«ЎЗБЕКИСТОН – 2030»: ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ – ТАРАҚҚИЁТ КАФОЛАТИ
Ҳар қандай демократик давлатнинг мустаҳкамлиги унинг иқтисодий салоҳияти ёки табиий ресурслари билан эмас, энг аввало, қонун устуворлиги, одил судлов ва инсон ҳуқуқларининг ишончли ҳимоя қилиниши билан ўлчанади. Шу маънода, Ўзбекистонда кейинги йилларда амалга оширилаётган конституциявий ва ҳуқуқий ислоҳотлар мамлакат тараққиётининг мутлақо янги моделини шакллантирмоқда. Бу моделнинг марказида эса инсон қадри, адолат ва қонуннинг мутлақ устуворлиги турибди.
Президент томонидан илгари сурилган «Ўзбекистон – 2030» стратегияси ана шу эзгу ғояларнинг амалий дастури сифатида хизмат қилмоқда. Унинг тўртинчи устувор йўналиши – «Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш» – ҳуқуқий давлат қуришнинг навбатдаги босқичини белгилаб берди. Хусусан, стратегиянинг 84, 85, 86 ва 88-мақсадлари фақат давлат органлари фаолиятини такомиллаштиришга эмас, балки жамиятда адолат муҳитини қарор топтиришга қаратилган яхлит ҳуқуқий концепция ҳисобланади.
Ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим белгиси – инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар қандай манфаатдан устун қўйилишидир. Янги таҳрирдаги Конституцияда инсон ҳуқуқлари олий қадрият сифатида мустаҳкамлангани ушбу тамойилнинг ҳуқуқий асосини яратди. Энди давлат органларининг самарадорлиги қабул қилинган қарорлар сони билан эмас, балки инсон манфаатлари қай даражада таъминлангани билан баҳоланади. Бу эса давлат бошқарувида мутлақо янги ҳуқуқий маданиятни шакллантирмоқда.
Стратегиянинг 84-мақсади айнан шу тамойилни ҳаётга тўлиқ татбиқ этишга хизмат қилади. Инсон ҳуқуқларини таъминлаш энди фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси эмас, балки барча давлат идоралари фаолиятининг бош мезонига айланмоқда. Давлатнинг ҳар бир қарори, ҳар бир маъмурий тартиб ва ҳар бир хизмат фуқаро манфаати нуқтаи назаридан баҳоланиши лозим. Бу эса ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим белгиларидан бири ҳисобланади.
Адолатнинг қарор топиши эса мустақил суд ҳокимиятисиз мумкин эмас. Бежизга судни Конституция кафолатларининг амалий ҳимоячиси деб аташмайди. Суд қарорлари фақат муайян низони ҳал қилмайди, балки жамиятда қонунга ишончни мустаҳкамлайди, давлатнинг адолат тамойилига содиқлигини намоён этади. Шу нуқтаи назардан стратегиянинг 85-мақсади суд ҳокимиятининг институционал мустақиллигини янада кучайтириш, одил судлов сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган.
Бугун судлар фаолиятига рақамли технологияларнинг кенг жорий этилаётгани, электрон суд хизматларининг ривожланиши, суд қарорларининг очиқлиги таъминланаётгани, процесс иштирокчилари учун қулайликлар кенгайиб бораётгани одил судловнинг сифати ва шаффофлигини янада оширмоқда. Энг муҳими, бу ислоҳотлар фуқароларнинг судга бўлган ишончини мустаҳкамлашга, ҳуқуқ ва эркинликларнинг ишончли ҳимоясини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ҳуқуқий давлатнинг яна бир муҳим хусусияти ҳуқуқбузарлик содир этилгандан кейин жазо тайинлаш эмас, балки унинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этишдир. Шу боис стратегиянинг 86-мақсади профилактик ёндашувни давлат сиёсатининг муҳим қисми сифатида белгилайди. Бугун ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, хавф омилларини барвақт бартараф этиш, рақамли таҳлил тизимларидан фойдаланиш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш орқали ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ёндашув нафақат жиноятчиликнинг камайишига, балки аҳолининг давлатга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
Қонун устуворлиги фақат мукаммал қонунлар ёки самарали суд тизими билан таъминланмайди. Унинг мустаҳкам пойдевори аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгидир. Қонунни билмаган жамиятда ҳуқуқий давлатни барпо этиш мушкул. Шунинг учун стратегиянинг 88-мақсади ҳуқуқий тарғиботни янги босқичга олиб чиқиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, айниқса, ёшларда қонунга ҳурмат ва масъулият туйғусини шакллантиришни назарда тутади.
Бугун оммавий ахборот воситалари, судлар матбуот хизматлари, рақамли платформалар ва ижтимоий тармоқлар ҳуқуқий билимларни оммалаштиришнинг муҳим воситасига айланмоқда. Суд амалиётининг очиқлиги, қонунчиликдаги янгиликларнинг содда ва тушунарли тарзда аҳолига етказилиши фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, ҳуқуқий маданият қанчалик юксак бўлса, қонун устуворлиги шунчалик мустаҳкам бўлади.
«Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгиланган мазкур мақсадлар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Инсон ҳуқуқларининг кафолатли ҳимояси, мустақил ва холис суд ҳокимияти, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган замонавий ёндашув ҳамда юксак ҳуқуқий маданият – буларнинг барчаси ягона мақсад, яъни адолат устувор бўлган ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишга хизмат қилади.
Шубҳасиз, ушбу стратегияда белгиланган вазифаларнинг тўлиқ ва изчил амалга оширилиши давлат бошқарувининг халқ манфаатларига хизмат қилишини таъминлайди, суд ҳокимиятининг нуфузини янада мустаҳкамлайди ҳамда Конституцияда белгиланган инсон қадри ва адолат тамойилларини ҳаётга тўлиқ татбиқ этишга мустаҳкам ҳуқуқий замин яратади. Бу эса Янги Ўзбекистон тараққиётининг энг муҳим мезони, қонун устуворлигининг эса энг ишончли кафолати бўлиб хизмат қилади.
Абилай АДИЛОВ,
жиноят ишлари бўйича Хўжайли тумани суди раиси






