ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ – ЕР МУНОСАБАТЛАРИДА АДОЛАТ МЕЗОНИ

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, ўзбошимчалик билан ер эгаллаш ва ноқонуний қурилишларнинг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий механизмлар янада такомиллаштирилди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 60-моддаси ер тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун маъмурий жавобгарликни белгилайди.

Жиноят ишлари бўйича Тўрткўл туман суди амалиётида кўрилган ишлардан бири мазкур норманинг ҳаётда қандай қўлланилишини яққол намоён қилди.

Иш материалларига кўра, фуқаро Ш.Б тегишли ер ажратиш ҳужжатларисиз 1500 квадрат метр ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб, унда 348 квадрат метрли турар жой қурган ва ундан фойдаланиб келган. Ушбу ҳолат давлат ер назорати тадбирлари жараёнида аниқланиб, тегишли далолатномалар, фотоиловалар ҳамда бошқа ҳужжатлар билан тасдиқланган.

Шу муносабат билан ваколатли орган томонидан ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси учинчи қисмига мувофиқ маъмурий жарима қўлланилган.

Фуқаро ушбу қарордан норози бўлиб, судга мурожаат қилди. У ўзининг пенсияда эканлиги, оиласининг оғир ижтимоий аҳволи, фарзандларининг вақтинча ишсизлиги ҳамда келини ногиронлиги сабабли жарима миқдорини камайтириш ёки қарорни бекор қилишни сўради.

Суд муҳокамаси давомида ҳуқуқбузар ўз ҳаракатларини инкор этмади. Аксинча, қурилиш учун зарур ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатларга эга эмаслигини тан олди. Шу билан бирга, судга мурожаат қилинган вақтга қадар ноқонуний қурилган объект бузилмагани ва ер участкасининг аввалги ҳолати тикланмагани ҳам аниқланди.

Суд иш материалларини ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона таҳлил қилди. Давлат ер назорати ҳужжатлари, ҳуқуқбузарнинг тушунтиришлари ҳамда бошқа далиллар унинг ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик таркиби мавжудлигини тўлиқ тасдиқлади.

Муҳими, суд қарор қабул қилишда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 31 ва 33-моддалари талабларини ҳам инобатга олди. Ушбу нормаларга кўра, айрим ҳолларда жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатлар мавжуд бўлса, суд енгилроқ жазо тайинлаши мумкин.

Бироқ мазкур ишда ҳуқуқбузар ноқонуний қурилишни бартараф этмаган, ерни қонун талабларига мувофиқ ҳолатга келтирмаган ва ҳуқуқбузарлик оқибатларини тугатиш бўйича амалий чоралар кўрмаган. Шу боис фақатгина моддий аҳволнинг оғирлиги жазони енгиллаштириш учун етарли ҳуқуқий асос бўла олмайди.

Суд қонун устуворлиги, барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги ва ер муносабатларида белгиланган тартибга қатъий риоя қилиниши тамойилларидан келиб чиққан ҳолда ваколатли орган қарори қонуний ва асосли эканлигини эътироф этди ҳамда шикоятни қаноатлантирмасдан қолдирди.

Мазкур суд амалиёти бир муҳим ҳақиқатни англатади: ижтимоий ёки моддий аҳвол, албатта, суд томонидан эътиборга олинади. Бироқ ҳуқуқбузарлик оқибатлари бартараф этилмаган ва қонун талаблари бажарилмаган ҳолларда бу ҳолатлар жавобгарликдан озод қилиш ёки жазони бекор қилиш учун мустақил ҳуқуқий асос бўла олмайди.

Қонунга ҳурмат, ер муносабатларида белгиланган тартибга риоя қилиш ва давлатнинг ер сиёсатига масъулият билан ёндашиш ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Ана шу тамойилларга амал қилиш орқали қонун устуворлиги таъминланади, жамиятда ҳуқуқий маданият юксалади ва адолат қарор топади.

Бауржан Сабуров,
Жиноят ишлари бўйича Тўрткўл туман судининг тергов судьяси