8 000 000 сўм асосий қарз ундирилди

“А” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) билан “Т” хусусий корхонаси (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)  ўртасида 2017 йил 01 июнда 9/К-II-сонли хизмат кўрсатиш шартнома имзоланган.

Даъвогар томонидан шартномада назарда тутилган мажбурият бажарилиб, 2017 йил 01 июнь кунги 9/К-II-сонли шартнама, 2017 йил 31 августдаги 18/П-сонли ҳисоб-варақ фактурасига асосан даъвогар томонидан жавобгарга жами 16 000 000 сўмлик хизматлар кўрсатилган. Кўрсатилган хизматлар жавобгар томонидан қабул қилиб олиниб, кўрсатилган хизматлар учун фақат 8 000 000 сӯм тўлаб берилган. Натижада жавобгарнинг даъвогар олдида 8 000 000 сўм қарздорлиги вужудга келган ва тўланмаган..

Шу боис, даъвогар жавобгардан 8 000 000 сўм асосий қарзини ундириш тўғрисида даъво ариза билан судга мурожаат қилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 234-моддасига асосан, мажбуриятлар – шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқиши назарда тутилган. Мазкур ҳолда мажбуриятлар ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасидан келиб чиққан.

Фуқаролик кодексининг 703-моддасига кўра, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси бўйича ижрочи буюртмачининг топшириғи билан ашёвий шаклда бўлмаган хизматни бажариш (муайян ҳаракатларни қилиш ёки муайян фаолиятни амалга ошириш), буюртмачи эса бу хизмат учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади.

Фуқаролик кодексининг 236-моддасига асосан, мажбуриятлар шартнома шартлари ва қонунчилик талабларига мувофиқ лозим даражада бажарилиши лозим.

Қайд қилинган ҳолатлар ва қонун талабларидан келиб чиқиб, суднинг 2021 йил        06 июль кунги ҳал қилув қарори билан жавобгар “Т” хусусий корхонасидан даъвогар “А” масъулияти чекланган жамияти фойдасига 8 000 000 сўм асосий қарз ундирилган.

Спартак Ниязов

Қорақалпоғистон Республикаси судининг

иқтисодий ишлар бўйича судьяси