ҲУҚУҚИЙ ДАЛИЛ ВА ОБЪЕКТИВ МАЪЛУМОТЛАР – ОДИЛ СУДЛОВНИНГ АСОСИЙ МЕЗОНИ

Судга мурожаат қилиш ҳуқуқи ҳар бир фуқарога Конституция билан кафолатланган. Бироқ судга қилинган ҳар бир мурожаатнинг қаноатлантирилиши учун даъво ёки шикоят ишончли ҳуқуқий далиллар билан асослантирилган бўлиши лозим. Суд қарор қабул қилишда ҳис-туйғу ёки тахминларга эмас, балки қонун талаблари ва ишдаги объектив далилларга таянади.

Бу жиҳат айниқса ер муносабатлари билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ишларда яққол намоён бўлади. Амалда учрайдиган ҳолатлардан бири сифатида Тўрткўл туман судида кўриб чиқилган ишни мисол келтириш мумкин.
Фуқаро И.Р Кадастр органи томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 60-моддаси 3-қисми асосида тайинланган 82 миллион 400 минг сўмлик маъмурий жаримани асоссиз деб ҳисоблаб, судга шикоят билан мурожаат қилди. У ўз мурожаатида дўконига нисбатан текширув асоссиз ўтказилганини, қурилиш учун тегишли ҳужжатлари мавжудлигини ҳамда жаримани тўлаш имконияти йўқлигини билдириб, жазони енгиллаштириш ёки ундан озод қилишни сўради.

Бироқ суд муҳокамаси жараёнида ишнинг барча ҳолатлари атрофлича ўрганилди. Кадастр органи инспекторининг кўрсатмалари, давлат ер назорати далолатномаси, фотоҳужжатлар, Давлат кадастрлари палатаси баённомаси ҳамда архив маълумотлари бир-бири билан таққосланиб таҳлил қилинди.

Текшириш давомида фуқаро фойдаланаётган 40 квадрат метр ер майдонига давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос сифатида кўрсатилган туман ҳокимининг қарорида унинг номи мавжуд эмаслиги архив ҳужжатлари билан тасдиқланди. Шунинг учун мазкур давлат рўйхатидан ўтказиш бекор қилинган ва ер майдони тегишли ҳуқуқий асосларсиз эгаллангани аниқланган.
Шунингдек, суд ҳуқуқбузарнинг моддий аҳволига ҳам ҳуқуқий баҳо берди. Электрон ахборот тизими орқали олинган маълумотларга кўра, унинг бир нечта транспорт воситалари мавжудлиги, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши, доимий иш ҳақи олиши, турмуш ўртоғининг ҳам расмий даромадга эга экани аниқланди. Бу ҳолатлар унинг жаримани тўлаш имконияти йўқлиги ҳақидаги важларини тасдиқламади.

МЖтКнинг 31 ва 33-моддалари судга жазони енгиллаштириш ҳуқуқини берса-да, бундай қарор фақат етарли ҳуқуқий асослар ва ишончли далиллар мавжуд бўлгандагина қабул қилиниши мумкин. Мазкур ишда эса бундай асослар аниқланмагани сабабли суд Кадастр органининг қарорини қонуний ва асосли деб топди ҳамда шикоятни қаноатлантирмасдан қолдирди.
Бу иш яна бир бор шуни кўрсатадики, суд учун энг муҳим мезон — ишончли далил ва объектив маълумотдир. Фуқаронинг шахсий фикри ёки субъектив эътирозлари ҳуқуқий далиллар билан тасдиқланмаган тақдирда суд қарорини ўзгартириш учун асос бўла олмайди.

Ер муносабатлари соҳасида ҳар қандай қурилиш ёки ердан фойдаланиш ишларини фақат қонунчиликда белгиланган тартибда расмийлаштириш, тегишли ҳужжатларни тўлиқ расмийлаштириш келгусида ҳуқуқий низоларнинг олдини олади. Суд амалиёти ҳам айнан қонун устуворлигини таъминлаш ва ҳар бир иш бўйича холис, адолатли қарор қабул қилишга хизмат қилади.

 

Бауржан САБУРОВ,
Жиноят ишлари бўйича Тўрткўл туман судининг тергов судьяси