ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРДА ДАВЛАТ БОЖИГА ОИД ЭЪТИБОРЛИ ЖИҲАТЛАР

Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 112-моддасига асосан, суд харажатлари давлат божидан ва ишни кўриш билан боғлиқ суд чиқимларидан иборат бўлади.

Давлат божи тушунчаси, уни тўлаш асослари ва тартиби, уни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш, тўлашдан озод қилиш, уни қайтариш тартиблари ва давлат божи ставкалари (миқдорлари) ҳақида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунида белгилаб қўйилган.

Шунингдек, иқтисодий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиётида мавжуд камчиликларни бартараф қилиш, судлар томонидан мазкур масалага доир қонун ҳужжатлари тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида 2020 йил 19 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Иқтисодий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида”ги 36-сонли қарори (бундан буён матнда Пленум қарори деб юритилади) қабул қилинди.

Ушбу қарорда тушунтириш берилган айрим муҳим нормаларга тўхталиб ўтадиган бўлсак, агар даъвогар ИПКнинг 157-моддасига асосан даъво талабларининг миқдорини кўпайтириш тўғрисида ариза билан мурожаат қилмоқчи бўлса, ундан ушбу суммага мутаносиб равишда давлат божи ундирилиши назарда тутилган.

Шунингдек, амалдаги давлат божи ставкаларига биноан ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосига кўра ишдаги ҳужжатлардан кўчирма нусхалар берганлик учун ҳужжатнинг ҳар бир бети учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 фоизи миқдорида давлат божи ундирилиши белгиланган. Мазкур Пленум қарорига асосан эса, иш ҳужжатларидан фотонусха кўчирганлик учун давлат божи ундирилмаслиги мустаҳкамланиб қўйилди.

Пленум қарорининг 5-бандида тушунтириш берилишича, давлат божи ва почта харажати нақд пулсиз шаклда тўланганлиги факти банкнинг тўлов қабул қилинганлиги тўғрисидаги белгиси бўлган тўлов топшириқномаси билан тасдиқланиши шарт.

Давлат божи ва почта харажати нақд пул шаклида тўланганлиги факти банк томонидан тўловчига бериладиган белгиланган шаклдаги квитанция билан тасдиқланиши керак.

Эътиборлиси шундаки, ушбу банд талабларига риоя қилмаслик, даъво аризаси (ариза ва шикоят)нинг ИПК тегишли моддаларига асосан қайтарилишига асос бўлиб хизмат қилади.

Шу билан бирга, Пленум қарорининг 17-бандида давлат божи тўлашдан озод қилинган давлат органлари ҳамда бошқа шахслар юридик шахслар ва фуқароларнинг манфаатида киритган даъво аризалари (аризалар) кўрмасдан қолдирилганда ёки иш юритиш тугатилганда давлат божи манфаати кўзланиб даъво киритилган даъвогарлардан ундирилиши, бунда “Давлат божи тўғрисида”ги Қонуннинг 18-моддасига кўра, даъво кўрмасдан қолдирилган ёки иш юритиш тугатилган ҳоллар мустасно эканлиги ҳақида тушунтириш берилган бўлиб, бу ўз навбатида амалиётда учраётган бундай муаммоларнинг ҳал этилишига катта хизмат қилади деб ҳисоблаймиз.

Яна бир муҳим тушунтиришлардан бири бу – даъвогар (аризачи) арз қилган талабларидан воз кечганда у қилган харажатларнинг ўрни жавобгар томонидан қопланмайди. Лекин, давлат божини тўлашдан озод қилинган даъвогар (аризачи) ўз талабларидан улар жавобгар томонидан ихтиёрий равишда тўлиқ ёки қисман қаноатлантирилганлиги оқибатида воз кечганлиги сабабли иш юритиш тугатилган ҳолда, давлат божи жавобгардан давлат даромадига ундирилади.

Бундан ташқари, суд харажатларига оид муҳим ўзгаришлардан бири Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 август кунги “Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги ПФ-6279-сонли Фармонига биноан вужудга келади.

Чунки, 2021 йилнинг 1 сентябридан бошлаб базавий ҳисоблаш миқдори амалдаги 245 000 сўмдан 270 000 сўмга оширилди.

Бу ўз навбатида, иқтисодий судларга киритиладиган даъво ариза, ариза ва шикоятлар учун тўланадиган давлат божи ва почта харажатларининг миқдорларига таъсир қилади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, давлат божи ва почта харажатларининг белгиланган тартибда ва миқдорда тўланиши манфаатдор шахсларнинг қимматли вақтларининг тежалишига, ортиқча қоғозбозлик ва чиқимларга йўл қўйилмаслигига, шунингдек, бузилган қонуний манфаатларининг ўз вақтида тикланишига хизмат қилади деб ҳисоблаймиз.

 

Қўнғирот туманлараро

иқтисодий судининг раиси                                      Алишер Аяпов