Янги Ўзбекистон-ҳуқуқий демократик давлат: инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари, қонунчиликни янада ривожлантириш истиқболлари

Нукус ҳарбий судининг девонхона мудири Д.Аллашов томонидан Ўзбекистон Республикаси ДХХ чегара қўшинлари қўмондонлигига қарашли 9202 ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари иштирокида “Янги Ўзбекистон-ҳуқуқий демократик давлат: инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари, қонунчиликни янада ривожлантириш истиқболлари”  мавзусида тарғибот тадбири ўтказилди.

Тадбирда қайд этилганидек, 2023 йил 30 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича референдум ўтказилиши белгиланган. Янги таҳрирдаги Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг муҳофазаси янада такомиллаштирилмоқда.  Жумладан, янги таҳрирдаги Конституциямиз илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартириш, яъни энг аввало инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйишни мақсад қилган.

 

Лойиҳага асосан инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас. Инсонннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади ҳамда қонунлар, давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятининг мазмун-моҳиятини белгилаб беради.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирда қабул қилиниши кутилаётган Конституциясида ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланиши, қонунда назарда тутилган ҳолларда, юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилиши, ҳуқуқбузарликлардан жабрланганлар ҳуқуқлари қонун билан муҳофаза қилиниши, давлат жабрланганларга ҳимояланиш ва одил судловдан фойдаланишни таъминлаши, уларга етказилган зарарнинг ўрни қопланиши учун шарт-шароитлар яратилиши таъминланиши кўзда тутилмоқда.

Тадбир иштирокчиларнинг мавзуга оид савол-жавоблари билан давом этди.

 

Дамир Аллашов,

Нукус ҳарбий судининг девонхона мудири