Мурожаатлар билан ишлашнинг янги тизими
Маълумки, жорий йилнинг 23 июль куни Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил қилиш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилиб, мазкур тизимни янгича шакл ва ёндашув асосида давом эттириш бўйича қатор вазифаларни белгилаб берган эди. Шу асосда, Қорақалпоғистон Республикасидаги судларнинг раислари томонидан жойларда оммавий сайёр қабуллар ўтказилмоқда.
4 август куни Қонликўл туманида ташкил этилган оммавий сайёр қабуллар ўтган қабулларга нисбатан анча жонли ва очиқ мулоқотлар билан давом этди. Унда Республика судларининг раислари билан бирга Қонликўл тумани ҳокими ва тумандаги халқ қабулхоналари масъуллари, мутасадди соҳа вакиллари фаол иштирок этди.
Маълумотлар шуни кўрсатдики, жорий йил бошидан буён Қонликўл тумани фуқароларидан Ўзбекистон Республикаси Президенти халқ қабулхонаси ва вертуал қабулхонасига, шунингдек, ўтказилган сайёр қабуллар давомида жами 905 та масала юзасидан мурожаат келиб тушган, шундан 75 таси суд-ҳуқуқ масалалари яъни судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар (прокуратура, ички ишлар ва адлия вазирлиги)га тегишли.
Оммавий сайёр қабул жараёнида фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларнинг аксарият қисми уй-жойни номига ўтказиш ёки уйни қайтариб олиш, меросхўрни тайинлаш, вояга етмаган фарзанди учун ёки ота-она ўз фарзандларидан алимент ундириш, никоҳдан ажратиш, иш жойига қайта тиклаш ва маънавий зарарни ундириш, меҳнат стажини тасдиқлаш, пенсия ундириш, йўл транспорт ходисаси туфайли тайинланган суд қарорини ўзгартириш каби масалалардир.
Қабул давомида 6 нафар фуқаронинг мурожаатлари ижобий ҳал этилди. Икки нафар фуқаро эса масаласи ижобий ҳал бўлгани учун суд масъулларига ўз миннатдорчилигини билдирди.
Аҳоли билан бундай очиқ мулоқотлар “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” деган халқпарвар тамойилнинг яна бир исботидир.