ОДАМ САВДОСИ – ДАВР МУАММОСИ

 

Ҳозирги вақтда одам савдоси ўта мураккаб ва ижтимоий хавфли ҳодиса тусини олган бўлиб, у томонидан етказилаётган зарарни амалда ҳисобга олиш имконияти йўқдир. Бу эса турли хил жиноятларни содир этилишига туртки бўлиб, жамиятни моддий техник, интеллектуал салоҳиятини пасайтиради, унинг генофондини бузади. Одамлар савдоси – бугунги кунда энг катта муаммолардан бири. Унинг бозори гиёҳвандлик восталари ва қурол-яроғ савдосидан кейин учинчи ўринни эгаллайди. 

 

2003 йилда Ўзбекистон БМТнинг 1949 йил 2 декабрдаги “Одамлар савдоси ва фохишабозликни учинчи шахслар томонидан ишлатилишига қарши кураш тўғрисида”ги Конвенцияга қўшилди, 2008 йилда эса одамлар, айниқса аёллар ва болалар савдосини олдини олиш ва бу қилмиш учун жазолаш тўғрисидаги, БМТнинг трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисидаги Конвенциясини тўлдирувчи Протоколни ратификация қилган ва шу билан одамлар савдосини аҳолига маълумот бериш, қурбонларни ҳимоя қилиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган дастурларни қўллаб қувватлаш ва ўтказиш орқали олдини олиш ва барҳам бериш мажбуриятини ўз зиммасига олди.

 

Уюшган жиноятчилик, хусусан халқаро терроризм, наркобизнес, қурол-аслаҳаларни ноқонуний сотиш билан боғлиқ ўта оғир жиноятлар қаторида одам савдосининг ҳар қандай кўринишларига қарши кураш муаммоси нафақат халқаро ҳуқуқ, миллий ҳуқуқ тизими учун ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.

 

Ушбу муаммо умумжаҳон миқёсда эътироф этилиб, кўпгина олимлар ва тадқиқотчилар томонидан чуқур ўрганилаётганлигига қарамасдан, бу борада ҳозирга қадар етарлича умумлашган маълумотлар тақдим этилмаган. 2000 йилдаги Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “БМТнинг трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши конвенциясига одам савдоси ва айниқса, аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш ва тақиқлаш ҳамда бундай хатти-ҳаракатларга нисбатан жазо қўллаш тўғрисидаги қўшимча Баённома”да “одамлар савдоси” тушунчаси ўзининг расмий изоҳига эга бўлди.

 

Баённомага биноан, “одамлар савдоси” эксплутация қилиш мақсадида одамларни куч ишлатиш ёки куч ишлатиш билан қўрқитиб ёхуд бошқача мажбурлаш чораларини қўллаб ёхуд ўғирлаб ёки фирибгарлик йўли билан ёхуд алдаш ёки давлат ваколатларини, тутган мавқеини суиистеъмол қилган ҳолда ёки бир шахснинг назоратидаги бошқа бир шахсни сотиб олиш йўли билан уларни ёллаш, ўтказиш, ташиш, сақлаш ёки уларни олиш ҳисобланди.

 

Одам савдоси жиноий фаолиятнинг ўта хавфли ва таҳқирловчи туридир. Таҳқирланиш шунда намоён бўладики, мазкур жиноят қулликка ўхшаш шаклларда содир қилинади. Бундан ташқари, инсонни эксплуатация қилиш, инсонни “товар” сифатида сотиш, инсон омиллларидан фойдаланиш йўли билан даромад орттириш билан боғлиқлиги сабабли таҳқирловчи мазмун-моҳият касб этади.

 

Мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Юртимизда амалга оширилаётган ушбу ислоҳотлар натижасида, бугунги кунда долзарб масалалардан бири бўлган одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда. Аввало, бу даврда одам савдоси жиноятларига барҳам беришнинг ҳуқуқий норматив базаси шакллантирилгани эътиборга лойиқдир. 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган Жиноят Кодексида илк бор одам савдосига қарши курашиш мақсадида бундай ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик белгиланди. Шу билан бирга одам савдоси трансмиллий, яъни ҳудуд ва чегара танламайдиган жиноят эканлиги ҳисобга олиниб, Ўзбекистон Республикаси томонидан бундай салбий ҳолатларга қарши курашиш борасида халқаро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилмоқда.

 

2008 йилнинг 17 апрелида «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши бу жиноятнинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш билан бирга, одам савдосидан жабрланганларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишнинг чораларини ўз ичига олди.

 

Қонунда бевосита одам савдоси жинояти тушунчаси, одам савдосига қарши курашишни ташкил этиш, одам савдосига қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари фаолияти, айниқса одам савдосидан жабрланганларни ҳимоя қилиш ва уларга ёрдам кўрсатиш масалалари алоҳида эътиборга олинган. Қонунда мазкур жиноятдан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш, уларни нормал турмуш тарзига қайтариш, мазкур шахсларга юридик ёрдам кўрсатиш, уларни психологик, тиббий, касбий реабилитация қилиш, ишга жойлаштириш, вақтинчалик турар жой бериш масалалари алоҳида назарда тутилган. Қонуннинг 14-моддаси одам савдосига қарши курашиш соҳасида ҳалқаро ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосини яратади.

 

Шуни эътиборга олиш лозимки, ўрганиб чиқилган жиноий ишлар таҳлилига кўра, аксарият ҳолатларда жабрланувчилар ушбу жиноятга алдов йўли билан жалб қилинганлар. Яъни одам савдосини амалга оширувчи шахслар томонидан алдов усули кенг қўлланилган.

 

Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасида одам савдосига қарши кураш борасида одам савдоси жиноятига қарши курашишнинг ҳуқуқий асосини такомиллаштириш; одам савдосига қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти; унга қарши курашда халқаро ҳамкорлик; профилактик характердаги чора-тадбирларни амалга ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

 

Одам савдосига қарши курашиш қонунийлик, одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар жавобгарлигининг муқаррарлиги, одам савдосидан жабрланганларнинг камситилишига йўл қўймаслик, ижтимоий ҳамкорлик, ижтимоий ҳимоялаш каби принципларга асосланади.

 

Таҳлилларга кўра, одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар сони республикамизда йилдан йилга ошиб бормоқда.

 

Одам савдоси муаммосига қарши курашишда аҳолининг бу борадаги билимларини ошириш, оммавий ахборот воситалари орқали унинг қурбонлари билан суҳбатлар уюштириш, одам савдосининг бутун мудҳиш ҳолатларини тасвирлаб бериш ҳам самарали воситалардир. Бутун аҳоли, айниқса, ёшлар ушбу жиноий қилмишнинг қурбонига айланиб қолмасликлари учун эҳтиёт бўлишлари, хорижий мамлакатлардан таклиф этилаётган ҳар қандай иш, хизматларни шахсан ўзлари текшириб кўришлари, нотаниш шахсларнинг таклифларига ишонмаслик ҳамда уларга ўз ҳужжатларини бериб қўймаслик лозимлигини билишлари керак.

 

Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, одам савдоси жинояти аксарият ҳолларда алдов усули билан амалга оширилаяпти. Шу сабабли жиноятларнинг олдини олиш мақсадида меҳнат жамоаларида, маҳаллаларда профилактика мақсадида учрашув ва суҳбатлар ўтказиш, содир этилган жиноятларнинг сабабларини ва уларнинг оқибатлари фуқароларга етказиб турилишини таъминлаш лозим.

 

 

 

Райса БЕКМУРАТОВА,

Жиноят ишлари бўйича Кегейли тумани суди раиси