ЕР УЧАСТКАЛАРИГА ҚОНУНИЙ ЭГАЛИК ҚИЛИШ ВА ТАБИИЙ РЕСУРСЛАРГА ЭГАЛИК ҲУҚУҚИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ: МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИКНИНГ ҲУҚУҚИЙ ТАҲЛИЛИ
Ер ва бошқа табиий ресурслар ҳар қандай давлатнинг иқтисодий тараққиёти, экологик барқарорлиги ҳамда аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлган миллий бойлик ҳисобланади. Шу боис мамлакатимизда ер ресурсларини муҳофаза қилиш, улардан оқилона ва самарали фойдаланиш ҳамда ер муносабатларида қонунийликни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасида ер муносабатларини такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилди. Ер участкаларини ажратишнинг очиқ ва рақамлаштирилган механизмлари жорий этилди, ердан фойдаланиш устидан давлат назорати кучайтирилди, ер муносабатларида коррупциявий омилларни бартараф этишга қаратилган янги ҳуқуқий механизмлар шакллантирилди. Бу ўзгаришлар ер ресурсларидан фойдаланишда қонунийликни таъминлаш билан бирга, мулкий ҳуқуқларнинг ишончли ҳимоя қилинишига ҳам хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, амалиётда ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларсиз улардан фойдаланиш, ноқонуний қурилиш ишларини амалга ошириш каби ҳуқуқбузарликлар учраб турибди. Бундай ҳолатлар давлат ва жамият манфаатларига, шаҳарсозлик талабларига ҳамда бошқа шахсларнинг ҳуқуқларига жиддий зарар етказади.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 60-моддаси табиий ресурсларга эгалик ҳуқуқини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарликни белгилайди. Мазкур норма ер, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш, ерга ва бошқа табиий ресурсларга эгалик ҳуқуқини бузувчи ҳаракатларнинг олдини олишга қаратилган муҳим ҳуқуқий кафолат ҳисобланади.
Модданинг биринчи қисмида ердан, сувдан, ўсимлик ёки ҳайвонот дунёсидан ўзбошимчалик билан фойдаланиш, шунингдек ерга ва бошқа табиий ресурсларга эгалик ҳуқуқини бевосита ёки яширин шаклда бузувчи битимлар тузиш ёки бошқа ҳаракатларни содир этиш учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилган. Бу норма давлат мулкини муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан қонуний фойдаланиш ҳамда экологик мувозанатни таъминлашга хизмат қилади.
Модданинг иккинчи қисмида ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, шу жумладан ер участкасига нисбатан қонуний ҳуқуқ мавжуд бўлмаган ҳолда ундан фойдаланиш учун маъмурий жарима белгиланган. Қонун чиқарувчи ушбу ҳуқуқбузарлик учун юқори миқдордаги жарималарни назарда тутиш орқали ер муносабатларида ҳуқуқий интизомни мустаҳкамлашни мақсад қилган.
Айниқса, ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга ошириш учун белгиланган санкциялар қонунчиликнинг қатъийлигини намоён этади. Бундай ҳаракатлар нафақат ер қонунчилигини, балки шаҳарсозлик, архитектура ва экологик талабларни ҳам бузиши мумкин.
Мазкур модданинг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, қонун биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга ҳуқуқбузарлик оқибатларини ихтиёрий бартараф этиш имкониятини беради. Агар шахс ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасини қайтарса ва қонунбузилиш оқибатларини бартараф этса, у маъмурий жавобгарликдан озод қилиниши мумкин. Бу эса ҳуқуқий таъсир чораларининг жазолаш билан бир қаторда профилактик аҳамиятга ҳам эга эканлигини кўрсатади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси ер муносабатларида қонунийликни таъминлашга хизмат қилувчи муҳим ҳуқуқий механизм ҳисобланади. Ушбу норма орқали давлат ер ресурсларини муҳофаза қилиш, мулкий ҳуқуқларни таъминлаш ҳамда ердан оқилона фойдаланиш соҳасида ҳуқуқий тартибни мустаҳкамлашни кўзлаган.
Судлар томонидан мазкур тоифадаги ишлар қонун талаблари, ишнинг барча ҳолатлари ва далиллар ҳар томонлама ўрганилган ҳолда кўриб чиқилиши ер муносабатларида адолат ва қонунийликни таъминлашнинг муҳим кафолати ҳисобланади. Шу билан бирга, ҳуқуқий тарғибот ишларини кучайтириш, ер қонунчилиги мазмун-моҳиятини аҳолига кенг тушунтириш ҳамда рақамли ер кадастри тизимини янада такомиллаштириш келгусида бундай ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Алишер АМЕТОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси






