судга ариза берган аризачи томонидан молиявий бошқарувчига ҳақ тўлаш учун суднинг депозит ҳисобварағига меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг
7 баравари миқдорида олдиндан пул маблағлари ўтказилади.

Тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган тартиби қўлланилганда, агар қарздор билан бошқача келишув белгиланган бўлмаса, суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш харажатларининг ўрни қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида ариза берган аризачи томонидан қопланади.

Бунда суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш учун суднинг депозит ҳисобварағига меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 7 баравари миқдорида олдиндан тўлов амалга оширилади. Суд бошқарувчисига ҳақ ҳар бир якунланган иши учун тўланади.

Қарздорни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда судгача санация қилиш 12 ойдан 24 ойгача муддатга жорий этилади.

Давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда судгача санация қилиш тартиб-таомили унинг самарасизлиги аниқланганлиги муносабати билан бекор қилиниши мумкин.

Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш суд мажлисида қарздорнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза иш юритишга қабул қилинганлиги тўғрисида ажрим чиқарилган кундан эътиборан 2 ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилиши керак. Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишни кўриш алоҳида ҳолларда 1 ойдан ошмаган муддатга узайтирилиши мумкин.

Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш бўйича суд ҳужжатлари дарҳол ижро этилиши лозим.

Суднинг жисмоний шахснинг қарзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш режасини тасдиқлаш тўғрисидаги ажрими ёки жисмоний шахсни банкрот деб топиш ва унинг мол-мулкини сотиш тартиб таомилини бошлаш тўғрисидаги қарори чиқарилгунига қадар ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратишга йўл қўйилмайди.

Жисмоний шахснинг мулкий ҳoлaти яxшилaнгaн тaқдирдa, крeдитoрлaр йиғилиши жисмоний шахснинг қaрзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш рeжaсигa ўзгaртишлар киритиш тўғрисидaги илтимоснома билaн судгa мурoжaaт қилишгa ҳaқли.

Рустам Курбанбаев,
Беруний туманлараро иқтисодий судининг раиси

Одил судловни амалга оширишга қарши жиноятлар учун жавобгарлик

Ўзбекистон Республикаси Жиноят ва жиноят процессуал қонунчилигини такомиллаштириш Концепциясида суд-ҳуқуқ соҳасида мамлакатимизда том маънодаги мустақил суд тизими шакллантириш, одил судловни амалга оширишга қарши жиноятлар учун жавобгарлик масалалари жамланган меъёрларни кенгайтириш назарда тутилган.

Жиноят учун жавобгарлик – жиноят содир этишда айбдор бӯлган шахсга нисбатан суд томонидан ҳукм қилиш, жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси қȳлланилишда ифодаланадиган жиноят содир этишнинг ҳуқуқий оқибати  бӯлиб ҳисобланади. Ҳар кандай жиноий  жавобгарлик жиноий-ҳуқуқий муносабат доирасида мавжуд бӯлиб, мазкур муносабат жиноятни содир этиш ҳолатидан, яъни ҳуқуқий норма билан тартибга солинадиган юридик фактдан пайдо бӯлади. Мазкур юридик ҳодиса уни содир этишда айбдор деб топилган шахс билан жиноий қилмишларга қарши кураш вазифасини амалга оширувчи ваколатли давлат идоралари ӯртасида махсус муносабатларни вужудга келтиради.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг умумий қисмининг ХVI боби “Одил судловга қарши жиноятлар”га бағишланган бӯлиб, унда одил судловга қарши жиноятлар турлари ҳамда ушбу жиноятлар учун жавобгарлик белгиланган. Одил судловга қарши жиноятлар қаторига Жиноят кодекси моддарида назарда тутилган қȳйидаги жиноятлар киритилган:

230-модда – айбсиз кишини жавобгарликка тортиш,

230-1–модда – далилларни сохталаштириш (қалбакилаштириш),

230-2-модда – тезкор-қидирув фаолияти натижаларини сохталаштириш,

231-модда – адолатсиз хукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқариш,

232-модда – суд ҳужжатини ижро этмаслик,

233-модда – банд солинган мулкни конунга хилоф равишда тасарруф этиш,

234-модда – конунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш,

235-модда – қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларни қӯллаш,

236-модда – тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш,

237-модда – ёлғон хабар бериш,

238-модда – ёлғон гувоҳлик бериш,

239-модда суриштирув ёки дастлабки тергов маълумотларини ошкор қилиш,

240-модда – жиноят процессини юритиш қатнашчиларининг ӯз зиммасидаги вазифани бажаришдан буйин товлаши,

241-моддаси – жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш,

241-1 моддаси – жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яшириш жиноятлари учун жавобгарлик белгиланган.

Суриштирув, дастлабки тергов босқичларида одил судловнинг манфаатларини амалга ошириш билан боғлиқ бȳлган ижтимоий муносабатлар ҳамда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари      мазкур жиноятларнинг объекти бӯлиб ҳисобланади.

Таҳлил  этилаётган жиноятлар таркибининг объектив томони айбсиз шахсларни конуний жавобгарликка тортишдир. Бу қилмиш –  конунни қȳпол равишда бузиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини чеклаш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси одил судлови манфаатларига риоя қилмасликдир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25-моддасида “Ҳар ким эркинлик ва дахлсизлик ҳуқуқига эга. Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда оқланиши мумкин эмас” деб кӯрсатилган бӯлса, Ўзбекистон Республикаси ЖК нинг 4-моддасида “Ҳеч ким суднинг ҳукми бӯлмай туриб жиноят содир қилишда айбли деб топилиши ва қонунга ҳилоф равишда жазога тортилиши мумкин эмас” деб таъқидланган.

Айбсиз кишини жиноий жавобгарликка тортиш тӯғрисида ҳукмнинг чиқарилиши ва айбнинг эълон қилинишидан бошлаб тугалланган деб ҳисобланади.

Жиноятнинг субъектив томони тӯғри қасд билан изоҳланади. Сабаби прокурор, терговчи, суриштирувчи ва суд айбсиз шахсни жиноий жавобгарликка тортаётганлигини билади ва мазкур хатти-ҳаракатни истайди. Айбсиз шахсни жиноий жавобгарликка тортиш мотивлари – қасд, амалпарастлик, ӯч, ҳасад ва бошқалар сабаб бӯлиши мукин. Ҳар қандай сабаб жиноятнинг  муқаррар белгиси бӯлмайди ва у жиноий жавобгарликка таъсир этмайди.

Ҳуқуқни мухофаза этиш органларининг лавозимли шахслари, шунингдек, муайян иш юзасидан одил судловни амалга ошириш ҳуқуқ ва мажбуриятларига эга бȳлган шахслар мазкур жиноятнинг субъекти бӯлиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 231-моддасида олдиндан била туриб, адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқарганлик учун жавобгарлик белгиланган.  Ўша ҳаракатлар одам ӯлишига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бӯлса беш йилдан ӯн йилгача озодлиқдан маҳрум қилиш жазоси белгилаган.

Жиноятнинг бевосита объекти одил судлов органларининг нормал фаолияти, суд ҳокимиятининг обрȳйи, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари, шунингдек, корхоналар, ташкилотлар, муассасаларнинг манфаатлари ҳисобланади. Жиноятнинг предмети судья томонидан қабул қилинадиган ҳуқуқий ҳужжатлар: ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор ҳисобланади.

Жиноят ишлари бȳйича қабул қилинган адолатсиз ҳукмларнинг энг кȳп учрайдиган турларига қȳйидагилар киради:

айбловнинг исбот этилмаганлиги (айбсиз шахснинг судланганлиги);

айбдорнинг айби исбот этилганда уни оқлаб чиқариш;

жиноятни оғирлаштириш ёки енгиллаштириш тарафига олдиндан нотȳғри квалификация қилиш оқибатида мустақил тарзда асоссиз жуда оғир ёки жуда енгил жазо тайинлаш ва ҳоказо.

Санаб ȳтилган адолатсиз ҳукм турлари моддий қонуннинг жиддий бузилиш билан тавсифланади. Шунингдек, жиноят-процессуал қонун-қоидаларнинг жиддий бузилиши (судланувчининг ҳимояга бȳлган ҳуқуқининг бузилиши, ҳимоячи билан таъминламаслик, охирги сȳз берилмаслиги ва бошқа ҳолатлар) оқибатида ҳукм адолатсиз ҳисобланади.

Судьяни адолатсиз қарор чиқаришга ноқонуний кӯрсатма берган мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ЖК нинг 28 ва 231-моддалари билан баҳоланиши лозимлиги алоҳида таъқидланади.

Ўзбекистон Республикаси ЖК нинг 232-моддасида суд ёки судьянинг ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарорини қасдан бажармаслиги ёхуд уларнинг бажарилишига тӯсқинлик қилиш учун  базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Мазкур жиноятнинг объекти суднинг ва суд ҳужжатларини ижро этиш билан шуғулланадиган давлат органларининг нормал фаолиятини таъминловчи ижтимоий муносабатлар ҳисобланади. Объектив томондан шарҳланаётган жиноят муайян ҳаракталарни содир этиш ёхуд уларни содир этишдан ȳзини тийиш мажбуриятини юкловчи суд ҳужжатини бажаришдан буйин товлаш маъмурий жазо қȳлланилганидан кейин давом эттириш, шунингдек суд ҳужжатининг ижро этилишига тȳсқинлик қилишда ифодаланади.

Суднинг тегишли ҳужжатини бажариш учун қонунда кȳрсатилган муддат тугаган ёхуд унинг бажарилишига тȳсқинлик қилишга қаратилган ҳаракат содир этилган пайтдан эьтиборан жиноят тугалланган ҳисобланади. Бунда қандайдир оқибатларнинг келиб чиқиши талаб этилмайди, бироқ булар суд  томонидан эътиборга олиниши мумкин.

ЖК 232-моддасида кȳрсатилган жиноят субъектив томондан тўғри қасд билан содир этилади. Айбдор суд ҳукми, ҳал қилув қарорини бажармаётганлигини ёхуд бажаришга тȳсқинлик қилаётганлигини англайди ва бу ҳаракатларни амалга оширишни ҳоҳлайди. Лекин бу ҳолатда мотив аҳамиятга эга бȳлмайди, бу ғаразли ният, шахсий манфаатдорлик, нотȳғри тушунилган хизмат манфаатлари, биродарлик туйғуси ва ҳоказолар бȳлиши мумкин.

Жиноят субъекти эса 232-моддаси биринчи қисми бȳйича 18 ёшга тȳлган, ақли расо жисмоний шахслар, иккинчи қисми бȳйича эса фақат мансабдор шахслар-юборилган суд ҳужжатларини бажариш ваколати  доирасига кирувчи ташкилот, корхона, муассасаларнинг раҳбарлари бȳлиши мумкин.

Одил судловга қарши   жиноятларнинг бири қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш бӯлиб ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 234-моддасида:

Била туриб, қонунга хилоф равишда ушлаб туриш, яъни терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи ёки прокурор томонидан қонуний асосга эга бўлмаган ҳолда шахс эркинлигининг қисқа муддатга чекланиши — базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки бир йилгача озодликни чеклаш ёхуд бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан;

Била туриб, қонунга хилоф равишда ҳибсга олиш ёки ҳибсда сақлаш — базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланаши кȳрсатилган.

Мазкур жиноятнинг объекти суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура ва суд идораларининг нормал фаолияти ва обрȳйи, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, объектив томони эса қонунг хилоф равишда ушлуб туришда, яъни шахс эркинлигини қисқа муддатга чеклашда ифодаланади.

Қонунга хилоф равишда ушлаб туриш субъектив томондан тȳғри қасд билан содир этилиб, айбдор ȳзи амалга ошираётган ушлаб туриш ноқонуний эканлигини англайди, бироқ шунга қарамасдан ёки бошқа мотивлар билан ушлаб туришни амалга оширишни ҳоҳлайди ёхуд ушлаб турилган шахсни белгиланган жойда тегишли муддатдан ортиқ муддатга ушлаб туради. Жиноят субъекти эса фақат махсус шахслар: яъни суриштирувчи, терговчи ёки прокурор бȳлиши мумкин.

Шунингдек ЖК нинг 235-моддасида қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш учун жавобгарлик белгиланган.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг 13-моддасида: “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади” деб,  26-моддасида  эса “ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас” мустаҳкамлаб қуйилган. Қийноққа солиш, бошқа шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомала ҳамда жазо турлари халқаро ҳамжамият томонидан ғайриинсоний ва йȳл қуйиб бȳлмайдиган ҳолат сифатида тан олинади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига кȳра, мазкур модданинг биринчи қисмидаги жиноят учун муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб, уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан, иккинчи қисми учун эса муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб, беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган.

Шунингдек  236-модда тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш, 237-модда ёлғон хабар бериш, 238-модда ёлғон гувоҳлик бериш, 239-модда Суриштирув ёки дастлабки тергов маълумотларини ошкор қилиш, 240-модда жиноят процессини юритиш қатнашчиларининг ӯз зиммасидаги вазифани бажаришдан буйин товлаши, 241-моддаси жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш, 241-1 жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яшириш жиноятлари учун жавобгарлик белгиланган.

Давлат раҳбаримиз ӯз маърузаларида “Суд биносига келган ҳар-бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак, Ўзбекистонда судьялар конунларнинг толмос ҳимоячилари, адолатнинг мустаҳам утунлари бӯлиши керак”-деб таъқидлаган эди. Шу боис судлар томонидан ҳукм чиқаришда Конституцияда ва Жиноят-процессуал кодексида белгиланган одил судловни фуқароларнинг қонун ва суд олдида тенглиги асосида амалга  ошириш, шахснинг шаъни, қадр қимматини ҳурмат қилиш, тарафларнинг ӯзаро тортишуви, далилларнинг бевосита текширилиши, ишнинг ҳақиқий ҳолатини аниклаш сингари жиноят процессининг муҳим принципларига амал қилади.

2022-2026 йилларга мӯлжалланган янги Ўзбекистоннинг тарақиёт стратегиясида давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан суд назоратини ӯрнатиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришишдаги асосий вазифалари белгиланиб берилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев 2019 йили 26 август куни Самарканд шаҳрида бӯлиб ӯтган учрашувда: “Янги Ўзбекистонни янги тарихини яратаяпмиз, бунда сизларнинг ҳиссаларинг жуда катта. Ҳисса нимадан иборат: адолат, адолат яна бир маротаба адолат”-деб айтган эди.

Ҳар кандай суд хукми Ўзбекистон Республикаси номидан чиқарилади шу боис ҳар кандай хукм қонуний, асосли ва адолатли бӯлиши   шарт бӯлиб ҳисобланади. Суд муҳокамасини қандай бȳлмасин чеклашларга, бевосита ёки билвосита таъсир кӯрсатиш, таҳдид қилиш ёҳуд суд фаолиятига мансабдор шахс ёки фуқаронинг қай тарафдан ва қандай масалада бӯлмасин аралашишига йул қуйилмайди.

ЎзР ЖК нинг 10-моддасига асосан  қилмишида жиноят таркибининг мавжудлиги аниқланган ҳар бир шахс жавобгарликка тортилиши шарт.

Жиноий-ҳуқуқий жавобгарликнинг муқараррлиги принципи жиноятни содир этган ҳар бир шахснинг, мазкур жиноят учун жавобгар эканлигини ифодалайдиган асосий қоида ҳисобланади. Ҳар қандай жавобгарлик чораси Жиноят кодекси 8-моддасининг 1-қисмида кӯзда тутилган мезонларга ва Кодекснинг бошқа тамойиллари, яъни конунийлик,  фуқароларнинг конун олдида  тенглиги, инсонпарварлик, одиллик,  айб учун жавобгарлик, жавобгарликнинг муқараррлиги принципларига асосан белгиланади. Яъни, жиноят содир этишда айбдор бӯлган шахсга нисбатан қȳлланиладиган жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси одилона булиши, жиноятнинг оғир-енгиллигига, айбнинг ва шахснинг ижтимоий хавфлилик даражасига мувофиқ булиши лозим. Ҳеч ким  битта  содир этилган жиноят учун икки марта    жавобгарликка тортилиши мумкин эмас. Шахс конунда белгиланган тартибда айби исботланган ижтимоий хавфли қилмишлари учунгина жавобгар булади.

2018 йил 4 апрельдаги “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш буйича чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ӯзгартиш ва қӯшимчалар киритиш тӯғрисда” ги Қонун қабул қилинди.      Унда Жиноят кодексига далилларни, тезкор-қидирув фаолияти натижаларини сохталаштирганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи моддалар киритилгани ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари мансабдор шахсларининг маъсулиятини янада оширди.

 

Раиса Бекмуратова, 

Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий Кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби тингловчиси

Ўгай ота бўла оладими?

Бугунги кунда юртимизда болаларни ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, маънавий жиҳатдан ҳимоя қилиш бўйича жуда кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Оила кодекси, Фуқаролик кодекси, Меҳнат кодекси, Жиноят кодекси ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатларида болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид нормалар ўз ифодасини топган.

Амалдаги қонунчиликда болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига, шунингдек, уларнинг ҳимоясига алоҳида эътибор қаратилган.

Фуқаролар орасида фарзандларининг тарбияси, уларнинг билим олиши, беънуқсон ривожланишига эътиборсизлик қилаётганлар ҳам топилади.

Бунга мисол тариқасида, жиноят ишлари бўйича Элликқалъа туман судида кўриб чиқилган иш ҳолатларида кўришимиз мумкин.

Хусусан; фуқаро М.А, 2021 йил август ойидан 2021 йил декабрь ойига қадар ўзи билан биргаликда яшаб келаётган шаърий никоҳидаги турмуш ўртоғи У.Онинг биринчи турмуш ўртоғидан бўлган вояга етмаган Б.Гни гўёки ота сифатида тарбиялаш мақсадида фараз қилиб, лекин, аслида вояга етмаган Г.Бнинг ожизлигидан, ўзига моддий ёки бошқа жиҳатдан қарам эканлигидан ва унинг ўз ўзини ҳимоя қилиш ҳаракатларини амалга ошира олмаслигидан фойдаланиб, муттасил равишда танасининг кўплаб жойларига қўллари билан уриб, юзлари, елкалари, қўл ва оёқларига чимчилаш йўли орқали азоб бериб, унинг шаъни ва қадр қимматини камситиб, қасддан қийнаб келган.

Ушбу ҳаракатлари учун фуқаро М.А га нисбатан суд томонидан қонуний жазо чораси қўлланилди.

Юқоридагилардан кўриниб турганидек, айрим ёшларимизнинг ўз ҳаёт йўлларини тўғри танламаслиги ёш оилаларнинг бузилишига олиб келиши натижада ўрталаридаги фарзандлари жабрланиб қолаётганлиги ачинарли.

Мана шундай ҳолатларнинг олдини олиш, жамиятимизда соғлом муҳитни яратиш мақсадида, фуқаролар орасида тушунтириш ишларини олиб боришимиз, ўқув муассасаларида ёшларни оилага таёрлаш, маҳаллаларда нотинч оилалардаги асосий муаммоларни вақтида урганиб уларнинг қонуний ечимини топишга ҳеч ким бефарқ қарамаслиги лозим.

 

Оразбай  Мауленов ,

Жиноят ишлари бўйича Элликқалъа туман суди раиси

Суд-тергов фаолиятидаги ҳамкорлик

Адолатлилик ғояси, барчанинг қонун олдида тенглиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, “Адолат – қонун устуворлигида” тамойилини амалиётга янада кенг жорий этиш партиямиз устувор йвазифалардан бири ҳисобланади. Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларнинг шаъни ҳамда қадр-қиммати камситилишига йўл қўймаслик, шунингдек, суд ва тергов органларининг масъулиятини янада кучайтириш, аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ва судга бўлган ишончини янада ошириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасида “Тергов ва биринчи инстанция судида йўл қуйилаётган хато-камчиликлар” мавзусида семинар ташкил этилди. Семинарни Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг биринчи ўринбосари Сабит Иматов бошқариб борди.

Судьялар, терговчи ва прокурорлар иштирок этган тадбирда Қорақалп оғистон Республикаси судининг судьяси Султанмурат Давлетмуратов суд-тергов амалиётида, хусусан, далилларни тўплаш, мустаҳкамлаш, текшириш ва баҳолаш чоғида қонунийлик ҳамда холисликни таъминлаш билан боғлиқ айрим камчиликлар ҳусусида сўз юритди.

 

 

Суд-тергов фаолияти давомида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик асосларини янада такомиллаштириш борасида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар, уларнинг аҳамиятини таъкидлаб ўтди.

 

 

Семинарда қайд этилган масалалар, камчиликларни бартараф этиш юзасидан иштирокчиларнинг фикр ва таклифлари ҳам тингланди.

 

Султанмурат Давлетмуратов,

 Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси

Қорақалпоғистон Республикасида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича сайёр қабуллар бошланди

Мамлакатимизда инсон манфаатлари олий қадрият даражасига кўтарилди. Бугун барча давлат идоралари фаолиятида аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш бўйича сифат жиҳатидан мутлақо янги тизимга ўтди. Жойларда ўтаётган сайёр қабуллар халқнинг дардини эшитиш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда кутилган натижаларни бермоқда.

“Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил асосида Хўжайли туманида Қорақалпоғистон Республикаси суди раиси К.Тарихов ва Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди раиси А.Нурлипесовлар томонидан ўтказилган навбатдаги сайёр қабул жараёнида Хўжайли, Нукус,Тахиатош туманлари ва Нукус шаҳридан келган мурожаатчиларнинг суд-ҳуқуқ соҳасига оид масалалари тингланди. Дастлаб, ташкилотчилар иштирокида йиғилиш ўтказилиб, аҳоли муаммоларини ўрганиш, очиқ мулоқот орқали фуқароларни эшитиш ва уларнинг қалбига кириб бориш, мазкур йўналишдаги ишларни янада жадаллаштириш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳусусида сўз юритилди.
Бундан сўнг, судларнинг раислари, уларнинг ўринбосарлари ва судьялар шуъбаларга бўлиниб, фуқароларни қабул қилдилар.

   

Тахиятош тумани, Найманкўл овул фуқаролар йиғинида яшовчи Зухре Худайбергенова бундан икки йил олдин ипотека кредити асосида янгидан қурилаётган кўп қақатли квартиралардан бирини сотиб олади.
“-Аммо ўша вақтдаги тижорат банк масъуллари коронавирус билан боғлиқ карантин чекловлари кучайттирилганлиги муносабати билан аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида бу уйларнинг бошланғич тўловида бир йилга имтимз берилгани, кейин эса фақатгина маълум миқдорда 15 йилга ҳисобланган кредит қарзини ойма-ой қайтариш зарурлигини айтишган. Бошланғич тўловсиз 1 йиллик имтиёзли шарти бўлгани учун мен ҳам кўплар қаторида уч хонали квартира олгандим, номимизга ҳам ҳеч муаммосиз ҳужжатлаштириб берилди. Ўтган йилнинг октябрь ойидан бошлаб ҳар ойда кредит миқдорини вақтида тўлаб келаётган эдик. Бир куни бизга банкдан хат келди. Унда ёзилишича энди пандемия сабабли карантин чекловлари юмшатилгандан кейин бизга айтилган имтиёзли давр билан қўшиб 50 млн сумдан зиёд кредит қарздорлиги чиқарилибди. Шу кундан буён бормаган идорам қолмади. Бугун сайёр қабулни эшитиб Қорақалпоғистон Республикаси суди раисига мурожаат қилдим. Шу ернинг ўзида менинг банкдаги кредит қарздорлигимни вақтинча тўхтатиб туриш бўйича аризамни олиб қолишди. Яна суд тартибида менга апелляция шикояти бериш ҳуқуқимни ҳам тушунтиришди. Мен қабул масъулларидан миннатдорман”-дейди Зухре Худайбергенова.

          

Бу галги сайёр қабул давомида келинини турар жойдан ҳисобдан чиқариш, фарзанд таъминоти учун алимент ундириш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, автомашинани рўйхтдан ўтказиш, туғилганлик гувоҳномасидаги маълумот электрон базага хато киритилганлиги учун уни ҳуқуқий асосда тузатиш, турар жой масаласи бўйича чиқарилган суд карори ижросини таъминлаш,иш ҳақи ундириш, уй жой масаласи билан боғлиқ низолар, суд ҳукми билан тайинланган жазодан шартли озод қилиш, шунингдек, тадбиркорларнинг бозор акцияси бекор бўлганлиги юзасидан, етказилган зарар бўйича компенсация ундириш каби 45 нафар фуқаронинг 50 га яқин масаласи тингланди.

         

Бугунги кунда аҳоли билан учрашиб, жойларга чиқиб уларнинг дардига қулоқ тутиш, шу орқали аҳолининг розилигига эришиш ҳар бир раҳбарнинг бош вазифасига айланди. Таъкидлаш керакки, суд тизими билан боғлиқ мурожаатлар маълум муддат ва вақт талаб қилинадиган соҳа. Шундай экан, бугун мурожаат қилган фуқароларнинг масалалари юзасидан судьялар томонидан тегишли тартибда ҳуқуқий тушунтириш берилиб, ҳар бир мурожаат шахсан суд раислари томонидан назоратга олинди.

Мухтасар айтганда, ҳеч бир мурожаат шунчаки қоғозларда қолиб кетмайди. Ўтказилаётган бу каби сайёр қабуллар эса муаммоларни аниқлаш, жойида ҳал қилиш, уларни бартараф этиш мақсадларига қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

 

Гулайым Ғаниева,

Қорақалпоғистон Республикаси суди бош консультанти

“Суд ва ёшлар” учрашуви

Жамиятимиз ҳаётида аҳолининг, жумладан ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш фуқаролик жамиятига асосланган демократик давлатимизнинг асосий вазифаларидан бири.

Айни йўналишда Қорақалпоғистон Республикаси суди билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси юридик техникуми ўқувчилари учун 2021-2022 ўқув йилида судьялар ва суд ходимлари томонидан маҳорат дарслари, вебинарлар, семинар-тренинглар ва  бошқа ўқув тадбирларини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар режасига мувофиқ мунтазам “Суд ва ёшлар” учрашуви ўтказилиб келинмоқда. Бу галги учрашув доирасида техникумнинг 1-босқич ўқувчилари Қорақалпоғистон Республикаси судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан апелляция инстанциясида кўрилаётган бола тарбияси яъни фарзандни ўз тарбиясига олиш масаласидаги очиқ суд мажлисида иштирок этишди.
      

Ўқувчилар суд жараёни, суд риторикаси билан танишар экан, ўзларига жуда катта тассуротлар олишди. Суд мажлиси якунлангач, судьялар ёшлар билан мулоқот қилдилар. Қайд этилдики, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, уларда ватанга, қонунларга ҳурмат руҳини кучайтириш борасида кенг кўламли шароитлар ва имкониятлар яратиб берилган. Ёшларга кўрсатилаётган бундай юксак эътибордан самарали фойдаланган ҳолда илм ўрганиб, билим олишлари лозимлиги, ҳар хил зарарли иллатлардан йироқ юриш кераклиги, бўш вақтларидан унумли фойдаланиб китоб ўқиб, ватанимизга керакли кадр бўлиб етишишлари лозимлигини таъкидлаб ўтилди.

Учрашувда суд-ҳуқуқ тизимининг кечаси ва бугуни тўғрисида ҳам ёшларга маълумотлар берилди.

 

Еркин Ўтениязов,

Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси 

Ўзбекистон Республикасида маъмурий суд ишларини юритишнинг долзарб масалалари

Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Германия халқаро хамкорлик жамиятининг “Марказий Осиёда ҳуқуқий давлатчиликни ривожлантириш” минтақавий дастури (GIZ) асосида Қорақалпоғистон Республикасида “Ўзбекистон Республикасида маъмурий суд ишларини юритишнинг долзарб масалалари” мавзусида семинар ташкил этилди.


Семинарга Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судьялари ва суд ходимлари иштирок этди. Тадбирда хорижлик экспертлар жумладан, Германия халқаро хамкорлик жамиятининг “Марказий Осиёда ҳуқуқий давлатчиликни ривожлантириш” минтақавий дастурининг Ўзбекистон ва Қозоқстондаги ваколатхонаси раҳбари, Берлин шаҳар маъмурий судининг судьяси Йорг Пуделька, “Марказий Осиёда ҳуқуқий давлатчиликни ривожлантириш” минтақавий дастури лойиҳасининг Тожикистондаги раҳбари Фолькер Штампе, GIZ лойиҳасининг Қозоқстондаги миллий координатори Алмат Габбасов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси Н. Хакимова ва суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш бошқармасининг бўлим бошлиғи Ш.Назаровлар мавзуга оид маърузалар ўқиди.


Унда асосан, маъмурий иш юритишда ишга боғлиқ бўлган етказилган зарарни ундириш ҳуқуқи, Ўзбекистон Республикасининг маъмурий суд ишларини юритишнинг ҳозирги ҳолати ва такомиллаштириш истиқболлари, маъмурий иш юритишда суднинг фаол роли принципи, Германияда маъмурий иш юритишни сўзсиз тугатиш масалалари ҳусусида сўз юритилди.

  

 

Раҳбарлик – катта масъулият демакдир

«Инсон ҳар қандай вазиятда ҳам васвасага берилмасдан, ўзини, ўзлигини йўқотмаслиги керак». Ҳаётим давомида шунга амин бўлдимки дерди устозим, «Ҳаётда ҳам, худди шахмат ўйини каби-ўйин ташқаридан яхши кўринади. Ўйинда энг кучли тош фарзин экан, ўйин қоидаси бўйича ҳарқандай пиёда ҳам дадил юриш қилса, фарзин даражасига етиши мумкин».

Одамзот камолотининг асоси шуки, бутун умри давомида нимаики қилмасин, барчаси ўзи ва оиласи учун соғлом турмуш тарзини яратиш, ҳар қандай соҳада юқори поғоноларга кўтарилиш, юксакликка эришиш, ҳаётини гўзаллаштириш, бир сўз билан айтганда яхши яшашга интилишдан иборатдир. Шунинг учун ҳам, ҳар бир киши тинмай меҳнат қилади. Эркин касб танлаши эвазига ишга жойлашади. Бу иш берувчи ва ходим ўртасида тузилган меҳнат шартномаси асосида амалга оширилади.
Шу ӯринда айтиб ӯтиш жоизки, меҳнат шартномасини расмийлаштириш ва бекор қилиш нозик масала бўлиб, ушбу ҳолатни қонунга мувофиқ равишда амалга ошириш фуқароларнинг қонунчиликда белгилаб қўйилган ҳуқуқлари кафолатини таъминлайди. Уни тузиш ёки бекор қилишлик баъзи бировлар наздида оддийгина қоғозбозликдек кўрингани билан аслида бу жараён ҳар бир раҳбар ходим, ҳар бир фуқародан катта масъулият талаб қилади.

Бу тўғрисида сўз юритарканмиз, эътиборингизни мавзуга оид битта масалага қаратсак, қонунлар устувор бўлган бир пайтда бундай ҳолатлар рўй бераётганлиги таажублантирарли албатта…
Ташкилотларнинг (исм, шарифлар ўзгартирилган, ҳарқандай ӯхшашлик тасодифдир) бирида ёрдамчи бўлиб ишлайдиган К.Нариманова ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиқаркан, бир кун келиб бу каби ғалваларни бошидан ўтказишни ҳаёлига ҳам келтирмаган бўлса керак.

Халқимизда «Кўза кунда эмас, кунида синади» деган гап бежизга айтилмаган экан…

2021-йил апрель ойида К.Нариманова ўз ишига киришиш мақсадида муассаса бошлиғига мурожаат қилганида, бошлиқ баҳона тўқиб, қизинг икки ёшга тўлганидан сўнг келасан дея уни қайтаради. Оилавий шароити туфайли иш бошлагиси келган К.Нариманова «ҳа тартиб бўйича шундай эканда дея» кўнгли бироз чўкиб уйига қайтади. Аслида бошлиқнинг билганлари ичида эди, даъвогарнинг кўнглини пуч ёнғоққа тўлдириб, даъвогарнинг қизи икки ёшга тўламан дегунича бир гап бўлар деб ўйлаганди. Ваъда қилинган куни, яъни 2021-йил ноябрь ойида бечора аёл бошлиқ олдига борганида эса ўзининг 2019 йил июнь ойидан ишдан бўшатилганлигини эшитиб гаранг қотди. Шу пайт даъвогар ёлғоннинг гирдобида қолганлигини билди. Нима бўлаётганлигини тушунмаган К.Нариманова бўлиб утаётган воқеаларни баён қилиб, яъни ўзини ишдан бўшатилганлиги тўғрисида хабари бўлмаганлигини, ҳечқандай қоғозга имзо қўймаганлигини, буйруқ нусхасини шу пайтгача олмаганлигини кўрсатиб касаба уюшмасига ариза билан мурожаат қилади. Улар ишга тиклаш тўғрисида муассасага таклиф беради ва бу даъвогарнинг иш жойидан иш ҳақи кўрсатилган маълумотнома сўратади. Унга ишдан бўшаганлиги учун ҳисоб-китоб қилинган иш ҳақини оляпсан деб айтилмаганлигини, ўзига таътилда пайтида ҳисобчи томонидан пластигига пул тушганлигини айтиб чақиради, лекин бунда ишдан бўшаганлиги учун ҳисоб-китоб қилинган иш ҳақини оляпсан деб айтмайди. На чора, иложсиз қолган бундай разилликларга чидамаган К.Нариманова хақиқатни тиклаш, яъни ўзини қайта иш ўрнига тиклаш, мажбурий бўш юрган кунлари учун иш хақи ундириш ҳақида судга даъво аризаси билан мурожаат қилади.

Ишни кўриб чиққан суднинг қарорига кўра унинг даъво аризаси қаноатлантирилиб, яъни К.Нариманова аввалги иш ўрнига тикланиб, мажбурий бўш юрган кунлари учун иш хақи ундирилади.
Судда аниқланган ҳолатларга кўра, бу ташкилотнинг буйруғи билан даъвогар 2014-йил 1-ноябрьдан бошлаб вақтинча ёрдамчи бўлиб ишга қабул қилинган. Буйруқ асосида 2014 йил 1-декабрьдан ёрдамчи Л.Бекманова навбатдаги меҳнат таътилига кетишлиги сабаб унинг ӯрнига лавозимга тайинланади. Юқори турувчи ташкилотнинг буйруғига асос муассасанинг 2-бўлими 2019-йилнинг 1-майидан бошлаб қисқартирилиши сабабли К.Нариманова билан меҳнат шартномаси бекор қилинган. К.Нариманова 2019-йили 21 ноябрь куни Г.Рустамова исмли фарзандли бўлган.

Шу ўринда айтиш керакки иш берувчи даъвогар К.Наримановага меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 102-моддасига асос камида икки ой олдин огоҳлантириши шарт бўлса да, бундай огоҳлантиришни бермаган ва меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги тўғрисидаги буйруқ нусхаси берилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 237-моддаси 1-бўлимига мувофиқ ҳомиладор ва уч ёшгача тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинишига йўл қўйилмайди, корхонанинг бутунлай тугатилиши бундан мустасно, бундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади.
Даъвогар К.Нариманова 2019-йил май ойида ҳомиладор бўлганлигига қарамасдан иш берувчи унинг билан меҳнат шартномасини қонунга зид равишда бекор қилган.

Юқоридаги ҳолатда фуқаро К.Нариманованинг бузилган ҳуқуқлари қайта тикланди. Албатта бу каби мисолларни яна келтириб ўтишимиз мумкин. Аммо гап уларнинг сонида эмас, балки ўзгалар учун ҳаётий сабоқ вазифасини ўташлигидадир.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида белгиланганидек, меҳнат шартномасини бекор қилиш ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар томонидан амалга оширилади. Ушбу кодекснинг 108-моддасига кўра меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ходимга унинг меҳнат дафтарчаси ва меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқ нусхаси берилиши шарт. Аммо юқоридаги ҳолатда бунга амал қилинмаганлигининг гувоҳи бўламиз.

Ҳар сафар айрим кимсаларнинг қонунга риоя қилмаслик ёки қонунни нотўғри талқин қилиш оқибатида фуқароларимизнинг жабр тортишига сабаб бўлган, уларни овора-сарсон қилган ҳолатларнинг гувоҳи бўлганимда, катта ҳаётий тажрибага эга – улуғ инсон, ҳурматли устозимнинг гаплари эсимга тушади: «Шахмат ўйинида- ўйин ташқаридан яхши кўрингани каби, ҳаётда ҳам худди шундай. Баъзан одамлар васвасага тушиб, қинғир ишлар қиладию, оқибатини ўйламайди. Вақт-олий ҳакамдир. Ўйин қоидаси бўйича ҳарқандай пиёда ҳам дадил юриш қилса, фарзин даражасига етиши мумкин». Бу ибораларни ҳаётга татбиқ этар эканмиз, инсон ҳарқандай вазиятда ҳам ўзини, ўзлигини йўқотмаслиги, масъулиятсизликка берилмаслиги, ожизларга озор етказмаслиги лозим. Ҳар бир одам, у ким бўлишидан қатъий назар, вақти келиб ҳарқандай қонунга зид қатти-ҳаракатлари, нопок қилмишлари учун жазо муқаррарлигини унутмаслиги лозим.

Раҳбарлик – ходимнинг тақдирини ҳоҳлаганича ҳал қилиш дегани эмас, балки ҳар бир ходим учун жавобгарликни ҳис қилган ҳолда, қонунларимизни бузмасдан, уни четлаб ўтмасдан, балки қулай меҳнат шароитида ишлашига имкон яратишида, ишга қабул қилиш, рағбатлантириш, интизомий жазо чорасини қўллаш, ишдан бўшатиш ва ҳоказоларда ҳақиқий асослар билан қонуний иш кўришида, балки икки карра масъулият демакдир! Ҳа, албатта ҳақиқатдан ҳам юқоридаги раҳбар ходимимиз – масъулият эгаси қонун олдида барча тенглигини унутган кўринади.

Ҳаётда инсон кечмиши, кундалик турмуши билан боғлиқ энг устувор битта тушунча бор. Бу қонун тушунчасидир. Конституциямизнинг 15-моддасида давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўришлари қайд этилган. Зеро, қонун талаби барча учун ўзгармасдир. Ҳар қандай соҳа, ҳар қандай лавозим эгаларига ушбу ҳақиқатни четлаб ўтиш ҳуқуқи берилмаган.

ШОЛПАНАЙ АБДЫЖЕМИЛОВА,
Фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро суди судьяси.

 

Skip to content