Оилавий низоларнинг олдини олиш ва оила кодексида белгиланган нормалар ҳақида

Оилавий-ҳуқуқий муносабатлар жамиятимизда кенг тарқалган муносабатлардир. Оилавий-ҳуқуқий муносабатлар айрим ҳолларда одоб-аҳлоқ қоидалари билан ҳам тартибга солинади. Оилавий-ҳуқуқий муносабатлар никоҳ ва оила доирасида аниқ ижтимоий муносабатларни оила қонунчилиги нуқтаи назарида қўлланилади. Оилавий-ҳуқуқий муносабатлар давомли ҳуқуқий муносабатлар ҳисобланади. Бу хусусият ҳуқуқий муносабатларнинг мақсади билан белгиланади. Никоҳ тузишдан мақсад оила қуриш бўлиб, у эр-хотиннинг бутун ҳаёти давомида бирга яшашига  мўлжалланади. Ота-оналик ҳуқуқий муносабати болаларнинг тарбияси ва таъминотига қаратилади.

Фарзандликка олиш, васийлик ва ҳомийлик ва бошқа ҳуқуқий муносабатлар хусусиятлари билан бир бирига ўхшаб кетади. Бундай ҳуқуқий муносабатларда қўйилган мақсадларга узоқ муддат давомида эришиш мумкин.

Оилавий-ҳуқуқий муносабатлар муддатсиз бўлади. Эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, никоҳдан ажратиш ҳолатини ҳисобга олмаганда, бир умр давом этади. Ҳозирги күни шундай оилавий-ҳуқуқий муносабатлар ҳам бор, улар маълум муддат билан чекланади, бироқ белгиланган даврга қадар давом қилади. Масалан, ота-оналарнинг ўз фарзандларини тарбиялаш мажбуриятлари фарзанди 18 ёшга тўлгунга қадар давом қилади.

Фуқаролик ишлари бўйича судларда бошқа фуқаровий-хуқуқий муносабатлар қаторида оилавий-ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ кўплаб низолар кўрилади. Жумладан, никоҳдан ажратиш, никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш, оталикни белгилаш ва алимент ундириш, шунингдек  бола тарбияси билан боғлиқ низолар ва ҳ.

Ўзбекистон Республикасида судларнинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан келиб чиққан ҳолда, оилани ҳар тарафлама ҳимоя қилишга, болаларни Ватанга ва оилага содиқлик  руҳида ижтимоий тарбияга мос ҳолда, оила ва жамият олдида масъулият туйғусида тарбиялашга  қаратилган.

Шу билан бирга, Республикаси Олий суди Пленумининг «Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида»ги 2011 йил 20 июль кунги 06-сонли қарорида судлар оила тўғрисидаги қонунчилик вазифаларидан келиб чиқиб, қонунда назарда тутилган ҳамда оилани мустаҳкамлаш, эр-хотин ва уларнинг болалари ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган барча чораларни кўришлари лозимлиги белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексида белгиланган оила аъзоларининг ва бошқа шахсларнинг алимент мажбуриятлари ҳақида, яъни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасига кўра, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунга қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурлиги,  давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарнинг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминланиши белгиланган.

1998 йил 1 сентябрьдан амалга киритилган  Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 5-бўлими «Оила аъзоларининг ва бошқа шахсларнинг алимент мажбуриятлари» деб номланган бўлиб, ота-она ҳамда болаларнинг алимент ҳуқуқи ва мажбуриятлари тўғрисидаги қоидалар белгиланган. Бу қоидалар ота-оналарнинг ўз фарзандлари тарбиясига ва болаларнинг таъминоти масалаларига масъулиятли муносабатда бўлишни талаб қилади.

Жумладан, 96-моддасига кўра,  Ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт.Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади. Вояга етмаган болаларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга даъво ёхуд ариза билан мурожаат қилмаган ҳолларда, васийлик ва ҳомийлик органлари, шунингдек ўн тўрт ёшга тўлган бола вояга етмаган боланинг таъминоти учун ота ёки онадан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақлидир.

Шунингдек, ушбу Кодекснинг 97-моддасига кўра, вояга етмаган болаларига алимент тўлаш ва уларга таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенгдир. Вояга етган, меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенгдир.

Кодекснинг 98 ва 99-моддаларига кўра, Ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартибини ўзаро келишган ҳолда белгилашга ҳақлидирлар. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартиби ва шакли ҳақида ота-она ўртасидаги келишув қонунда белгиланган қоидаларга ва боланинг манфаатларига зид бўлмаслиги керак. Агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун – тўртдан бир қисми, икки бола учун – учдан бир қисми, уч ва ундан ортиқ бола учун – ярмиси миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин. Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонунчилик билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.

Шунингдек, Оила кодексида ота-онанинг вояга етган болаларига алимент тўлаши, ота-онанинг вояга етган болаларига тўлайдиган алимент миқдори,  ота-онадан болаларга ундириладиган алимент миқдорини аниқлаш тартиби ва  болаларнинг таъминоти учун қилинадиган қўшимча харажатлар тўғрисидаги нормалар ҳам белгиланган.

Хулоса қилиб айтганда, юқорида қайд қилинганидек оилавий муносабатлардан келиб чиқувчи низоларни кўриб чиқишда судлар энг аввало оилани мустаҳкамлаш, эр-хотин ва уларнинг фарзандлари ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга  қаратилган чораларни  кўришда кенг ҳуқуқ-тарғибот ишларини амалга оширишлари лозим бўлади.

 

 

  Зульфия Бабаджанова,

Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси