КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ – ДОЛЗАРБ ВАЗИФА

Дунё миқёсида инсониятнинг азалий муаммоларидан бири бу – коррупция. Чунки ушбу иллат ҳар қандай мамлакатнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий соҳаларига салбий таъсир кўрсатади.

Ўзбекистон Республикасида бу борадаги  ислоҳотларнинг самарали амалга ошишига замин яратувчи ва коррупцияга қарши курашиш механизмларини ўзида акс эттирган Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 24 ноябрда қабул қилинган, Сенат томонидан 2016 йил 13 декабрда маъқулланган ва Президент 2017 йил 3 январь куни имзолаган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида” Қонун амалга киритилди. Мазкур қонун 34 моддадан иборат бўлиб, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Қонунда коррупция, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ва манфаатлар тўқнашуви каби янги тушунчалар киритилган.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сифатида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш масалалари ўз аксини топган.

Яна бир муҳим жиҳатларидан бири сифатида айтиш мумкинки, Қонуннинг 28-моддасида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахслар давлат ҳимоясида бўлиши белгиланган.

Таъкидлаш жоизки, коррупцияга қарши курашиш – долзарб вазифа саналади. Шу сабабли коррупция келиб чиқишига йўл қўймаслик, қонунларнинг ўз вақтида ижро этилишини таъминлаш, уни келтириб чиқарувчи ҳолатларнинг олдин олиш чораларини кўриш кабилар давлат органлари масъуллари билан биргаликда фуқароларнинг ҳам вазифаси бўлиши керак. Шундагина жамият ривожига салбий таъсир кўрсатувчи ушбу иллатни таг-томири билан йўқотишга эришамиз.

 

Қ.Атамурадов,

Фуқаролик ишлари бўйича Амударё тумани суди раиси.