ҚОНУНГА МУҲИМ ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИЛДИ

Қорақалпоғистон Республикаси судида прокуратура органлари билан ҳамкорликда амалий семинар бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьялари ҳамда прокуратуранинг масъул ходимлари иштирок этишди.

Тадбир давомида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги Қонуннинг мазмун-моҳияти кенг муҳокама қилинди. Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида прокурорнинг иштироки назарда тутилган бир қатор муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

 

Хусусан, прокурорга ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки, давлатга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ва давлат бюджетидан ундириш билан боғлиқ ишларда судларда иштирок этиш ҳамда давлат манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга ариза киритиш ҳуқуқи берилди.

Семинар давомида ушбу қонун ижросини таъминлашда суд ва прокуратура органларининг ўзаро ҳамкорлиги, прокурор иштироки белгиланган ишларнинг суд мажлисларида кўриб чиқилиши тартиби, ушбу ваколатларнинг амалий қўлланилиши каби масалалар юзасидан тажриба алмашилди.