ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИМИЗ КАФИЛИ
Мустақил мамлакатимизнинг янги конституцияси 155 моддадан иборат. У бевосита халқимиз томонидан қабул қилинди. Таъкидлаш лозимки, биз қабул қилган ушбу бош қомусимизда иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқларларга оид янги нормалар белгиланди.
Ушбу ҳуқуқлар – инсон ҳуқуқларининг бир тури бўлиб, у бизга муносиб ҳаёт кечириш, жамият ҳаётида тўлақонли иштирок этиш учун зарур шарт-шароитларни кафолатлайди. Бунда, ҳар бир киши фаровонликка эришиши, ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши ҳамда бахтли бўлиши ва ўз ҳаётидан рози бўлишини таъминлаш назарда тутилади.
Масалан, меҳнат қонунчилигида ҳомиладорлик ёки фарзандлари борлиги билан боғлиқ сабабларга кўра ишга қабул қилмаслик таъқиқланган. Конституцияда эса ушбу норма мустаҳкамланиб, унга кӯра ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланди.
Бош қомусимизнинг 42-моддасида “ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга.
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.
Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади”-деб белгиланди.
Бу нормаларнинг белгиланиши, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини амалга ошириш, уларни иш билан таъминлаш ва ишсизликдан ҳимоялаш муносиб меҳнат учун муносиб иш ҳақи билан таъминлаш ижтимоий давлатнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади.
Конституциянинг 43-моддасида давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек камбағалликни қисқартириш чораларини кўриш ва давлат фуқароларнинг касбий тайёргарлигини ва қайта тайёрланишини ташкил этиши ҳамда рағбатлантириши мустаҳкамланди.
Бир сӯз билан айтганда, шу ва инсон қадри ҳимоясига қаратилган бошқа нормалар фуқароларнинг барча ҳуқуқларининг кафолатланганлигини тасдиқловчи ҳуқуқий кафолат бўлиб хизмат қилишини англатади.
Зебо БАЗАРБАЕВА,
фуқаролик ишлари бўйича Амударё тумани суди судьяси