МЕДИАЦИЯ — НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ЭТИШНИНГ ЗАМОНАВИЙ ВА САМАРАЛИ ЙЎЛИ

 

Бугунги глобаллашув даврида жамиятда турли ҳуқуқий муносабатлар кенгайиб борар экан, инсонлар ўртасида турли низо ва келишмовчиликлар келиб чиқиши ҳам табиий ҳолдир. Бундай вазиятларда низоларни тезкор, адолатли ва ўзаро манфаатли тарзда ҳал қилиш масаласи дунё ҳамжамияти учун долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, медиация институти бугунги кунда низоларни ҳал этишнинг энг самарали ва замонавий усулларидан бири сифатида эътироф этилмоқда.

 

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳам инсон манфаатларини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, судларда иш ҳажмини камайтириш ҳамда аҳоли ўртасида муроса маданиятини шакллантириш мақсадида медиация институтини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

 

Хусусан, “Медиация тўғрисидаг”и Қонуннингқабул қилиниши мамлакатимиз ҳуқуқий ҳаётида муҳим қадам бўлди. Ушбу қонун медиация соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, медиаторларни тайёрлаш, медиация хизматини ташкил этиш, суд ва бошқа органлар амалиётида медиация тартиб-таомилларини кенг қўллаш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратди.

 

Қонуннинг 4-моддасига кўра, медиация — келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усули ҳисобланади. Оддий қилиб айтганда, бу низолашувчи томонларнинг мустақил ва холис бўлган учинчи шахс — медиатор ёрдамида муроса йўли билан келишувга эришишидир.

 

Медиациянинг энг муҳим афзалликларидан бири шундаки, унда тарафлар ўзаро муносабатларни сақлаб қолади. Суд жараёнида, одатда, бир тараф ғолиб, иккинчи тараф мағлуб бўлади. Медиацияда эса ҳар икки томон учун мақбул ечим топилишига эришилади. Бу эса инсонлар ўртасидаги ишонч, ҳурмат ва ҳамкорлик муносабатларини сақлаб қолиш имконини беради.

 

Қонунчиликда медиациянинг бир нечта турлари белгиланган. Жумладан, суддан ташқари медиация, судга қадар медиация, суд жараёнидаги медиация ҳамда суддан кейинги медиация турлари мавжуд. Бу эса фуқароларга низони ҳал қилишнинг энг қулай ва мақбул йўлини танлаш имконини яратади.

 

Медиация суд жараёни бошланмасдан аввал ҳам, суд муҳокамаси вақтида ҳам, ҳатто суд ҳужжатларини ижро этиш босқичида ҳам қўлланилиши мумкин. Шунингдек, ҳакамлик судларида ҳам қарор қабул қилингунига қадар медиация тартиб-таомилидан фойдаланиш мумкинлиги белгиланган.

 

Медиацияни амалга ошириш учун тарафлар ўзаро келишув асосида бир ёки бир неча медиаторни танлайди. Медиаторнинг асосий вазифаси — тарафларни эшитиш, улар ўртасида конструктив мулоқот муҳитини яратиш ва муросага эришишга кўмаклашишдан иборат.

 

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, медиатор мутлақо бетараф бўлиши шарт. У тарафлардан бирининг манфаатини ҳимоя қилишга, ҳуқуқий маслаҳат беришга ёки бирор тарафни устун ҳолатга қўйишга ҳақли эмас. Бу медиация жараёнининг шаффоф ва адолатли бўлишини таъминлайди.

 

Қонунчиликка мувофиқ, медиацияга оид келишувлар бир неча шаклда тузилиши мумкин. Жумладан, медиацияни қўллаш тўғрисидаги келишув, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишув ҳамда медиатив келишув мавжуд.

 

Медиатив келишув — медиация жараёни якунлари бўйича тарафлар ўртасида эришилган келишув бўлиб, у тарафлар учун мажбурий кучга эга ҳисобланади. Мазкур келишув унда белгиланган тартиб ва муддатларда ихтиёрий равишда бажарилиши лозим. Агар медиатив келишув бажарилмаса, тарафлар судга мурожаат қилиш ҳуқуқини сақлаб қолади.

 

Медиация жараёнида профессионал ва нопрофессионал медиаторлар иштирок этиши мумкин. Профессионал медиатор олий маълумотга эга бўлиши, махсус ўқув курсларини тамомлаши, малака имтиҳонидан ўтиши ва Медиаторлар реестрига киритилган бўлиши лозим.

 

Бу талаблар соҳада профессионаллик, масъулият ва ишонч муҳитини шакллантиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, адвокат ва нотариус мақомига эга шахслар учун айрим енгилликлар ҳам назарда тутилган.

 

Бугунги кунда медиация нафақат ҳуқуқий, балки ижтимоий аҳамиятга ҳам эга институт сифатида намоён бўлмоқда. Чунки у аҳоли ўртасида муроса маданиятини ривожлантириш, низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш, ортиқча вақт ва маблағ сарфининг олдини олишга хизмат қилади.

 

Энг муҳими, медиация инсонлар ўртасидаги муносабатларни сақлаб қолиш имконини беради. Айниқса, оилавий, меҳнат, қўшничилик ва тадбиркорлик муносабатларида бу жуда муҳим аҳамият касб этади.

 

Зеро, ҳар қандай низони муроса ва келишув орқали ҳал қилиш — жамият барқарорлиги, ўзаро ҳурмат ва адолат муҳитини мустаҳкамлашнинг муҳим омилидир.

 

Медиация — бу фақат ҳуқуқий тартиб-таомил эмас. Бу — мулоқот, ўзаро ҳурмат ва тинч келишув маданиятидир.

 

 

Саодат  КАИПНАЗАРОВА,

 Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси

 

СУД ҲОКИМИЯТИДА КОРРУПЦИЯГА ЎРИН ЙЎҚ

 

Мамлакатимизда сўнгги йилларда барча жабҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, булар коррупцияга қарши курашиш, ишбилармонлик муҳитини ва меҳнат шароитларини яхшилаш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, маъмурий ҳамда давлат бошқаруви самарадорлигини оширишга қаратилган.

 

Барча соҳаларда коррупция иллатларини бартараф этиш ва унинг ривожланишига йўл қўймаслик мақсадида коррупциявий ҳолатларни ўз вақтида аниқлаш, олдини олиш, уларга чек қўйиш, шунингдек, унга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш муҳим вазифалардан биридир. Айниқса, коррупцияга қарши курашишда уни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш, яъни унинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар вақт ва самарадорлик нуқтаи назаридан устувор аҳамият касб этади.

 

Судьяларнинг ҳалоллиги ва поклиги — суд тизимининг самарадорлиги ҳамда беғаразлигининг энг муҳим шарти ҳисобланади. Судьяларнинг ҳалоллиги суд органлари мустақиллиги билан чамбарчас боғлиқ: суд органлари ҳалолликни таъминлайди, ҳалоллик эса мустақилликни мустаҳкамлайди.

 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳам коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини алоҳида таъкидлаб, 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида коррупцияга қарши курашишда жамиятнинг барча қатламлари фаол иштирок этиши зарурлигини қайд этган.

 

Коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш мақсадида бир қатор муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Жумладан, 2019 йил 27 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5729-сонли Фармони билан “2019–2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш” давлат дастури тасдиқланди.

 

Шунингдек, 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6013-сонли Фармони ҳамда 2020 йил 7 декабрдаги ПФ-6127-сонли “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони суд тизимида коррупциянинг олдини олиш, унинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда фуқароларнинг судга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

 

Мазкур ҳужжатларга мувофиқ:

  • судьяларни ташқи таъсирлардан ҳимоя қилиш;
  • кадрларни танлаш ва баҳолашда шаффофликни таъминлаш;
  • коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш;
  • судьяларнинг касбий ва маънавий салоҳиятини ошириш
    каби устувор вазифалар белгилаб берилган.

Шу билан бирга, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган аниқ мақсадлар белгиланган.

 

Коррупциявий хатти-ҳаракатларнинг асосида, одатда, манфаатлар тўқнашуви ётади. Манфаатлар тўқнашуви — шахсий манфаатдорлик хизмат вазифаларини холис бажаришга таъсир кўрсатадиган ёки кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатдир.

 

Судьялар одоби кодексига кўра, судья ҳар қандай шубҳали вазиятлардан йироқ бўлиши, ўз холислигига путур етказиши мумкин бўлган омилларни бартараф этиши лозим. Зарур ҳолларда ўзини ўзи рад этиши эса адолатли судловнинг муҳим кафолати ҳисобланади.

 

Хулоса қилиб айтганда, суд ҳокимияти мустақиллиги коррупцияга қарши курашишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу боис судьялар ва суд ходимлари ҳалоллиги ва поклигини таъминлаш, коррупцияга мутлақо йўл қўймаслик бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан биридир.

 

 

Азамат АБДИРАСУЛИЕВ,
фуқаролик ишлари бўйича Қўнғирот туманлараро суди раиси

АЁЛЛАРГА НИСБАТАН ТАЗЙИҚ ВА ЗЎРАВОНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳар қандай демократик давлатнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Жамиятда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, айниқса, уларни тазйиқ ва зўравонликдан муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Зеро, аёл — оиланинг таянчи ва келажак авлод тарбиясининг муҳим омилидир.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш ҳамда уларга нисбатан ҳар қандай тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу борада қабул қилинган «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун мазкур соҳада мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Унга кўра, аёлларга нисбатан жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий зўравонликнинг барча шакллари тақиқланади.

Тазйиқ ва зўравонлик — шахснинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш, таҳдид қилиш, қўрқитиш, жисмоний куч ишлатиш ёки уни иқтисодий жиҳатдан қарам ҳолатга солиш каби ғайриқонуний ҳаракатларни ўз ичига олади. Бундай ҳолатлар нафақат оилада, балки иш жойларида, таълим муассасаларида ҳамда жамиятнинг бошқа соҳаларида ҳам учраши мумкин.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, бундай ҳуқуқбузарликларни содир этган шахслар тегишли тартибда жавобгарликка тортилади. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ҳамда Жиноят кодексида ушбу қилмишлар учун маъмурий ва жиноий жазо чоралари белгиланган. Бу эса жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.

Шунингдек, аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилиш мақсадида ҳимоя ордери институти жорий этилган. Ҳимоя ордери — жабрланувчини муҳофаза қилишга қаратилган махсус ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, у орқали ҳуқуқбузарга нисбатан муайян чекловлар белгиланади ва жабрланувчининг хавфсизлиги таъминланади.

Бу соҳадаги ислоҳотларни янада кучайтириш мақсадида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2026 йил 3 март куни қабул қилинган “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони муҳим аҳамият касб этди. Мазкур ҳужжат билан профилактика ишларини кучайтириш, жабрланган шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга ҳуқуқий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш механизмлари янада такомиллаштирилди.

Шу билан бирга, бу йўналишда давлат органлари ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, зўравонлик ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича тизимли чоралар белгилаб берилди.

 

Аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишда нафақат давлат органлари, балки жамиятнинг ҳар бир аъзоси фаол иштирок этиши лозим. Оилада ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик муҳитини шакллантириш, ёшларни инсон ҳуқуқларига ҳурмат руҳида тарбиялаш бундай салбий ҳолатларнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.

Хулоса қилиб айтганда, аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш жамият барқарорлиги ва оила мустаҳкамлигини таъминловчи муҳим омилдир. Бу борада қабул қилинган қонунлар ва норматив ҳужжатлар хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилиб, жамиятда адолат ва қонунийлик тамойилларини мустаҳкамлайди.

 

 

 

Зульфия БАБАДЖАНОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси

ЕР УЧАСТКАЛАРИДАН НОҚОНУНИЙ ФОЙДАЛАНИШ: ЖАВОБГАРЛИК МУҚАРРАР

 

Бугунги кунда ер муносабатларини тартибга солиш, ер участкаларидан қонуний ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу боис, ердан ноқонуний фойдаланиш, уни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатларига нисбатан қонунчиликда аниқ ва қатъий жавобгарлик чоралари белгиланган.

 

Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, айрим ҳолатларда фуқаролар томонидан ер участкаларини тегишли рухсат ва ҳужжатларсиз эгаллаб олиш, ноқонуний қурилиш ишларини амалга ошириш ҳолатлари учрамоқда. Бундай ҳолатлар эса қонун талабларининг бузилишига, шунингдек, турли ҳуқуқий низолар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

 

Жиноят ишлари бўйича Шоманай туман суди томонидан кўриб чиқилган навбатдаги маъмурий иш ҳам айнан шу каби ҳуқуқбузарлик билан боғлиқдир.

 

Мазкур иш материалларига кўра, фуқаро Ғаний Бисенбаев ( исмлар ўзгартирилган)  аввал мавжуд турар жойини бузиб, кадастр ҳужжатларини бекор қилдирган. Шундан сўнг, ушбу ер участкасидан қонуний асосларсиз фойдаланган ҳолда янги турар жой қурган.

 

Ушбу ҳолат юзасидан тегишли тартибда текширувлар ўтказилиб, турар жойни расмийлаштириш имконияти мавжуд ёки мавжуд эмаслиги аниқлаш мақсадида бир неча бор юқори турувчи ташкилотларга мурожаат қилинган. Бироқ, белгиланган талабларга жавоб бермаслиги сабабли, мазкур қурилиш ноқонуний деб топилган.

 

Шу асосда, ваколатли орган томонидан фуқаро фуқаро Ғаний Бисенбаевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 60-моддаси 3-қисми билан маъмурий жазо, яъни катта миқдорда жарима тайинланган.

 

Фуқаро томонидан ушбу қарор устидан судга шикоят аризаси киритилиб, унда жарима миқдорини камайтириш сўраган.

 

Суд томонидан иш барча далиллар, гувоҳлар кўрсатмалари ҳамда иш материаллари асосида ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўрганилди.

 

Суд муҳокамаси жараёнида аниқланишича, фуқаро томонидан ер участкасидан қонуний ҳуқуқий асосларсиз фойдаланилгани, мазкур ҳолат ваколатли орган томонидан тўғри қайд этилгани ва қонун талаблари асосида ҳуқуқий баҳо берилгани ўз тасдиғини топди.

 

Шунингдек, ишни кўриб чиқиш жараёнида жаримани камайтириш ёки бекор қилиш учун қонунчиликда назарда тутилган асослар мавжуд эмаслиги аниқланди.

 

Натижада, суд томонидан ваколатли орган қарори ўзгаришсиз қолдирилиб, шикоят аризаси қаноатлантирилмади.

 

Ер муносабатлари соҳасида қонун талабларига қатъий риоя этиш ҳар бир фуқаронинг бурчи ҳисобланади. Ер участкаларидан ўзбошимчалик билан фойдаланиш, ноқонуний қурилиш ишларини амалга ошириш нафақат маъмурий жавобгарликка, балки кейинчалик янада оғир ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкин.

 

Шу боис, фуқаролар ҳар қандай қурилиш ёки ер билан боғлиқ ҳаракатларни амалга оширишдан олдин тегишли рухсатнома ва ҳужжатларни расмийлаштириши, амалдаги қонунчилик талабларига қатъий амал қилиши зарур.

 

Қонун устуворлиги таъминланган жамиятдагина адолат ва тартиб қарор топади.

 

Жеткиншек Қдырниязов,

Жиноят ишлари бўйича Шоманай тумани судининг тергов судьяси

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИНИНГ 33 ЙИЛЛИГИ КЕНГ НИШОНЛАНДИ

Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг 33 йиллиги муносабати билан Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида байрам олди маънавий-маърифий учрашув юқори савияда ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси давлат мадҳиялари янграб, иштирокчиларда юксак фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотди. Шундан сўнг институт ректори Н.Абсаттаров кириш сўзи билан тадбирни очиб, меҳмонларни таништирди ҳамда барча иштирокчиларни ушбу қутлуғ сана билан самимий муборакбод этди. У ўз нутқида Конституциянинг жамият тараққиётидаги беқиёс ўрни ва аҳамиятига алоҳида тўхталди.

 Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Ш.Ўтемисов ўз маърузасида Конституциянинг қабул қилиниши тарихий бурилиш бўлганини, у давлат ва жамиятнинг демократик ривожланиш йўлини белгилаб берган муҳим ҳуқуқий ҳужжат эканини таъкидлади. Шунингдек, асосий қонунимиз инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, миллий ҳуқуқий тизимни шакллантиришда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилаётгани қайд этилди.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси суди раиси ўринбосари Б.Қтайбеков сўзга чиқиб, Конституция ҳар бир давлатнинг сиёсий, ҳуқуқий ва маънавий қиёфасини белгилаб берувчи асосий ҳужжат эканини таъкидлади. У 1993 йил 9 апрель куни қабул қилинган Конституция янги давлат ва жамият қурилишида мустаҳкам асос бўлганини, айнан шу ҳужжат орқали жамият ҳаётининг барча соҳаларини тартибга солувчи ҳуқуқий тизим шаклланганини алоҳида эътироф этди.

Тадбирда шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси бўлим бошлиғи А.Абдикаримов ҳам иштирок этиб, Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устувор аҳамият касб этиши, мазкур нормалар халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принципларига мос келишига алоҳида эътибор қаратди.

Учрашув давомида талаба-ёшлар фаол иштирок этиб, ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. Мутахассислар томонидан берилган атрофлича жавоблар ёшларнинг ҳуқуқий билимларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

  

ШАХСНИ ҒАЙРИИХТИЁРИЙ ТАРТИБДА ПСИХИАТРИЯ СТАЦИОНАРИГА ЁТҚИЗИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ

Шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлар тиббий ёрдам кўрсатишнинг алоҳида тури ҳисобланади. Ушбу муносабатлар ихтиёрий ва мажбурий даволаниш жараёнларида вужудга келиб, инсон саломатлигини муҳофаза қилиш ва тиклашга қаратилган бўлади. Бунда кўрсатиладиган тиббий хизмат ягона тиббий стандартлар ва усуллар асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига “Шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш ёки унинг ушбу муассасада бўлиш муддатини узайтириш” тўғрисидаги 32-бобнинг киритилиши фуқароларнинг суд орқали ҳимоя қилинишини янада мустаҳкамлади. Чунки айрим ҳолатларда шахснинг руҳий ҳолати атрофдагилар учун хавф туғдириши мумкин бўлиб, бу эса нохуш оқибатларнинг олдини олиш мақсадида уни мажбурий тартибда даволаш заруратини келтириб чиқаради.

Мазкур тоифадаги ишлар суд тартибида кўриб чиқилиши ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикасининг “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги Қонунининг 30 ва 31-моддаларига мувофиқ, шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш фақат қуйидаги ҳолатларда амалга оширилади:

  • шахсни фақат стационар шароитида текшириш ёки даволаш мумкин бўлганда;
  • унинг руҳий ҳолати оғир бўлиб, ўзига ёки атрофдагиларга бевосита хавф туғдирганда;
  • шахс ўзининг асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда қондиришга лаёқатсиз бўлганда;
  • психиатрия ёрдами кўрсатилмаса, унинг соғлиғига жиддий зарар етказилиши эҳтимоли мавжуд бўлганда.

Мазкур ҳолатларда шахсни стационарга жойлаштириш масаласи суд томонидан ҳал қилинади.

Шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш ёки унинг стационарда бўлиш муддатини узайтириш ҳақидаги ишлар суд томонидан алоҳида иш юритиш тартибида кўриб чиқилади. Бу ишлар психиатрия муассасаси жойлашган ҳудуддаги судга тааллуқлидир.

Аризада қонунчиликда назарда тутилган асослар аниқ кўрсатилиши лозим. Шунингдек, унга шифокор-психиатрлар комиссиясининг шахсни стационарга ётқизиш ёки унинг даволаниш муддатини узайтириш зарурлиги ҳақидаги асослантирилган хулосаси илова қилиниши шарт.

Суд аризани қабул қилар экан, ишни кўриб чиқиш даврида шахснинг стационарда бўлиб туриши масаласини ҳам ҳал этади.

Ушбу ишлар, қоида тариқасида, ўн кунлик муддатда кўриб чиқилади. Суд мажлисида шахснинг қонуний вакили, шифокор-психиатрлар комиссияси вакили, прокурор ҳамда психиатрия муассасаси вакили иштирок этади.

“Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасига мувофиқ, шахс психиатрия ёрдами кўрсатилаётганда ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун вакил таклиф этиш ҳуқуқига эга. Вакиллик қонунчиликда белгиланган тартибда расмийлаштирилади.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини уларнинг васийлари, вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини эса ота-онаси ёки бошқа қонуний вакиллари ҳимоя қилади.

Иш судда кўриб чиқилгандан сўнг ҳал қилув қарори қабул қилинади. Суднинг аризани қаноатлантириш ҳақидаги ҳал қилув қарори шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш ёки унинг у ерда бўлиш муддатини узайтириш учун ҳуқуқий асос ҳисобланади.

Ғайриихтиёрий тартибда стационарга ётқизилган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган барча ҳуқуқлардан фойдаланади. Жумладан, уларнинг ҳуқуқлари тиббиёт соҳасидаги бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ҳам ҳимоя қилинади.

Шунингдек, “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги Қонуннинг 39-моддасига мувофиқ, шахс психиатрия стационаридан унинг соғайгани ёки руҳий ҳолати яхшиланиб, стационар шароитида даволаниш зарурати қолмаган тақдирда, шунингдек текширув ёки экспертиза якунланган ҳолларда чиқарилади.

Хулоса қилиб айтганда, шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш тартиби инсон ҳуқуқлари ва жамият хавфсизлиги ўртасидаги мувозанатни таъминлашга қаратилган муҳим ҳуқуқий механизм ҳисобланади.

Саодат КАИПНАЗАРОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси

КОНСТИТУЦИЯ — ҲУҚУҚ ВА АДОЛАТНИНГ МУСТАҲКАМ ПОЙДЕВОРИ

 

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

 

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари Раджапбай Нуразизов, Қорақалпоғистон Республикаси суди раиси Камал Тарихов, республика прокурорининг ўринбосари Тўлқин Нурметов, профессор-ўқитувчилар, талабалар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

 

Тантанали тадбир давлат мадҳиялари ижроси билан бошланди.

 

 

Тадбир давомида сўзга чиққанлар Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши тарихи, унинг давлат ва жамият ҳаётидаги аҳамияти, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдаги ўрни ҳақида сўз юритдилар.

 

 

Таъкидланганидек, Конституция — демократик ислоҳотларни амалга оширишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси, инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг ишончли кафолати ҳисобланади. Бош Қомусда “инсон — жамият — давлат” тамойили устувор этиб белгиланган.

 

 

Шунингдек, сўнгги йилларда мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, таълим соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар алоҳида таъкидланди.

 

Тадбир доирасида маърузалар тингланиб, ёшлар онгида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, Конституция нормаларига ҳурмат руҳини мустаҳкамлаш муҳим вазифа экани қайд этилди.

 

Тантанали тадбир маданий дастур билан якунланди.

 

 

 

КИМГА ҚАНДАЙ ИМКОНИЯТ? МЕҲНАТДА ТЕНГЛИК МАСАЛАСИ

 

 

Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг амалга оширилаётган кенг кўламли ҳуқуқий ислоҳотлар натижасида жамиятда бозор иқтисодиёти талабларига мос янги ҳуқуқий тафаккур шаклланмоқда. Бу ўзгаришлар қонунчилик тизимида ҳам ўз ифодасини топиб, айниқса меҳнат муносабатларини тартибга солиш соҳасида замонавий тамойиллар қарор топмоқда.

 

Жумладан, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг қабул қилиниши ҳамда меҳнатга оид бошқа қонун ҳужжатларининг такомиллаштирилиши натижасида ушбу соҳада инсон ҳуқуқ ва манфаатларини устувор қўювчи янги ҳуқуқий ёндашувлар шаклланди.

 

Меҳнат ҳуқуқи ҳуқуқ тизимида муҳим ўрин эгаллайди. У меҳнат бозорида юзага келадиган ижтимоий муносабатларни, хусусан ёлланма меҳнатдан фойдаланиш ва уни ташкил этиш жараёнини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солади.

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддасига мувофиқ, ҳар бир инсон муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсиз ва гигиена талабларига жавоб берадиган шароитларда ишлаш, камситишларсиз адолатли иш ҳақи олиш ҳамда ишсизликдан қонун асосида ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

 

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш мақсадида белгиланади. Шу билан бирга, ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, уларни ишдан бўшатиш ёки иш ҳақини камайтириш қонунан тақиқланади.

 

Меҳнат кодексининг 4-моддасига кўра, ҳар ким меҳнат ҳуқуқларини амалга ошириш ва ҳимоя қилишда тенг имкониятларга эга. Меҳнат ва бандлик соҳасида ҳар қандай камситиш қатъиян ман этилади.

 

Жумладан, жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий аҳволи, мансаб мавқеи, яшаш жойи, динга муносабати, эътиқоди ёки бошқа шахсий белгиларга қараб тўғридан-тўғри ёки билвосита чекловлар ўрнатиш ёки имтиёзлар бериш камситиш деб баҳоланади.

 

Бироқ айрим ҳолларда, меҳнатнинг хусусияти ёки айрим тоифадаги шахсларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтожлиги ҳисобга олиниб, қонун доирасида белгиланган фарқлар камситиш ҳисобланмайди. Масалан, вояга етмаганлар, ногиронлиги бўлган шахслар, ҳомиладор аёллар ёки оилавий вазифаларни бажараётган шахсларга нисбатан қўшимча кафолатлар берилиши шулар жумласидандир.

 

Ўзини меҳнат соҳасида камситилган деб ҳисоблаган шахс белгиланган тартибда шикоят қилиш, жумладан судга мурожаат этиш, етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплатиш ҳуқуқига эга.

 

Меҳнат ҳуқуқи субъекти бўлиш учун шахс муайян ёшга етган ва меҳнат қилиш қобилиятига эга бўлиши лозим. Амалдаги қонунчиликка кўра, меҳнат ҳуқуқий субъектлилик одатда 16 ёшдан бошланади. Айрим ишлар учун эса шахснинг 18 ёшга тўлган бўлиши талаб этилади.

 

Меҳнат қилиш ҳуқуқи инсоннинг асосий ҳуқуқларидан бири бўлиб, унинг ҳимояси давлат томонидан кафолатланади. Хусусан, суд орқали ҳуқуқларни ҳимоя қилиш имконияти муҳим аҳамиятга эга. Суд қарори асосида ишга тикланган ходимнинг бузилган ҳуқуқлари тўлиқ тикланади ва мажбуран ишламаган даври учун ҳақ тўланади.

 

Фуқароларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқини бузган мансабдор шахслар қонунчиликка мувофиқ интизомий, маъмурий, моддий, айрим ҳолларда эса жиноий жавобгарликка тортилади.

 

Шунингдек, «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, фуқароларнинг ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқи кафолатланган.

 

Умуман олганда, меҳнатга оид қонун ҳужжатлари ходимлар ва иш берувчилар манфаатларини мувозанатли таъминлаш, адолатли ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, меҳнат унумдорлигини ошириш ҳамда аҳолининг турмуш даражасини юксалтиришга хизмат қилади.

 

 

Саодат КАИПНАЗАРОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси

ОТА-ОНАЛИК ҲУҚУҚИДАН МАҲРУМ ҚИЛИШ ВА ТИКЛАШ ШАРТЛАРИ

 

Болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, шу жумладан оилавий-ҳуқуқий соҳада ҳимоя қилиш даражасини ошириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ҳозирда давлат оила сиёсати жамият ҳаётида юз бераётган объектив ўзгаришлар таъсири остида шаклланмоқда. Шу боис, республикамиз миқёсида оилаларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий муаммоларнинг сабабларини бартараф этишга қаратилган мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Афсуски, баъзи оилаларда ота-оналар қийин ҳаётий вазият сабабли болаларига зарур ғамхўрлик кўрсата олмайдилар. Бу жумладан, болаларга нисбатан жисмоний ва руҳий зўравонлик, шунингдек мулкий ҳуқуқларнинг бузилиши ҳам кузатилади. Асосий сабаблар қаторида қашшоқлик, алкоголизм, гиёҳвандлик, ота-она мажбуриятларига масъулиятсиз муносабат ва оилавий ҳамда ахлоқий қадриятларнинг паст даражаси кўрсатилади. Бу ҳолатлар оилавий муносабатларнинг беқарорлигига ва ижтимоий муаммоларнинг кучайишига олиб келади.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш – бу ота-оналарнинг фарзандларига нисбатан айбли ҳуқуқбузарлик содир этганлик ҳолатлари учун қўлланиладиган охирги қатъий санкциядир. Қонунга кўра, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш фақат суд қарори билан амалга оширилади ва бу боланинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қўлланилади.

Амалда, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш фақат қуйидаги ҳолларда мумкин:

  • Ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортиш, шу жумладан алимент тўлашдан воз кечиш;
  • Болани даволаш, тарбиялаш ёки ижтимоий ҳимоя муассасаларидан олишдан ўз иродаси билан бош тортиш;
  • Ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилиш ва болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлиш;
  • Муттасил ичкиликбозлик ёки гиёҳвандликка мойиллик;
  • Боланинг ёки оила аъзоларининг ҳаёти ва соғлиғига қарши қасддан жиноят содир этиш.

Суд ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш жараёнида боланинг таъминоти, таълими ва хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ барча масалаларни ҳал қилади. Шунингдек, суд ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-онанинг болага алимент тўлаш мажбуриятидан озод қилмаслигини таъминлайди.

Ота-онанинг ҳуқуқини тиклаш мумкин бўлиб, бу фақат уларнинг хулқ-атворини ва бола тарбиясига муносабатини ўзгартирган ҳолатда ва суд қарори асосида амалга оширилади. 10 ёшга тўлган болаларнинг розилиги ота-оналик ҳуқуқини тиклашда асосий шарт саналади.

Шу тариқа, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш институтлари нафақат жавобгарлик чораси сифатида, балки боланинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва оилада тарбиявий муҳитни сақлаш воситаси сифатида ҳам қонунчиликда ўз ўрнига эга. Бу жараёнда асосий мақсад — боланинг қонуний манфаатларини таъминлаш ва унинг келажагини муҳофаза қилишдир.

Саодат КАИПНАЗАРОВА,

 Қорақалпоғистон Республикаси судининг  судьяси

АПЕЛЛЯЦИЯДА ҲУКМ ЎЗ КУЧИДА ҚОЛДИ: ГИЁҲВАНДЛИК ВОСИТАСИ БИЛАН БОҒЛИҚ ИШ БЎЙИЧА ҚАРОР ЎЗГАРТИРИЛМАДИ

Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича судлари томонидан  томонидан жиноят ишларини қонун талабларига мувофиқ, очиқ ва шаффоф тарзда кўриб чиқиш амалиёти изчил давом эттирилмоқда.

Жумладан, навбатдаги бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноят иши апелляция тартибида кўриб чиқилиб, биринчи инстанция суди томонидан чиқарилган ҳукмнинг қонунийлиги ва асослилиги юзасидан ҳуқуқий баҳо берилди.

 

Суд ҳайъати раиси Х.Бердикличев, судьялар Д.Разов ва А.Аметовдан иборат таркибда, суд мажлисида Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси бўлим катта прокурори А.Ниязимбетов, судланувчи «Ё.Я»  ҳамда унинг ҳимоячилари иштирок этди.

 

Жиноят ишлари бўйича Беруний туман судининг 2025 йил 11 сентябрдаги ҳукмига кўра, «Ё.Я» Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбли деб топилиб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

 

Иш материалларига кўра, судланувчи қонунга хилоф равишда 0,4 грамм миқдордаги героин гиёҳвандлик воситасини ўтказиш мақсадисиз, шахсий истеъмол қилиш мақсадида сақлаб келган. У 2025 йил 16 июнь куни Беруний тумани ҳудудида ўтказилган тезкор тадбир давомида ушбу модда билан ушланган.

 

Суд-кимёвий экспертиза хулосасига мувофиқ, олинган модда таркибида фаол гиёҳванд модда — диацетилморфин мавжуд бўлиб, у героин экани ва унинг соф оғирлиги 0,4 граммни ташкил этиши аниқланган.

 

Судланувчи ва унинг ҳимоячиси томонидан берилган апелляция шикоятида биринчи инстанция суди ҳукмини ўзгартириш, енгилроқ жазо тайинлаш сўралган.

 

Апелляция инстанцияси томонидан иш материаллари қонун талабларига мувофиқ ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўрганилди. Биринчи инстанция суди томонидан чиқарилган ҳукмда келтирилган хулосалар ишнинг ҳақиқий ҳолатларига тўлиқ мос келиши, далиллар эса ЖПК талабларига мувофиқ баҳолангани аниқланди.

 

Шунингдек, жазо тайинлашда судланувчининг шахси, айбига иқрорлиги, пушаймонлиги, оилавий аҳволи ва бошқа енгиллаштирувчи ҳолатлар инобатга олингани қайд этилди.

 

Шу асосда, апелляция инстанцияси қарорига кўра, жиноят ишлари бўйича Беруний туман судининг 2025 йил 11 сентябрдаги ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди, апелляция шикояти қаноатлантирилмади.

 

Мазкур жиноят иши бўйича апелляция инстанцияси томонидан қабул қилинган қарор биринчи инстанция суди хулосаларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини яна бир бор тасдиқлади.

 

Судлар томонидан жиноят ишларини кўриб чиқишда қонун талабларига қатъий риоя этилиши, далилларни ҳар томонлама ва холис баҳолаш, шунингдек, жазо тайинлашда шахсга оид барча ҳолатларни инобатга олиш амалиёти изчил таъминланмоқда.

 

Шу билан бирга, мазкур қарор гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасиз муносабат юритилиши, қонун устуворлиги ва жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашда суд ҳокимиятининг қатъий позициясини намоён этади.

 

Қонун устуворлиги таъминланган жамиятда ҳар қандай ҳуқуқбузарликка нисбатан жавобгарлик муқаррар бўлиб, суд қарорлари орқали адолатнинг таъминланиши — ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим белгисидир.

 

 

Хамра БЕРДИКЛИЧЕВ,
Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси

Skip to content