ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРНИНГ БИРИДА ЭЪЛОН ҚИЛИНГАН “ҲОКИМ БИЗГА БОСИМ ҚИЛЯПТИ… ҚОРАҚАЛПОҒИСТОНДАН ПРЕЗИДЕНТГА МУРОЖААТ” НОМЛИ ВИДЕОМУРОЖААТ ЮЗАСИДАН
Даъвогар Тахтакўпир туман ҳокимлиги Чимбой туманлараро иқтисодий судига даъво аризалари билан мурожаат қилиб, жавобгарлар “BIBSARO-SHODYA-TAXTA”, “DAUIT-TAXTA” ва “AGRO MAKS FOOD” фермер хўжаликлари билан тузилган ер майдонларини ижарага бериш тўғрисидаги шартномаларни бекор қилишни сўраган.
“BIBSARO-SHODYA-TAXTA” ва “AGRO MAKS FOOD” фермер хўжаликларининг илтимосномаларига биноан, шунингдек, “DAUIT-TAXTA” фермер хўжалигидан вакил келмаганлиги сабабли суд муҳокамалари 2024 йил 12 августдан 22 августга қолдирилган.
Ишларни кўраётган Чимбой туманлараро иқтисодий судининг судьяси меҳнат таътилига чиққанлиги сабабли ушбу ишлар Қўнғирот туманлараро иқтисодий судига ўтказилган.
Қўнғирот туманлараро иқтисодий суди судьяси томонидан 2024 йил 22 август куни ўтказилган суд мажлисида ишдаги мавжуд далиллар етарли эмаслиги сабабли даъвогарга қўшимча далилларни тақдим этиш таклиф қилинган ва суд муҳокамаси 2024 йил 30 август кунига қолдирилган.
2024 йил 30 августдаги суд мажлисида ҳам иш учун аҳамиятли ҳолатларни аниқлаш учун далиллар етарли эмаслиги сабабли суд томонидан ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахсларни жалб қилиш ва уларга қўшимча далилларни тақдим этишни таклиф қилиш лозим топилиб, суд муҳокамаси 2024 йил
9 сентябрга қолдирилган.
Мурожаатчилар судьянинг айнан ушбу хатти-ҳаракатларидан норозилик билдиришиб, “суд муҳокамаси 9 сентябрга учинчи маротаба қолдирилганлигини, ҳокимлик вакилига ҳужжатларни тўлиқ тақдим этишни айтганлигини ҳамда солиқ органи ва Фермерлар кенгашини ишга жалб қилгани”ни билдиришган.
Иқтисодий процессуал кодекси 69-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига кўра, далиллар ишда иштирок этувчи шахслар томонидан тақдим этилади.
Агар суд мавжуд далиллар етарли эмас деб ҳисобласа, ишнинг объектив ҳолатларини аниқлаш ва низони тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган қўшимча далилларни тақдим этишни таклиф қилиши мумкин.
Олий суд Пленумининг 2023 йил20 ноябрдаги “Судларда ерга оид низоларни кўришда қонунчилик ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 28-сонли қарорининг 26-бандида судлар фермер хўжаликлари билан ер участкаси ижара шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги ишларни кўришда Фуқаролик кодексининг 384-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 январдаги 22-сонли қарори билан тасдиқланган “Фермер хўжалигининг ер майдонини мақбуллаштириш ва уни тугатиш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига риоя қилинганлигини текширишлари лозимлиги ҳақида тушунтириш берилган.
Ишдаги ҳужжатларда юқоридаги қонунчилик ҳужжатларига риоя қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар етарли эмаслиги сабабли суд ўз ташаббуси билан даъвогар ва учинчи шахслар вакилларига қўшимча далиллар тақдим этишни таклиф этишни лозим топган.
Мазкур Кодекс 171-моддаси биринчи қисмининг олтинчи хатбошисига кўра, суд тарафнинг қўшимча далиллар тақдим этиш ёки учинчи шахслардан талаб қилиб олиш зарурати билан боғлиқ ҳолда суд муҳокамасини кейинга қолдириш тўғрисидаги илтимосномаси бўйича суд муҳокамасини кейинга қолдиришга ҳақли.
Олий суд Пленумининг 2019 йил 24 майдаги “Биринчи инстанция суди томонидан иқтисодий процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 13-сонли қарори 37-бандининг биринчи ва иккинчи хатбошиларида судларнинг эътибори суд муҳокамаси Иқтисодий процессуал кодекси 171-моддасининг биринчи қисмида санаб ўтилган кутилмаган ва фавқулодда ҳолатларда кейинга қолдирилиши мумкинлигига қаратилиши лозимлиги, кўрсатиб ўтилган ҳолатлар мавжуд бўлганда, суд муҳокамаси суднинг ташаббуси билан ҳам, ишда иштирок этувчи шахснинг илтимосномасига кўра ҳам кейинга қолдирилиши мумкинлиги ҳақида тушунтириш берилган.
Шунингдек, ушбу Кодекс 48-моддасининг биринчи қисмига биноан низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорини қабул қилгунига қадар, агар иш ушбу шахсларнинг тарафлардан бирига нисбатан ҳуқуқ ёки мажбуриятларига таъсир кўрсатиши мумкин бўлса, даъвогар ёхуд жавобгар тарафида ишга киришиши мумкин. Улар тарафнинг илтимосномасига ёки суднинг ташаббусига кўра ҳам ишда иштирок этишга жалб қилиниши мумкин.
Мазкур вазиятда ишнинг ҳолатлари Тахтакўпир тумани қишлоқ хўжалиги бўлими, Кадастрлар палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Ўзагроинспекциянинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Тахтакўпир тумани “Сув еткизиб бериш хизмати” давлат муассасаси, Тахтакўпир тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ва Тахтакўпир тумани солиқ инспекциясининг ҳуқуқ ёки мажбуриятларига таъсир кўрсатиши мумкинлиги сабабли суд ушбу шахсларни ўз ташаббуси билан ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар сифатида жалб қилишни лозим топган.
Қўнғирот туманлараро иқтисодий суди даъвогар томонидан айнан Фуқаролик кодексининг 384-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 январдаги 22-сонли қарори билан тасдиқланган “Фермер хўжалигининг ер майдонини мақбуллаштириш ва уни тугатиш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига риоя қилинмаганлигини инобатга олиб, 2024 йил 9 сентябрдаги ажримлар билан даъво аризаларини кўрмасдан қолдирган.
Мазкур вазиятда Қўнғирот туманлараро иқтисодий судининг судьяси томонидан суд муҳокамалари процессуал қонунчилик нормаларига амал қилинган ҳолда кейинга қолдирилганлиги маълум қилинади.