ҲОМИЙЛИК ВА ВАСИЙЛИК БЎЙИЧА СУД АМАЛИЁТИ: ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАР ВА ДОЛЗАРБ МАСАЛАЛАР

Инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳар қандай ҳуқуқий давлатнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Айниқса, вояга етмаганлар, муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашда васийлик ва ҳомийлик институти муҳим аҳамият касб этади. Мазкур институт нафақат ижтимоий муҳофаза воситаси, балки инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг самарали ҳуқуқий механизми ҳам ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддасига мувофиқ, давлат етим болаларни ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди ҳамда болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади. Ушбу конституциявий норма васийлик ва ҳомийлик муносабатларини тартибга солувчи барча ҳуқуқий механизмларнинг асосини ташкил этади.

Васийлик ва ҳомийликка оид муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, Оила кодекси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг васийлик ва ҳомийлик соҳасини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Фуқаролик кодексининг тегишли нормаларига кўра, васийлик ўн тўрт ёшга тўлмаган вояга етмаганлар ҳамда суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқароларга нисбатан белгиланади. Ҳомийлик эса ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганларга, шунингдек, муомала лаёқати чекланган деб топилган шахсларга нисбатан ўрнатилади.

Суд амалиётида мазкур тоифадаги ишлар асосан фуқарони муомалага лаёқатсиз деб топиш, муомала лаёқатини чеклаш, васий ёки ҳомий ҳаракатлари устидан шикоятларни кўриб чиқиш ҳамда васийлик ва ҳомийлик билан боғлиқ низоларни ҳал этиш билан боғлиқ ҳолларда учрамоқда.

Амалда судлар томонидан кўрилаётган ишлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, фуқарони муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги ишлар алоҳида эҳтиёткорлик билан кўриб чиқилиши лозим. Чунки бундай қарор инсоннинг бир қатор фуқаролик ҳуқуқларини мустақил амалга ошириш имкониятига бевосита таъсир кўрсатади. Шу сабабли судлар мазкур тоифадаги ишлар бўйича суд-психиатрия экспертизаси хулосаси, тиббий ҳужжатлар ва бошқа далилларни ҳар томонлама баҳолайди.

Фуқаролик процессуал қонунчилигига мувофиқ, шахсни муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топиш билан боғлиқ ишлар алоҳида иш юритув тартибида кўрилади. Бунда суднинг асосий вазифаси нафақат ҳуқуқий фактни аниқлаш, балки инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашдан иборатдир.

Суд амалиётида вояга етмаган болалар манфаатлари билан боғлиқ масалалар ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция талабларидан келиб чиққан ҳолда, ҳар қандай қарор қабул қилишда боланинг энг яхши манфаатлари устувор аҳамият касб этади. Шунинг учун судлар васий ёки ҳомийни аниқлашда номзоднинг шахсий фазилатлари, яшаш шароити, болага бўлган муносабати ҳамда унинг тарбияси учун яратилган имкониятларни синчиклаб баҳолайди.

Айрим ҳолларда васий ёки ҳомий томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Хусусан, васийликдаги шахснинг мол-мулкини бошқаришда қонун талабларига риоя этмаслик ёки унинг манфаатларига зид ҳаракат қилиш ҳолатлари аниқланганда, судлар қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли ҳуқуқий чораларни қўллайди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар натижасида васийлик ва ҳомийлик органлари ҳамда судлар ўртасидаги ҳамкорлик янада такомиллаштирилди. Бу эса мазкур тоифадаги ишлар бўйича қарорларнинг қонунийлиги ва адолатлилигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, васийлик ва ҳомийлик институти инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг муҳим кафолатларидан бири ҳисобланади. Судлар томонидан ушбу тоифадаги ишлар Конституция, Фуқаролик кодекси, Оила кодекси ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари асосида кўриб чиқилиши ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим шартидир. Бу жараёнда ҳар бир қарорнинг марказида инсон манфаати, айниқса болалар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг ҳуқуқлари туриши лозим.

 


Сарбиназ ОПАЕВА,
Фуқаролик ишлари бўйича Чимбой туманлараро судининг судьяси