Нукус гарнизони ҳарбий хизматчилари иштирокида коррупцияга қарши курашиш юзасидан профилактик тадбир ҳамда оммавий сайёр қабул ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, Нукус ҳарбий суди ҳамда Нукус ҳарбий прокуратураси рахбарияти томонидан Нукус гарнизони маънавият ва маърифат маркази биносида Нукус гарнизони ҳарбий хизматчилари иштирокида коррупцияга қарши курашиш юзасидан профилактик тадбир ҳамда оммавий сайёр қабул ўтказилди.
Тадбирда Нукус ҳарбий судининг раиси С.Т.Кушатов кун тартибидаги масалалар бўйича, яъни Нукус гарнизони ҳарбий хизматчилари иштирокида коррупцияга қарши курашиш юзасидан “Коррупция – жамиятни емирувчи иллатдир” мавзусида ўтказилаётган профилактик тадбирнинг аҳамияти, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раёсатининг 2022 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судиниг одил судловни амалга ошириш борасидаги вазифалари тўғрисида”ги РС-03-22-сонли қарорига илова қилинган ҳаракатлар дастурининг 15-банди ижроси юзасидан ҳудудларда фуқароларнинг мурожаатлари юзасидан сайёр қабуллар ўтказилиши белгиланганлигини таъкидлаб, тадбирнинг мазмун-моҳиятини тушунтирди ва йиғилишда иштирок этаётган масъуллар билан ҳарбийларни яқиндан таништирди.
Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди судьяси А.Саттаров йиғилиш иштирокчилари эътиборига “Коррупция – жамиятни емирувчи иллатдир” мавзусида маъруза қилди. Тингланган маъруза бўйича тадбир иштирокчилари ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоблар олишди.
Шундан сўнг Нукус ҳарбий суди раиси С.Кушатов сўзга чиқиб, ҳарбий хизматчилар ҳамда Қуролли Кучлар ишчи хизматчилари томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар, уларнинг оқибати, келиб чиқиш сабаб ва шароитлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида нафақат Қуролли Кучларда, балки барча соҳаларда коррупцияга қарши кураш кенг кўламда олиб борилаётганлигини ва бирор бир ҳолат аниқланган тақдирда қонуний асосланган ҳолда қатъий чоралар курилаётганлигини таъкидлаб, қонунчилигимизда коррупцияга қандай жазолар қўлланилиши ҳақида ҳарбий хизматчилар тушунтиришлар берди.
Тадбир давомида иштирок этаётган ҳарбий хизматчилар ўзларини қийнаб келган муаммолари бўйича тегишли соҳа вакилларига мурожаат қилишди. Хусусан, шартнома асосидаги ҳарбий хизматчиси Фартиев Каримжон, мурожатида Нукус шаҳрида хизматини давом эттириш учун яқинда келганлигини, хозирда Нукус шаҳри 23 кичик тумандаги кўп қаватли хонадонларнинг бирида вақтинча яшаётганлигини, оила қарамоғида бўлган 3 ёшар фарзандини мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш масаласида ёрдам беришни сўраган. Бу мурожаат бўйича Қорақалпоғистон Республикаси мактабгача таълим вазирлиги маъсул ходими давлатимиз томонидан ҳарбий хизматчиларга нисбатан фарзандларини мактабгача таълим муассасаларига қўйишга берилган имтиёзлар бўйича тушунтиришлар берилди.
Шартнома асосидаги ҳарбий хизматчиси Мамадиёров Маъмуржон ўз мурожатида турмуш ўртоғини ишга жойлаштириш масаласида ёрдам беришни сўраган. Бу мурожаат бўйича Қорақалпоғистон Республикаси мактабгача таълим вазирлиги маъсул ходими томонидан Қорақалопғистон Республикасида мактабгача таълим муассасаларида 135 та бўш иш жойлари борлигини, турмуш ўртоғи тегишли ҳужжатларини ўзи билан билан бирга олиб келган ҳолда, ўз мутахассислиги бўйича мактабгача таълим муассасаларидан бирига ишга жойлашиши мумкинлиги тушунтирилди.
Санжар Кушатов,
Нукус ҳарбий суди раиси