Суд ҳужжатларининг ижроси 

Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексининг (кейин-ИПК) 334-моддасига кўра, суд ҳужжатлари қонуний кучга киргач ижрога қаратилади, бундан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда дарҳол ижрога қаратиш ҳоллари мустасно.

Даъвони таъминлаш бўйича чоралар кўриш, келишув битимини тасдиқлаш, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий тартибда ижрога қаратиш учун ижро варақасини бериш, чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ажрим, шунингдек соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари дарҳол ижро этилиши лозим.

Агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, суд ҳужжатининг ижроси суд томонидан бериладиган ижро варақаси асосида амалга оширилади.

ИПКнинг 335-моддасида, суд томонидан берилган, ундирувчининг суд ҳужжатини мажбурий тартибда ижро эттириш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат ижро варақасидир – деб белгиланган.

Шунингдек, ИПКнинг 337-моддаси биринчи қисми 5-бандига кўра, суд ҳужжатининг хулоса қисми ижро варақасида кўрсатилган бўлиши керак.

Лекин амалиётида суд томонидан бериладиган ижро варакасида жавобгарнинг манзили хато кўрсатилган ҳолатлари мавжуд. Яъни бир мисол: ушбу суднинг 4-2301-2203/99-сонли иқтисодий иш бўйича қўшимча жавобгар манзили Тошкент шаҳри, Муқумий кўчаси ХХ уй деб кўрсатилиши лозим бўлсада, қўшимча жавобгарнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги филиал манзили кўрсатилган. Натижада суднинг ижро варақаси интеграцияланган электрон маълумотлар базаси орқали Нукус шаҳар Мажбурий ижро бўлимига электрон шаклда жўнатилган. Бу эса ўз навбатида Мажбурий ижро бўлими томонидан қўшимча жавобгарнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги филиалининг ҳисоб-рақамларини хатлашга асос бўлган.

Ўзбекистон Республикасининг «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонунинг 31-моддасига кўра, ижрога топширилган ижро ҳужжатидаги талаблар ноаниқ бўлган тақдирда давлат ижрочиси ижро ҳужжатини бериш учун асос бўлган суд ҳужжати ёки бошқа орган ҳужжатини, шунингдек қонунга кўра ижро ҳужжати ҳисобланадиган ҳужжатни тушунтириб беришни сўраб ижро ҳужжатини берган суд ёки бошқа органга ариза билан мурожаат қилишга ҳақли.

Ижро ҳужжатини берган суд ёки бошқа орган давлат ижрочисининг мурожаати келиб тушган кундан эътиборан ўн кунлик муддат ичида уни кўриб чиқади ва ижро ҳужжатини бериш учун асос бўлган ўзи қабул қилган суд ҳужжати ёки бошқа орган ҳужжатининг, шунингдек қонунга кўра ижро ҳужжати ҳисобланадиган ҳужжатнинг мазмунини ўзгартирмаган ҳолда унга тушунтириш беради. Суд ижро ҳужжатига тушунтириш бериш тўғрисида ажрим чиқаради, ижро ҳужжатини берган бошқа орган эса қарор чиқаради.

Нукус шаҳар Мажбурий ижро бўлимининг ижро ҳужжатига тушунтириш бериш ҳақидаги аризаси бўйича чиқарилган суд ажримида хато камчилик тўғриланған ва суднинг ижро варақаси тегишли мажбурий ижро бюросига жўнатилган.

 

Бердимурат Баймуратов ,
Нукус туманлараро иқтисодий суди судьяси