СУД ҲУЖЖАТЛАРИНИ ТАФТИШ ТАРТИБИДА ҚАЙТА КЎРИШНИНГ АЙРИМ ЖИҲАТЛАРИ ҲАҚИДА   

2023 йил 25 декабрь куни “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги  ЎРҚ-887-сонли Қонуни қабул қилинди ва  қонун шу йилнинг 1 январдан бошлаб кучга кирди.

 

Ушбу қонун билан амалдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексида белгиланган, яъни суд ишларини кўришнинг ўта марказлаштирилишига барҳам берилиб,  ишларни вилоят судларида ва уларга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида кўриш босқичлари жорий этилди.

 

Оддий тилда айтадиган бўлсам, бугунги кунга қадар фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман судларида ишлар биринчи инстанцияда, ишларни вилоят судларида ва уларга тенглаштирилган судларда апелляция инстанциясида, Ўзбекистон Республикаси Олий судида кассация инстанциясида ва такрорий кассацияда кўрилиб келинди.

 

Бу албатта фуқароларимизнинг ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда ноқўлайликларга олиб келди, шу сабабли ҳам уларнинг манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни натижали таъминлаш бўйича ишлар олиб борилди.

 

Олиб борилган ишлар натижасида одил судловни амалга ошириш давомида шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга кўтарилди.

 

Шундай қилиб, суд қарорларини қайта кўриш институтининг анализи амалдаги тартибни қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатди, ишларни вилоят судларида ва уларга тенглаштирилган судларда апелляция инстанциясидан бошқа кассация ва тафтиш тартибида кўриш босқичлари жорий қилинди.

 

Амалдаги қонунчиликка кўра, апелляция шикояти (протести) суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида берилиши, кассация шикояти (протести) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан бошлаб олти ой ичида берилиши мумкин бўлса, биринчи инстанция судининг апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ҳал қилув қарори, ажрими, қарори ҳамда апелляция ёки кассация инстанцияси судининг ажрими устидан тафтиш тартибида шикоят (протест) берилиши мумкин.

 

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан бошлаб бир йил ичида берилади.

 

Янгидан жорий қилинган тафтиш тартибида шикоят (протест) бериш институти ҳақида тўҳтаб ўтадиган бўлсам, Қорақалпоғистон  Республикаси судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида тафтиш тартибида кўрилиши лозим бўлган шикоят (протест) ушбу судлар номига йўлланади, лекин суд ҳужжатини қабул қилган биринчи инстанция судига  берилади.

 

Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда шикоятни (протестни) ишни тафтиш тартибида кўрадиган судга иш билан бирга юбориши шарт.

 

Ушбу киритилган ўзгаришларга кўра, 4199-моддада Қорақалпоғистон  Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги масала  судья томонидан якка тартибда шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай ҳал қилиниши белгиланган.

 

Шунингдек, Фуқаролик процессуал кодексининг 41911-моддасига кўра, агар шикоят (протест) суд ҳужжати устидан шикоят қилиш (протест келтириш) ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан берилган, шикоят (протест) қонунга мувофиқ тафтиш тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин бўлмаган суд ҳужжати устидан, шикоят (протест) Қорақалпоғистон Республикаси судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судига апелляция ёки кассация тартибида кўрилмаган суд ҳужжати устидан, шикоят (протест) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига Қорақалпоғистон Республикаси судида, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларида, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида тафтиш тартибида кўрилмаган суд ҳужжати устидан берилган, шикоят (протест) ишни тафтиш тартибида кўраётган суд томонидан илгари тафтиш тартибида кўрилган суд ҳужжати устидан берилган бўлса, шикоятни (протестни) бериш муддати ўтказиб юборилган ва ўтказилган муддатни тиклаш рад этилган бўлса, шунингдек шикоятдан уни берган шахс воз кечганлиги, протест чақириб олинганлиги сабабли шикоят (протест) бўйича иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажрим мавжуд бўлса, тафтиш инстанцияси судининг судьяси тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилишни  рад этади.

 

Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисида судья ажрим чиқаради ва ажримда шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилишни рад этиш асосларини кўрсатади ва  шикоятни беришда тўланган давлат божини қайтариш  масалани ҳал қилади.

 

Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим бекор қилинган тақдирда, шикоят (протест) судга дастлаб мурожаат қилинган кунда берилган ҳисобланади.

 

Хулоса қилиб айтганда, бу киритилган ўзгаришлар одил судловга эришиш натижаларини янада кенгайтириш, инсон қадр-қиммати устунлигини таъминлашга қаратилган аҳамиятли ислоҳотлар бўлиб ҳисобланади.

 

 

Зульфия БАБАДЖАНОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси