“Суд ва ёшлар” учрашуви

Жамиятимиз ҳаётида аҳолининг, жумладан ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш фуқаролик жамиятига асосланган демократик давлатимизнинг асосий вазифаларидан бири.

Айни йўналишда Қорақалпоғистон Республикаси суди билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси юридик техникуми ўқувчилари учун 2021-2022 ўқув йилида судьялар ва суд ходимлари томонидан маҳорат дарслари, вебинарлар, семинар-тренинглар ва  бошқа ўқув тадбирларини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар режасига мувофиқ мунтазам “Суд ва ёшлар” учрашуви ўтказилиб келинмоқда. Бу галги учрашув доирасида техникумнинг 1-босқич ўқувчилари Қорақалпоғистон Республикаси судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан апелляция инстанциясида кўрилаётган бола тарбияси яъни фарзандни ўз тарбиясига олиш масаласидаги очиқ суд мажлисида иштирок этишди.
      

Ўқувчилар суд жараёни, суд риторикаси билан танишар экан, ўзларига жуда катта тассуротлар олишди. Суд мажлиси якунлангач, судьялар ёшлар билан мулоқот қилдилар. Қайд этилдики, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, уларда ватанга, қонунларга ҳурмат руҳини кучайтириш борасида кенг кўламли шароитлар ва имкониятлар яратиб берилган. Ёшларга кўрсатилаётган бундай юксак эътибордан самарали фойдаланган ҳолда илм ўрганиб, билим олишлари лозимлиги, ҳар хил зарарли иллатлардан йироқ юриш кераклиги, бўш вақтларидан унумли фойдаланиб китоб ўқиб, ватанимизга керакли кадр бўлиб етишишлари лозимлигини таъкидлаб ўтилди.

Учрашувда суд-ҳуқуқ тизимининг кечаси ва бугуни тўғрисида ҳам ёшларга маълумотлар берилди.

 

Еркин Ўтениязов,

Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси