Юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсларнинг банкротлиги
Юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсларнинг банкротлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш «Банкротлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан амалга оширилади.
Ушбу Қонуннинг 3-моддасига асосан, банкротлик (иқтисодий ночорлик) – иқтисодий суд томонидан эътироф этилган, қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини тўла ҳажмда қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини тўла ҳажмда бажаришга қодир эмаслиги ҳисобланади.
Қонуннинг талабларига мувофиқ, қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қаноатлантиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажаришга қодир эмаслиги: агар тегишли мажбуриятлар ва (ёки) тўлов мажбуриятлари юзага келган кундан эътиборан уч ой ичида қарздор томонидан бажарилмаган бўлса, қарздор шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхоналар томонидан эса — олти ой ичида бажарилмаган бўлса, бундан ташқари, агар қарздор юридик шахсга нисбатан жами талаблар базавий ҳисоблаш миқдорининг камида уч юз бараварини ташкил этса, қарздор шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхонага нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг камида беш минг бараварини ташкил этса, қарздор якка тартибдаги тадбиркорга ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсга нисбатан эса базавий ҳисоблаш миқдорининг камида йигирма бараварини ташкил этса, қарздорнинг банкротлик аломатлари ҳисобланади.
Юқорида назарда тутилган қоидалар банкротлик тўғрисидаги ишлар соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилаётганда қўлланилмайди.
Қонуннинг 5-моддаси биринчи қисмига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 23-моддаси биринчи қисми 3-бандига асосан, банкротлик тўғрисидаги иш иқтисодий суд томонидан кўриб чиқилади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 27-моддасига мувофиқ, банкротлик тўғрисидаги ишлар жумласига юридик шахсларни ҳамда юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва қонунда белгиланган тартибда якка тартибдаги тадбиркор мақомини олган фуқароларни банкрот деб топиш тўғрисидаги ишлар киради.
Қонуннинг талабларига мувофиқ, пул мажбуриятларини бажармаганлиги натижасида қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан иқтисодий судга мурожаат этиш ҳуқуқига қарздор, кредитор ва прокурор эга. Мажбурий тўловлар мажбуриятини бажармаганлиги натижасида қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан иқтисодий судга мурожаат этиш ҳуқуқига қарздор, прокурор, давлат солиқ хизмати органлари ва бошқа ваколатли органлар эга.
Қонуннинг 28-моддасида қарздор юридик шахснинг банкротлиги тўғрисидаги иш кўрилаётганда қуйидаги таомиллар қўлланилади: кузатув; суд санацияси; ташқи бошқарув; тугатишга доир иш юритиш. Қарздор якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахснинг банкротлиги тўғрисидаги иш кўрилаётганда тугатишга доир иш юритиш таомили қўлланилади.
Бундан ташқари ушбу Қонунда судгача санация қилиш ёки қарздорни ихтиёрий равишда тугатиш (фаолиятини тугатиш) суддан ташқари бажариладиган таомиллар бўлиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.
Қонуннинг талабларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 210-моддасига мувофиқ, юридик шахсларнинг ва фуқароларнинг банкротлиги тўғрисидаги ишлар ушбу Иқтисодий процессуал кодексда назарда тутилган қоидалар бўйича, қонун ҳужжатларида белгиланган хусусиятларни эътиборга олган ҳолда иқтисодий суд томонидан кўриб чиқилади.
Уткиржон Сабиров
Қорақалпоғистон Республикаси судининг
иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьяси