Биз коррупцияга қаршимиз
Коррупция – бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган хавфли иллатдир. Мазкур иллат демократия ва хуқук устиворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқларининг бузулишига, қонун устиворлигининг издан чиқишига, шунингдек бозор иқтисодиёти тамойилларига тўсқинлик қилиб ҳаёт сифатини ёмонлаштириб одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган салбий ҳолатларни юзага келишига сабаб бўлади. Ачинарлиси эса, ҳар қандай шахсда ҳоҳ у оддий фуқаро ёки мансабдор шахс бўлсин, уларга давлатга ҳамда қонун устиворлигига нисбатан ишончининг йўқолиб, натижада фуқаролар жавобгарлик муқаррарлигини, мажбуриятларини тан олмаслигига ҳам олиб келади.
Юртбошимиз Ш.Мирзиёев президентлик лавозимига киришишининг дастлабки кунлариданоқ, яъни 2017 йили 3 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги қонунни имзолади.
Ушбу қонунга кўра, Коррупцияга қуйидагича таъриф берилди, яъни коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш бўлиб ҳисобланади.
Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари
аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш;
давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш;
коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш эканлиги белгиланди.
Шунингдек, Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2020 йил 29 июнь кунги ПФ-6013-сонли Фармони қабул қилиниши мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида катта бурилиш ясади.
Чунки, бу Фармонда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилиши белгиланди.
Унга кўра, агентлик коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш, давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа нодавлат сектор вакилларининг биргаликдаги самарали фаолиятини таъминлаш, шунингдек, мазкур соҳадаги халқаро ҳамкорлик учун масъул бўлган махсус ваколатли давлат органи ҳисобланиб, ўз фаолиятини қонунийлик, холислик, ҳисобдорлик, очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида бошқа давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади, Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари олдида ҳисобдордир бўлиб ҳисобланади.
Фармонга кўра, агентликнинг вазифлари ва йўналишлари сифатида, мамлакатда коррупция ҳолатини тизимли таҳлил қилишни таъминлаш, шунингдек, коррупцияга оид хавф-хатарлар юқори бўлган соҳалар ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини, шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг тизимли сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизаси самарадорлигини таъминлаш, шунингдек, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, халқаро стандартларни ва илғор хорижий амалиётни жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш, давлат хизматчиларининг даромад ва мол-мулкини декларация қилиш тизими жорий этилиши ва самарали фаолият кўрсатишини ҳамда декларацияларнинг ҳаққонийлиги текширилишини ташкил этиш, шунингдек, ушбу жараёнда аниқланган коррупция ҳолатларига ўз вақтида таъсир чоралари кўрилишини таъминлаш, давлат хизматига ҳалоллик стандарти («ҳалоллик вакцинаси») ва манфаатлар тўқнашувини ҳал этиш стандартларини жорий этишда кўмаклашиш бўйича таъсирчан чораларни кўриш каби бир қанча қанча муҳим йўналишлар белгиланди.
Хулоса ўринда айтиш зарурки, коррупцияга қарши курашиш нафақат коррупцияга қарши курашиш органлари, балки ҳар биримизнинг вазифамиз бўлиб ҳисобланади. Шундагина биз давлатимизни коррупциядан ҳоли ҳудудга айлантиришига, қонуний, демократик давлатга айланишига ва аҳолининг фаровон турмуш шароитларида яшашига эришамиз.
Рахима Худайберганова,
Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судьяси