Пленум қарори мазмун-моҳиятига бағишланган семинар ўтказилди
Қорақалпоғистон Республикаси судида судьялар, прокуратура ва ички ишлар органлари терговчилари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2023 йил 23 июндаги “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги пленум қарори мазмун-моҳиятига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Унда фирибгарлик жиноятини фуқаролик ҳуқуқий муносабатдан фарқлаш, бу турдаги жиноятларни юритишда суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида йўл қўйиладиган хато ва камчиликлар хусусида сўз юритилди.
Қорақалпоғистон Республикасида фирибгарлик, алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш жиноятлари кўп кузатилмоқда. Одамлар фирибгарларнинг гапларига дарров чув тушиб, алданиб қолмоқда. Айниқса, кейинги вақтларда фирибгарлик йўли билан бировларнинг мулкини қўлга киритиш ҳолатлари кўпайиб, уларнинг содир этиш усуллари ҳам турлича бўла бошлади. Фирибгарлик билан боғлиқ жиноят ишларини судларда кўришда шахснинг ҳаракатларига қонуний ва асосли баҳо бериш, қилмишни тўғри квалификация қилиш, жиноят таркиби ҳамда фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар ўртасидаги фарқни аниқлаш бўйича ягона суд амалиётини йўлга қўйишда ходимларнинг билимларини мустаҳкамлаш тергов сифатини янада оширишга хизмат қилади.
Ҳозир мулкка тажовуз қилиш билан боғлиқ қилмишлар орасида ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилиш тариқасидаги жиноятлар ўсиши тенденцияси кузатилмоқда. 2023 йил 23 июнда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Хўш, бунда қандай янгиликлар ва ўзгаришлар бор?
Мазкур ҳужжатни қабул қилишдан кўзланган мақсад фирибгарликка оид ишларни тергов қилиш ва судда кўриш жараёнида қонун нормаларини тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш билан бир қаторда фуқаролик ҳуқуқий муносабат билан фирибгарлик жиноятини фарқлаш зарурлигини кўрсатади. Масалан, тузилган битимга асосан ўзга шахснинг эгалигига ўтказилган ёки гаров таъминоти сифатида топширилган мулк юзасидан шахснинг битим тузилишида бошқа мақсад кўзлангани ҳақидаги важлари, битим қонунга мувофиқ тузилгани аниқланган ҳолларда фирибгарлик сифатида баҳоланмаслиги лозим. Агар шахс ўзаро ихтиёрий ёзма битим, келишувлар (қарз шартномаси, тилхат, кафолат хати ва бошқалар) асосида ўз зиммасига олган мажбуриятларини уни ижро этиш жараёнида айрим объектив сабабларга кўра (масалан, мулкий ночорлиги, шартнома тузишда тарафлар учун асос бўлган вазиятнинг жиддий ўзгариши, оғир касаллиги, фавқулодда ҳолат туфайли) бажара олмаса ёки ўзганинг мулкини эгаллашга нисбатан қасд мавжудлигини исботлашнинг имкони бўлмаса, бундай ҳолатлар фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низо сифатида баҳоланиб, фуқаролик, иқтисодий суд иши юритуви тартибида ҳал этилиши керак. Ҳозирги кунда кенг тарқалган банклар ва кредит муассасаларидан онлайн шаклда кредит олиш мақсадида алдаб ёки ишончни суиистеъмол қилиб, шахснинг электрон рақамли имзоларидан фойдаланиб, пул маблағларини қўлга киритиш ҳолатлари эса фирибгарлик сифатида баҳоланади.
Сўнгги пайтларда мулкка тажовуз қилиш билан боғлиқ жиноятлар орасида фирибгарлик иллати турли усулларда содир этилмоқда. Мазкур пленум қарори эса бу тоифадаги жиноятга қонуний, асосли баҳо бериш, қилмишни тўғри квалификация қилишда жиноят таркиби ва фуқаролик ҳуқуқий муносабат ўртасидаги ягона суд амалиётида учраётган муаммоларга ечим бўлади.
Алишер Аметов,
Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси