СУДЬЯ МАҲКУМЛАР БИЛАН УЧРАШДИ
Жиноят ишлари бўйича Беруний туман суди раиси Р.Камалова Ўзбекистон Республикаси Мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Беруний тумани ЎСТК биносида фуқаролар ва Беруний туман ички ишлар бўлимининг пробация гуруҳида жазони ўтаётган маҳкумлар билан учрашув ўтказди.
Тадбирда туман суди раиси вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш, коррупцион жиноятларнинг жамият ривожига салбий таъсири ҳамда жиноят қонунчилигида жазодан озод қилиш тартиби билан боғлиқ масалаларга тўхталиб ўтди.
Шунингдек “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгариш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни юзасидан тушунтиришлар берди ҳамда шу ернинг ўзида жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни очиқ суд мажлисида кўриб чиқди.
Ҳеч ким жиноятчи бўлиб туғилмайди. Кутилмаганда, баъзан билиб, билмасдан ҳаётнинг эгри йўлларига кириб қолади. Лекин бу билан ҳаммаси тамом, дегани эмас. Ҳар доим имкон топилади. Инсон борки адашади. Аёлми, эркакми жиноятга қўл урдими жавобгарлик муқаррар эканлиги тушунтирилди.
Раъно КАМАЛОВА,
жиноят ишлари бўйича Беруний тумани суди раиси