МАҲСУЛОТ ЕТКАЗИБ БЕРИШ ТЎҒРИСИДА

Маҳсулот етказиб бериш шартномаси эркин тадбиркорликда товарлар олди-соттиси бўйича энг кўп тарқалган тижорат амалиётида қўлланадиган шартномалардан иборат. Маҳсулот етказиб бериш шартномасига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган маҳсулот етказиб берувчи -сотувчи шартлашилган муддатда ёки муддатларда ўзи ишлаб чиқарадиган ёхуд сотиб оладиган товарларни сотиб олувчига тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун ёки шахсий, ойлавий мақсадларда, рўзғорда ва шунга ўхшаш бошқа мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш учун топшириш, сотиб олувчи эса товарларни қабул қилиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олади.

Маҳсулот етказиб бериш шартномаси бир йилга, бир йилдан ортиқ муддатга ёки тарафлар келишувида назарда тутилган бошқа муддатларда тузилиши мумкин. Агар маҳсулот етказиб бериш шартномасида унинг амал қилиш муддати белгиланган бўлса, шартнома бир йилга тузилган деб ҳисобланади. Агар узоқ муддатли шартномада етказиб берилиши лозим бўлган товарлар миқдори ёки шартноманинг бошқа шартлари бир йилга ёки ундан ортиқ муддатга белгиланган бўлса, шартномада тарафларнинг бу шартларни шартноманинг амал қилиш муддати тугагунга қадар кейинги даврлар учун келишиб олиш тартиби белгиланиши лозим. Шартномада бундай тартиб бўлмаса, шартнома бир йилга ёки шартнома шартлари келишилган муддатга тузилган ҳисобланади.

Товарларни шартноманинг амал қилиш муддати мобайнида туркум-туркум қилиб етказиб беришни назарда тутувчи маҳсулот етказиб бериш шартномасининг жиддий шарти – маҳсулот етказиб бериш даври, яъни товарларни туркум-туркум қилиб етказиб бериш юзасидан тарафлар шартлашган муддатлардир. Ўзаро муносабатларнинг аниқ шартларига боғлиқ равишда, шартномада маҳсулот етказиб бериш даврларини белгилаш билан бир қаторда товарларни етказиб бериш жадвали ҳамда унга риоя этилмагани учун мустақил жавобгарлик ҳам белгиланиши мумкин.

Тадбиркорлик муносабатини ифодаловчи бошқа шартномаларда бўлгани каби, мажбуриятларни муддатидан олдин бажаришга фақат тарафларнинг розилиги билангина йўл қўйилади. Маҳсулот етказиб бериш шартномасининг ҳусусияти шундай қоидадан иборатки, унга мувофиқ, биринчидан, маҳсулотни муддатидан олдин етказиб бериш учун сотиб олувчининг розилиги бўлиши талаб қилинади, иккинчидан, муддатидан олдин етказиб берилган ва сотиб олувчи томонидан қабул қилинган товарлар кейинги даврда берилиши лозим бўлган товарлар миқдорига киритилади. Маҳсулот етказиб бериш шартномаси бўйича товарларни сотиб олувчиларнинг ўзлари қабул қилиб олувчилардан ёки истеъмол қилувчилардан иборат бўлмасликлари мумкин. Улар товарни сотишни амалга ошириш бўйича воситачилик қилувчи улгуржи савдо ва бошқа ташкилотлардан иборат бўлиши мумкин.

Агар шартнома бўйича сотиб олувчининг ўзи товарни шахсга етказиб бериш тартиби назарда тутилади. Демак, товарларни шартнома бўйича сотиб олувчига ёки ундан олувчи сифатида кўрсатилган шахсга жўнатиш (топшириш) йўли билан амалга оширилиши лозим. Шартномада товарларни олувчиларга жўнатиш тўғрисида маҳсулот етказиб берувчига кўрсатмалар бериш ҳуқуқи назарда тутилган бўлса, маҳсулот етказиб берувчи товарларни жўнатиш разнарядкасида кўрсатилган олувчиларга жўнатиши керак. Жўнатиш разнарядкасининг мазмуни ва уни сотиб олувчи томонидан маҳсулот етказиб берувчига юбориш муддатлари шартномаларда белгиланади. Сотиб олувчининг белгиланган муддатда жўнатиш разнарядкасини тақдим этмаслиги маҳсулот етказиб берувчига шартномани бажаришдан бош тортиш ёхуд товарлар жўнатишни тўхтатиб қўйиш ҳуқуқини беради.

Сотиб олувчига сифати тегишли даражада бўлмаган товар сотилганида, агар унинг камчиликлари шартнома тузиш пайтида малум қилинмаган бўлса, сотиб олувчи ўз хоҳишига кўра худди шу маркадаги сифати тегишли даражада бўлган товарга алмаштиришни, харид нархини тегишинча қайта ҳисоблаган ҳолда бошқа маркадаги сифати тегишли даражада бўлган товарга алмаштиришни, товарнинг камчиликларини, ҳарид нархини мутонасиб равишда камайтиришни, кўрилган зарар ўрнини қоплаган ҳолда нархини мутонасиб равишда камайтиришни, кўрилган зарар ўрнини қоплаган ҳолда шартнома бекор қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Агар етказиб берилган товарлар сифати, ассортименти ва нави бўйича стандартлар техник шартлар, намуналарга, қонун ҳужжатларида ёки хўжалик шартномасида белгиланган бошқа мажбурий шартларга мос келмаса, сотиб олувчи товарларни қабул қилиш ҳамда уларнинг ҳақини тўлашни рад этиб, етказиб берувчидан сифати, ассортименти ва нави лозим даражада бўлмаган товарлар қийматининг 20 фоизи миқдорида жарима ундириб олишга, агар товарлар ҳақи тўлаб қўйилган бўлса, тўланган суммани белгиланган тартибда қайтаришни талаб қилишга ҳақлидир. Сифати, ассортименти ва нави лозим даражада бўлмаган товарлар етказиб берганлик учун жарима етказиб берувчидан акцептсиз тартибда ундириб олинади.

Жаримани ундириш тўғрисида тўлов талабномаси банк муассасасига товарларнинг сифати, ассортименти ва нави лозим даражада эмаслиги тўғрисидаги далолатнома тузилгандан кейин ўн кун ичида тақдим этилади. Жаримани ундириш тўғрисидаги тўлов талабномаси банк муассасасига товарларнинг сифати, ассортименти ва нави лозим даражада эмаслиги тўғрисидаги далолатнома тузилганидан кейин ўн кун ичида тақдим этилади. Жаримани ундириш тўғрисидаги тўлов талабномаси белгиланган ўн кунлик муддатни бузган ҳолда тақдим этилганда, жаримани ундириш белгиланган тартибда амалга оширилади.

Бут бўлмаган товарлар етказиб берилган тақдирда сотиб олувчи товарларни бутлаб беришни талаб қилишга ҳақли. Етказиб берувчи сотиб олувчининг талабини олган пайтдан бошлаб, агар тарафларнинг келишувида ўзга муддат белгиланган бўлмаса, ўн беш кунлик муддат ичида товарларни бутлаб бериши шарт, бундан буён товарлар бутлаб берилгунга қадар уларнинг ҳақини тўлашдан бош тортишга, агар товарларнинг ҳақи тўлаб қўйилган бўлса, белгиланган тартибда тўланган суммалар қайтарилишини талаб қилишга ҳақли, етишмаётган қисмлар қйиматини қўшган ҳолда, етказиб берувчидан бут бўлмаган товарлар қйиматининг 20 фоизи миқдорида жарима ундиришга ҳақли.

Р. КУРБАНБАЕВ,
Беруний туманлараро иқтисодий суди раиси