СУД МАСЪУЛЛАРИНИНГ САЙЁР ҚАБУЛИДА ФУҚАРОЛАРНИНГ МУРОЖААТЛАРИ ТИНГЛАНДИ

Амударё туманида суд-ҳуқуқ масалалари юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси суди масъулларининг сайёр қабули ташкил этилди.

 

15 март куни 9-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида бўлиб ўтган сайёр қабулда Қорақалпоғистон Республикаси суди раиси Камал Тарихов, Қорақалпоғистон Республикаси Маъмурий суди раиси Амир Нурлипесов, Қорақалпоғистон Республикаси суди раисининг ўринбосарлари Абдимурат Керимбаев ва Баҳрам Ктайбековлар фуқароларни қабул қилдилар. Шунингдек, тумандаги судлар масъуллари, мутасадди корхона-ташкилотлар раҳбарлари ҳам иштирок этдилар.

 

Аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот ўтказиш, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар, тадбиркорлик фаолияти, фуқаролик ва оммавий-ҳуқуқий муносабатларга оид масала ва мурожаатларини кўриб чиқиш, шунингдек, «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва уларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш мақсадида ўтказилган ушбу сайёр қабулда дастлаб, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар хусусида сўз юритилди.

 

Суд масъуллари томонидан сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, одил судловнинг самарадорлигини ошириш бўйича изчил ислоҳотлар олиб борилаётганлиги алоҳида таъкидланди. Хусусан бу борадаги тегишли қарор ва фармонлар суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг янги босқичини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосини яратишга хизмат қилаётгани, суд ҳокимияти органлари фаолиятининг рақамлаштирилгани соҳадаги янги қадам бўлгани, бу эса одил судловни амалга ошириш учун маълумотларнинг тезкорлик билан олинишига замин яратиш билан бирга судлар фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаётгани ҳақида сўзлаб ўтишди.

 

Таъкидланганидек, бугунги кунда суд ҳокимиятида коррупция ҳолатларини келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш ҳамда олдини олиш борасида муайян ишлар самарали йўлга қўйилган. Ўтган йиллар мобайнида қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилиб, дадил қадамлар қўйилди. Бу йўналишдаги устувор масалалар юзасидан 40 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Айни пайтда суд тизимида “бир инстанция – бир суд” тизими жорий этилган ва назорат инстанцияси тугатилган. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларига суд қарорларини қайта кўриш институтини такомиллаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

 

Сайёр қабулда фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб, ҳуқуқий тушунчалар ва маслаҳатлар берилди. Қабул давомида жиноят ишлари бўйича 2 та, фуқаролик ишлар бўйича 5 та, маъмурий ишлар бўйича 4 та, иқтисодий ишлар бўйича судларга оид 1 та оғзаки тартибдаги мурожаатлар қабул қилинди. Ушбу мурожаатлардан 11 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди ва 1 та мурожаат эса шу ернинг ўзида ўрганилиб, ижобий ҳал этилди.

 

Бўлиб ўтган сайёр қабул давомида мурожаатлари тингланган ва улар бўйича ҳуқуқий тушунчалар, керакли маслаҳатлар олган фуқаролар Қорақалпоғистон Республикаси суди масъулларига ўз миннатдорчиликларини билдиришди.

 

Асқар Сафаров,

Жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди раиси