Ӯзбекистон Республикасининг «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тӯғрисида»ги қонунининг мазмун моҳияти

Ӯзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидлаганларидек,     «…Давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг ӯрни ва мавқеини янада мустахкамлаш – ислоҳотларимизнинг энг устувор йӯналишларидан биридир.».

Кейинги тӯрт йилда давлатимизда аёлларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш мақсадида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда ва кӯплаб қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

Жумладан, Ӯзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 17 августда Ӯзбекистон Республикасининг «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тӯғрисида»ги қонуни қабул қилинди ва қонун Ӯзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан 2019 йил 23 августда маъқулланди.

Қонунда унинг асосий мақсади, асосий тушунчалар, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлашнинг асосий принциплари, жинс бўйича камситишга йўл қўймаслик, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш кафолатлари, гендер-ҳуқуқий экспертиза ва гендер статистикасини шакллантириш тартиби белгиланган.

Ушбу Қонуннинг мақсади хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари  ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

Шунингдек, қонунда гендер сиёсати амалга оширилишини таъминлашга доир вақтинчалик махсус чоралар, гендер, гендер статистикаси,  гендер-ҳуқуқий экспертиза,  жинс бўйича бевосита камситиш ва жинс бўйича билвосита камситиш каби асосий тушунчаларга тушунтиришлар берилган.

Шу ӯринда «гендер нима?» – деган савол туғилиши табиий.

Гендер бу – хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги муносабатларнинг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, мафкура ва маданият, таълим ҳамда илм-фан соҳаларида намоён бўладиган ижтимоий жиҳати ҳисобланади.

   Гендер статистикаси бӯлса – давлат статистикасининг жамият ҳаёти  ва фаолиятининг барча соҳаларида хотин-қизлар ва эркакларнинг  ҳолати тўғрисида ҳар бир жинс бўйича алоҳида кўрсатилган маълумотларни ўз ичига олган, ҳар хил жинсдаги шахсларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларидаги тегишли ҳолатини акс эттирадиган, гендер муаммоларини ва жамиятдаги муносабатларни ёритадиган  қисмидир.

Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлашнинг асосий принциплари қонунийлик, демократизм, хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги, жинс бўйича камситишга йўл қўйилмаслиги ва очиқлик ва шаффофликдан иборат.

Давлат хотин-қизлар ва эркакларга шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни амалга ошириш чоғида тенг ҳуқуқлиликни кафолатлайди, шунингдек хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, сайлов жараёнида тенг иштирок этишни, соғлиқни сақлаш, таълим, фан, маданият, меҳнат ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида, шунингдек давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар таъминланишини кафолатлайди.

Хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида ҳақиқий тенгликка эришиш, жамият ҳаётининг барча соҳаларида уларнинг иштирокини кенгайтириш, жинс бўйича бевосита ва билвосита камситишни бартараф этиш ҳамда уларнинг олдини олиш мақсадида давлат томонидан гендер сиёсати амалга оширилишини таъминлашга доир вақтинчалик махсус чоралар кўрилади.

Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари  бӯлса, мазкур соҳадаги норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш ва такомиллаштириш,  давлат дастурларини, миллий ҳаракатлар режаларини ва стратегияларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар маданиятини шакллантириш, жамият ва давлат ишларини бошқаришда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг иштирок этишини таъминлаш, меҳнатга оид ва оилавий мажбуриятларни бирга бажаришда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш, оилани, болаликни ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш, масъулиятли оналик ва оталикни шакллантириш, жинс бўйича бевосита ва билвосита камситишга қаратилган ахборотдан жамиятни ҳимоя қилиш, мазкур соҳадаги давлат дастурларини, миллий ҳаракатлар режаларини ва стратегияларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишга фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини, нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини жалб этиш, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга доир чора-тадбирларни Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштириш, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эришиш мақсадида миллий, минтақавий ва халқаро даражаларда самарали ҳамкорликни ривожлантиришдан иборатдир.

         Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда гендер тенглиги масаласи давлат сиёсатининг устувор йӯналишига айланди. Хабаримиз бор, мамлакатимиз парламентининг ҳар иккала палатасида бевосита ҳотин-қизлар масалалари билан шуғулланувчи кӯмиталар фаолит юритмоқда ва қонунда белгиланганидек республикамизда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, шунингдек давлат органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида амалга оширилади.

Гендер тенгликни таъминлаш ҳақида сӯз юритар эканман,  одил судловни амалга оширишда ҳам аёл судьялар ӯзларининг муносиб ҳиссаларини қӯшиб келаётганлиги ва судьялар орасида гендер тенгликни таъминлаш юзасидан эътиборга лойиқ чоралар амалга  оширилаётганлиги тӯғрисида ҳам тӯхтаб ӯтишни лозим деб топдим.

Ӯзбекистон Республикаси Президенти хузурида 2020 йил 30 июнда ӯтказилган одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам давлатимиз раҳбари «ҳозирги куни фаолият юритаётган судьяларнинг        14 фоизини аёллар ташкил этишини инобатга олиб, бу борада гендер тенгликка эътибор қаратишимиз зарур» деб таъкидлаб ӯтган эди.

Ушбу йиғилишда белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида 2020 йил ноябрь ойида Ӯзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Т.Нарбаева ва Қорақалпоғистон Республикаси Жӯқорғи Кенгеси раиси М.Камаловлар томонидан «Қорақалпоғистон Республикасида жиноятларни жиловлаш, жиноятчилик профилактикасини янада такомиллаштириш, одил судловни таъминлаш ва коррупциядан холи худудга айлантириш бӯйича» Йӯл харитаси ишлаб чиқилди ва ушуб Йӯл хаританинг 4-бӯлимида судьялар орасида гендер тенгликни таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.

Хулоса қилиб айтганда, аёлларнинг жамият тараққиётида муносиб ӯрни бор ва мавқеини мустаҳкамлаш асосий вазифаларимиз бӯлиб, бу соҳада ишлар изчил давом этади.

 

 

Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси, Зулфия Бабаджанова