Фирибгарга 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди

Бердақ номидаги Қорақалпоқ Давлат университети ҳуқуқшунослик факультетида ташкил этилган махсус ўқув суд залида Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 25,168-моддаси 2-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан айбланувчи А.Ю-га оид жиноят иши жиноят ишлари бўйича Нукус туман суди раиси А.Сейтанов томонидан очиқ сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди.

Судланувчи А.Ю. фирибгарлик, яъни алдаш йўли билан ўзганинг анча миқдордаги мулкини қўлга киритиш мақсадида, ўзининг танишлари орқали фуқаро М.Т-ни Миллий Гвардия тизимига 4000 АҚШ доллари эвазига, ишга киритишни ваъда қилиб, шундан 2000 АҚШ долларини 02.03.2023 йили Нукус шаҳри, А.Пушкин кўчаси бўйида жойлашган “Туронбанк” банк шаҳобчаси ёнида фирибгарлик йўли билан олган вақтида ушланган ва кимёвий ишлов берилган пуллар ашёвий далил тариқасида олинган.

 

Судланувчи М.Ю. ўзининг юқоридаги ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 25,168-моддаси 2-қисми “а” бандида кўрсатилган жиноятни қасддан содир қилган. Шунингдек, судланувчи М.Ю. ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишни ўз олдига мақсад қилиб қўйиб, мулкий наф кўриш мақсадида фуқаро М.Т-ни алдаш йўли билан, Миллий гвардияда ишловчи танишлари орқали 4000 АҚШ доллари эвазига ишга киритишни ваъда қилиб, уни давлат органининг мансабдор шахсига пора беришни далолат қилиб, қонунга хилоф эканлигини билан туриб, пора беришга қизиқтириб, 02.03.2023 йил Нукус шаҳри, А.Пушкин кўчаси бўйида жойлашган “Туронбанк” банк шаҳобчаси ёнида фирибгарлик йўли билан 2000 АҚШ долларини олган вақтида ушланган ва кимёвий ишлов берилган пуллар ашёвий далил тариқасида олинган.

Судланувчи М.Ю Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 2-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбдор топилиб, 1 (бир) йил муддатга ташкилий бошқарув ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди ва иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 (уч) йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Шундан сўнг Жиноят ишлари бўйича Нукус туман судининг раиси А.Сейтанов талабаларга сайёр суднинг мазмун-моҳияти, кутилган самараси ҳақида тушунтириб, бугунги суд мажлиси, унда кўрилган иш, бундан чиқадиган хулосалар ҳақида гапирди. Талабаларнинг фикрини сўраб, барчани суҳбатга тортди. Шунингдек, «Фуқаролар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек, аҳолини ҳуқуқий саводхонлигини ошириш» мавзуларида давра суҳбати ўтказилди.

А.Сейтанов,
Жиноят ишлари бўйича Нукус туман судининг раиси